«Чемпионнинг биринчи муаллими»
деган номга муносиб бўлиш шарафли
Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида спортга, шу қатори олимпиада ва жаҳон чемпионларини тарбиялашга улкан эътибор қаратилмоқда. Шундай экан, бир чемпионнинг вояга етиши учун қанча меҳнат, машаққат ва ғайрат талаб этилади?
Спортчилар ўртасида рақобат ғоятда кучайган даврда ҳам ўз юрти ва миллати шаъни учун майдонга чиқиб, ватанининг байроғи юксакда ҳилпираб, мадҳияси баралла жаранглашига эришаётган музаффар спортчиларнинг униб-ўсиши учун қулай шароит, улкан имкониятлар, тажрибали мураббийлар кўмаги ва соғлом оилавий муҳит каби омиллардан ташқари, яна бир тоифа инсонларнинг ҳам хизмати сингади.
Бу — спортчига ҳарф танитган, тафаккур оламига олиб кирган, тартиб-интизомга ўргатган илк устози — бошланғич синф ўқитувчисининг меҳнати. Қизиқ-да, машҳур бир спортчимизга «Илк устозингиз ким?» деб савол берганимда, у спорт соҳасидаги мураббийининг исмини айтганди. Кейин унга саволим мазмунини тушунтириб, спорт сирларини эмас, балки ҳарф танитган ўқитувчисини сўраётганимни айтганимда, очиғи, эслолмаган.
Йўқ, биринчи ўқитувчини унутиб бўлмайди. Чунки мактаб ва ўқувчилик даври ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, спортчи учун ҳам мактабдаги таълимнинг ўрни беқиёс.
Шу маънода, жонажон мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик қутлуғ санаси муносабати билан Президентимиз фармонига биноан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланган иқтидорли таэквондочи Жасур Бойқўзиевнинг қўлига қалам тутқазиб, ёзув-чизувни ўргатган, қалбига илк маърифат нурини, қатъият муҳрини босган биринчи муаллими Бувинисо опа Мадарова билан суҳбатлашдик. Қани, Бувинисо опа чемпион ҳақида нималарни эслай оларкан?
— Бувинисо опа, аввало, яқинлашиб келаётган касб байрамингиз би¬лан табриклаймиз. Доимо шогирдларингиз ва яқинларингиз ардоғида юринг. Эл-юрт хизматидан чарчаманг.
— Ташаккур.
— Суҳбат бошида ўзингиз ва ўқитувчилик фаолиятингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз?
— 1951 йили Ангрен шаҳрида зиёлилар оиласида туғилганман. Ёшлигимдан ўқитувчи бўламан, дердим. Устозларимга ҳавас қилиб юрардим. Ниятим холис экан, 1967 йили мактабни тамомлаб, педагогика билим юртида таълим олдим ва 1971 йилдан бошлаб шаҳримиздаги 13-умумий ўрта таълим мактабида ишлай бошладим. Муаллимлик фаолиятим бошидаёқ ота-оналарнинг ишончини оқлаган бўлсам-да, 1980 йили Ангрендаги педагогика институтига ўқишга кириб, тил ва адабиёт ўқитувчиси мутахассислиги бўйича олий маълумотли бўлиш учун таҳсил олдим. 30 йиллик педагогик фаолиятим давомида Ангрендаги 5-, 6-, 13- ва 15-мактабларда ишладим, юзлаб ўғил-қизларга ёзув-чизув билан бирга, тартиб-интизомни, муомала одобини ўргатдим. 2001 йилдан буён нафақадаман. Аммо дам олай деб, бир четга чиқиб олганим йўқ. Ҳали ҳам одамлар орасидаман, уларнинг яхши кунларида биргаман...
— Оилангиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз. Ахир зиёлиси бор уй бамисоли қуёш каби бутун маҳаллани, жамиятни ёритиб туради.
