“Яшил майдон маликалари”
Сўнгги йилларда юртимиз хотин-қизлари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, хусусан, мамлакатимизда аёллар футболини янада оммалаштириш, ҳаваскор спортчиларнинг тажриба ва маҳоратини ошириш мақсадида «миллионлар ўйини» бўйича қатор мусобақалар ўтказилмоқда.
Ана шундай нуфузли турнирлардан бири Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон футбол федерацияси ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ўтказилди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг қуйи босқичларида жами мингдан зиёд ҳаваскор футболчи қизлар ўз омадини синаб кўрди.
«Яшил майдон маликалари» дея номланган турнирнинг республика босқичида эса ўз минтақаларида ғолибликни қўлга киритган энг кучли тўрт жамоа бош сов¬рин учун майдонга тушди.
Дастлабки ярим финал учрашувида Тошкент вилояти жамоаси Қашқадарё вилояти вакиллари билан куч синашиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва финалга чиқди. Учрашувдан олдин мутахассислар қашқадар¬ёлик қизларнинг имкониятини юқори баҳолаганди. Бироқ якуний ҳисоб башоратлар доим ҳам ўзини оқлайвермаслигини кўрсатди.
Иккинчи жуфтликда эса Фарғона вилояти жамоаси Хоразм вилояти жамоасини синовдан ўтказди. Муросасиз руҳда ўтган учрашувнинг асосий таймларида ҳисоб очилмагач, пенальтилар сериясига навбат берилди. Унда водийлик қизларнинг қўли баланд келди — 3:1.
Аввалига Ўзбекистон футбол федерациясининг «Чиғатой»даги терма жамоалар базаси стадионида 3-ўрин учун ўйин ташкил этилди. Унда Гўзал Муҳитдинова шогирдлари — Қашқадарё вилояти жамоаси Хуршида Агаева урган ягона гол эвазига ғалаба қозониб, бронза медаль соҳибалари бўлди.
Финал матчи эса «Жар» стадионида бўлиб ўтди. Минглаб томошабинлар кўз ўнгида Тошкент вилояти ва Фарғона вилояти жамоалари бош соврин учун тўп тепди. Қизғин лавҳаларга бой бўлган ҳал қилувчи ўйинда Тошкент вилояти қизлари 2:0 ҳисобида зафар қучди. Айтиш керакки, икки голга ҳам Мавлуда Комилжонова муаллифлик қилди. Шу тариқа Тошкент вилояти вакиллари «Яшил майдон маликалари-2015»нинг олтин медаллари ҳамда кубоги билан тақдирланди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири