Полвонимиз Гран-при ғолиби
Пойтахтимизда давом этаётган Халқаро дзюдо федерацияси Гран-при туркумига кирувчи халқаро турнирда терма жамоамиз аъзолари биттадан олтин, кумуш ва иккита бронза медални қўлга киритди.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бу йил учинчи бор ташкил этилаётган Гран-при мусобақасида дунёнинг 52 давлатидан 355 нафар энг кучли спортчи совринли ўринлар ва 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи рейтинг очколари учун курашмоқда.
Мусобақанинг биринчи куни 60 килограммгача бўлган вазнда мамлакатимиз шарафини дзюдочиларимиздан Шарофиддин Лутфуллаев ва Диёрбек Ўрозбоев ҳимоя қилди. Шарофиддин Лутфуллаев финалгача бўлган баҳсларда барча рақибларини мағлубиятга учратди. Ҳал қилувчи баҳсда япониялик Юма Ошимага имкониятни бой бериб, кумуш медал билан чекланди. Диёрбек Ўрозбоев ҳам турнирни муваффақиятли ўтказиб, бронза медалга эгалик қилди.
Кечаги баҳсларда яна бир истеъдодли полвонимиз Мирали Шарипов вазни 73 килограммгача бўлган дзюдочилар ўртасидаги беллашувларда барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Гран-при турнирининг олтин медалини қўлга киритди. Ҳамюртимиз беларуслик Вадим Шока, Жанубий Корея вакили Жу Жин Ким, германиялик Игорь Вандтке, ярим финалда КХДР вакили Кук Хён Хонг, ҳал қилувчи баҳсда португалиялик Нуно Сараива устидан ғалаба қозониб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Ғолиб спортчимиз шарафига байроғимиз кўтарилиб, мадҳиямиз янгради.
Ушбу вазн тоифасидаги беллашувларда иштирок этган яна бир ҳамюртимиз Ғиёсжон Бобоев бронза медал учун кечган беллашувда германиялик Игорь Вандткени мағлубиятга учратиб, учинчи ўринни эгаллади.
Иккинчи кунги натижаларга кўра терма жамоамиз ҳисобида 1 олтин, 1 кумуш ва 2 бронза медали мавжуд бўлиб, ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида дзюдо ватани вакиллари японияликлардан кейин иккинчи ўринда боришмоқда.
Мусобақалар давом этмоқда.
Шерали НАМОЗОВ