— 1974 йили турмушга чиққанман. Умр йўлдошим Абдуллажон ака ҳайдовчи бўлса-да, жуда зиёли инсон. Бугун улар ҳам нафақада. Қирқ йилдан ошиқроқ биргамиз. Шукрки, бу орада 2 ўғил ва 3 қизимизни тарбиялаб, уй-жойли, касбу корли қилдик. Учинчи қизим Тошкент молия институтини тамомлаб, айни кез нуфузли банкларимиздан бирида ишлаяпти. Қолган қизларим эса менинг изимдан бориб, ўқитувчи бўлган. Ўғилларим ҳам олий маълумотли. 15 нафар неварам бор. Энг катта набирам Навбаҳор бундан уч йил олдин Тошкент давлат техника университетига давлат гранти асосида ўқишга кирди. Яна бир қувончли хабар, куни кеча муайтай бўйича Ангрен шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон биринчилигида 10 ёшли набирам Камронбек Абдусаматов олтин медаль билан тақдирланди.
— Бугун ўз вазн тоифасида жаҳон рейтингини бошқараётган таэквондо устаси Жасур Бойқўзиевга ҳам сиз ёзувчизувни ўргатгансиз. Айтинг-чи, у қандай ўқувчи бўлган?
— Жасурнинг бугунги муваффақиятларини кўриб, эшитганимда, шубҳасиз чемпион бўлишига ишонардим. Чунки унинг 13-умумий ўрта таълим мактабига келган илк пайтини ҳали ҳам кечагидек эслайман. Адашмасам, 1993 йили 1-синфга келган. Уни тўртинчи синфга қадар ўқитганман. Қанча шўх ва ўйинқароқ бўлмасин, тиришқоқ ва масъулиятли бола эди. Танаффус пайтида тўполоннинг бошида турар, аммо дарсларда фаол эди. Мактабда ўтказиладиган турли тадбирларда саҳнага чиқиб, ўзини кўрсатишни, ҳамманинг эътиборида бўлишни ёқтирарди. Дарвоқе, унинг ўқувчилик йилларидаги суратларини кузатиб ўтириб бир расмини топиб олдим. Жасурга «Алифбе» байрамида «Ш» ҳарфи тушган экан. Балки у шўх бўлгани учун «ш» ҳарфини бергандирман(кулади). Футбол, баскетбол, кураш деса, у биринчи бўлиб қўл кўтарарди. Очиғи, Жасур жуда аълочи бўлмаса-да, унинг зийраклиги, одамлар билан киришимлилигига, айниқса, жисмоний тарбия фанидаги фаоллигига аълочи синфдошларининг ҳам ҳаваси келарди.
— Юқоридаги саволимнинг давоми десам ҳам бўлади. Ўқитувчиларнинг узоқни кўра олиш қобилияти бўлади, дейишади. Қолаверса, «бола бошидан маълум» деган гап ҳам бор. Жасурнинг шундай чемпион спортчи бўлишини ўша пайтларда сезганмисиз?
— Агар бирдан «сезганман» десам, кимдир «Ҳа, энди ҳосилга кирган боғнинг эгаси кўпаяди-да» дейиши мумкин. Йўқ, Жасурнинг вақти келиб, яхши маънода бир жойдан «ёриб» чиқишига мендан бошқалар ҳам ишонарди. Чунки унинг интилишлари, ҳаракатлариёқ келажакда кўзга кўринадиган, жамиятимизга фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишишига ишора қилиб турарди. Дарсимда баъзан «Ура, ҳозир жисмоний тарбия дарси бўлади» деб юборарди. Ғимир-ғимир қилиб юрар, ҳеч тинч ўтирганини билмайман. Танаффус пайтида унинг ўзидан катталар билан гаплашаётганини кўп кўрардим. Тенгдошлари ёки кичик ёшдаги болалар билан суҳбатлашаётганини кам учратардим. Гапирганда чайналмай, лўнда ва рост сўзларди. Турли баҳоналар тўқишни ёқтирмасди. Лекин сумкасида китоб-дафтар, ўқув қуроллари доим шай эди, ораста кийинар, тартибли бола эди. Қисқаси, Жасур ўшанда ҳам исми жисмига монанд бола эди.
