«Насаф» — мамлакат кубоги соҳиби
Футбол бўйича Жиззах шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон кубоги финалида Қаршининг «Насаф» жамоаси ҳамда Тошкентнинг «Бунёдкор» клублари ўзаро куч синашди.
Бешинчи маротаба финалгача етиб келган қаршиликларнинг кубокни олиб кетишга жиддий даъвогарлик қилаётганини учрашувнинг илк дақиқалариданоқ ҳужумга киришиб кетганидан билиш мумкин эди.
Тўлалигича «Насаф» клуби вакиллари устунлигида ўтган учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Бунга аксарият ҳолларда шу куни «қалдирғочлар» дарвозасини маҳорат билан қўриқлаган Муроджон Зуҳуров тўсқинлик қилган бўлса, баъзан шиддатли ёмғир туфайли майдонда юзага келган ноқулай шароит рақиб зарбаларининг ноаниқ чиқишига сабаб бўлди.
Шунга қарамай, пойтахтликлар дарвозаси олдида иккинчи таймда ҳам тинимсиз ҳужумлар, хавфли вазиятлар давом этди. Бу эса жамоа аъзоларини асабийлаштирди. Учрашувнинг 64-дақиқасида «Бунёдкор» клуби вакили А.Комилов иккинчи марта сариқ карточка олиб, ўйиндан четлаштирилди. Қаршиликлар сон устунлигини 71-дақиқада сифат устунлиги билан уйғунлаштирди: ФИФА ҳаками Равшан Эрматов кўрсатган жарима нуқтасидан «Насаф» етакчиси Артур Геворкян унумли фойдаланиб, ҳисобни очди. Шунча вақт жамоаси жонига ора кирган Муроджон Зуҳуров жаримадан йўлланган зарбани фақат томоша қилишга улгурди, холос.
Орадан тўрт дақиқа ўтиб, қаршиликларнинг бурчакдан уюштирган ҳужуми ҳам гол билан тугади. Бу сафар «Бунёдкор» дарвозасини Шерзод Аъзамов аниқ нишонга олди. Энг қизиғи, айнан Шерзоднинг ўзи 82-дақиқада иккинчи голини ҳам уришга муваффақ бўлди, бироқ бунисини ўз дарвозасига йўллаб, ҳисобнинг 2:1 бўлишини таъминлади.
Айнан шу қалтис ҳисоб учрашувнинг сўнгги сонияларигача мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турди. Ҳимоя ва ҳужум чизиқларида тартибли ўйнаган «Насаф» Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди.
Зоҳиджон ХОЛОВ