(Бувинисо опа шу тобда Жасур Бойқўзиевнинг спортчилик фаолияти, эришган ютуқлари ҳақида сўзлай бошлади. Тўғриси, бунисини кутмагандим. Устоз ўз ўқувчисининг мухлиси ҳам экан. Ахир Жасур таэквондонинг WТF йўналишида шуғулланишию, 87 кг.гача бўлган вазнда даянга чиқиши, илк совринни 2012 йили Германияда қўлга киритгани, ўтган йили Инчеон шаҳрида кечган Осиё ўйинларида ғолиб бўлгани, бу йил Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медаль олгани, келаси йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган ёзги олимпиада йўлланмаси учун астойдил ҳаракат қилаётгани ва мустақиллик арафасида фахрий унвон олгани тўғрисида биринчи муаллимнинг сўзлаб бериши, очиғи, ҳайратимни оширди. Демак, ўқувчилар катта ҳаётга қадам қўйгач, муаллимларини унутиши мумкин, аммо устозлар ўз шогирд¬ларини доимо кузатиб боради.)
— Жасур билан боғлиқ бирор воқеани эслай оласизми?
— Жуда шўх бўлгани учун у билан боғлиқ воқеалар кўп бўларди. Энди, ҳаммасини ҳам эслолмайман-ку, лекин бир ҳолат ҳалиям кўз олдимда туради. Ўшанда Жасур 3 ёки 4-синф¬да ўқирди. Биринчи соат дарсда қатнашиб, 5 дақиқалик танаффусга чиқиб, хонага қайтмади. Ўз ишимга масъулиятли бўлганим учун дарсимда ўқувчилар юз фоиз қатнашиши шарт, деб ҳисоблардим ва шунга эришардим ҳам. Жасурнинг ушбу қоидани бузгани жаҳлимни чиқарди. Синфдошларидан сўрасам, билмайди, ўқитувчилардан сўрасам, кўрмадик, дейди. Ҳатто ота-онасига ҳам қўнғироқ қилганман, улар ҳайрон. Эртаси куни жисмоний тарбия ўқитувчиси Мавлудахон билан келиб қолди. Бир уришиб қўяй, деб важоҳат билан тургандим, йўқ, қўлидаги кубок ва юзидаги хурсандчилик ифодасини кўриб, кўнглим бўшади, бошидан силаб, бағримга босиб табрикладим. Маълум бўлишича, у футбол мусобақасида қатнашиб, 1-ўринни олибди. Лекин «Мусобақаларга борсанг, майли, бор, фақат жавоб сўраб бор. Мусобақада ютқазиб қўйсанг, дарсимга кирмайсан», дедим. Ўзимча ўйлайман, мана шундай яхши даккилар, воқеалар ҳам Жасур каби ёшларнинг мақсадлари қатъийлашишига, ўз йўлини аниқ белгилаб олишига оз бўлса ҳам туртки бўлади. Биринчи муаллим — барибир биринчи-да. Мен шундай чемпионнинг илк ўқитувчиси эканимдан фахрланаман.
Бувинисо опа билан суҳбатлашар эканман, унинг тимсолида бағрикенг, ўз касбидан барака топган чинакам бахтиёр инсонни кўргандек бўлдим. Ҳар бир сўзида шукрона айтиб, бугунги дориломон кунлар тафтидан баҳра олиб, кексалик гаштини сураётган самимий муаллимга ҳавасим келди. Жасур Бойқўзиевнинг спорт ва ҳаётдаги муваффақиятларида Бувинисо Мадарованинг каттагина ҳиссаси борлигига амин бўлдим.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири