Соҳир наволар
Мамлакатимизда илк бора «Истеъдод» халқаро танлови ўтказилмоқда
Инсон қайси манзилга кетаётганини билмаса, унинг елканига ҳеч бир шамол дуч келмайди, дейишади. Бугун юртимизда ташкил этилаётган кўплаб кўрик-танловлар, нуфузли халқаро мусиқа анжуманлари замирида истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий олами ва маданий савиясини юксалтириш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, таъбир жоиз бўлса, “елканига шамол бўлиш”дек улкан мақсад бор.
Ижод ва имконият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009—2014 йилларга мўлжалланган давлат дастури тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида мамлакатимизда илк бора академик чолғулар, эстрада ва анъанавий ижрочилик бўйича “Истеъдод” халқаро танлови ўтказилмоқда.
В.А.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида танловнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб камол топиши кўп жиҳатдан мусиқа санъатига боғлиқ эканини таъкидлаб, юртимизда мусиқий таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталди.
Таъкидланганидек, юртимизнинг аҳоли зич ҳамда умумтаълим мактаблари яқин жойлашган ҳудудларида 283та болалар мусиқа ва санъат мактабида қурилиш-тиклаш ишлари бажарилди. Яъни, 138та мактаб барпо этилиб, 145таси реконструкция қилинди ва таъмирланди. Уларнинг барчаси ўқув-тарбия жараёнини сифат ва мазмун жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида 137 миллиард сўмлик замонавий мусиқа чолғулари, ўқув қуроллари, жиҳозлар билан таъминланди.
Мактабларга етказиб берилган мусиқа чолғулари ва ускуналарини таъмирлаш, созлаш бўйича ҳудудларда 14та таянч болалар мусиқа ва санъат мактаби белгиланиб, уларда “Мусиқа чолғуларини таъмирлаш устахоналари” ташкил этилди. Шунинг баробарида болалар мусиқа ва санъат мактабларида фаолият кўрсатаётган мусиқа чолғуларини созловчи мутахассислар учун ҳар йили мунтазам равишда ўқув-семинарлар ташкил этилиши йўлга қўйилди.
2008 йили болалар мусиқа ва санъат мактабларида тўққизта йўналишда таълим берилган бўлса, болаларнинг қизиқиш ва қобилиятлари инобатга олинган ҳолда ўқув дастурларига театр санъати, тасвирий ва амалий санъат, академик хонандалик йўналишлари киритилди. Эндиликда йўналишлар сони 13тага ортиб, дарслар 53 ихтисослик бўйича ташкил этилаётир. Ўқувчилар сони ҳам шунга яраша кўпайди. Айтайлик, 2008 йили болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқувчилар қамрови 38 мингдан ортиқроқни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилга келиб қарийб 60 мингга етди.
Эътибор берсак, 1991 йили халқаро танловларда республика миқёсида атиги бир нафар ўқувчи муваффақиятли иштирок этган. 2008 йили мазкур кўрсаткич 31 нафар, 2009 йили 40 нафар, 2010 йили 46 нафар, 2012 йили 85 нафар, 2013 йили 107 нафар, ўтган йили 122 нафарни ташкил этди. Мазкур кўрсаткичнинг йилдан йилга ўсиб бориши мамлакатимизда ёшлар ижодига эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Бу йил истеъдодли ёшлардан 137 нафари Буюк Британия, Франция, Италия, Испания, Германия, Австрия, Руминия, Латвия каби давлатларда ўтказилган турли нуфузли халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритди.
Болаларнинг ижрочилик маҳоратини ошириш, ўқувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг ижодини кенг
тарғиб этиш мақсадида болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўртасида “Она юрт оҳанглари”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Академик ва эстрада ижрочилиги”, Муҳиддин Қори Ёқубов номидаги халқ чолғулари, “Санъат ғунчалари” каби кўрик-танловлар, “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, “Наврўз садолари” миллий чолғу ансамбли ва оркестрлар фестивалларининг мунтазам равишда ўтказилаётгани ёш истеъдод эгаларини элга танитмоқда.
Жумладан, жорий йилда мамлакатимизда болалар мусиқа ва санъат таълимини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар, яратилган шарт-шароитларни кенг тарғиб қилишга ҳамда ўқувчиларнинг миллий чолғулар бўйича ижрочилик санъатини оммалаштиришга йўналтирилган “Она юрт оҳанглари” халқаро танлови илк маротаба ўтказилди. Мазкур танловда дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатидан етакчи санъаткор ва иқтидорли болалар иштирок этишди. Танлов орқали ўзбек бастакорлари томонидан яратилган асарларни биринчи марта дунё саҳнасига олиб чиқишга эришилди.
Эндиликда ушбу танлов ва фестиваллар сафига “Истеъдод” халқаро танлови ҳам қўшилди. Илк бор ўтказилаётган “Истеъдод” халқаро танлови ёшларнинг мусиқа ва санъатга иштиёқини янада ошириб, бой маънавий меросимизнинг авлодлардан авлодларга безавол етиб боришида беқиёс аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Шунингдек, жаҳоннинг турли минтақаларида ташкил этилаётган “We play together” (Франция), “Jilovani talenti” (Италия), “Pro-Piano-Romania” (Руминия), “Salzburg stars” (Австрия), “Муғом” (Озарбойжон) каби халқаро кўрик-танлов ва фестивалларда ёшлар ўз истеъдоди ва санъатини намойиш этишмоқда.
— Ўзбекистон мусиқа мактаблари дунёда ўз ўрнига эга, — дейди танловнинг ҳакамлар ҳайъати раиси, Париж консерваторияси профессори Игорь Лазько. — Юртингизда мусиқа ва санъатга берилаётган юксак эътиборни танловда қатнашаётган ёшлар маҳоратидан англаш қийин эмас. Уларнинг ижроси таҳсинга лойиқ. Ушбу кўрик-танлов ўндан ортиқ мамлакатдан келган ёш иштирокчиларнинг ўз истеъдодини намоён қилишида ижодий майдон бўлиб хизмат қилади.
Ўзни ишонтириш санъати
Танловнинг биринчи куни қуръа ташлаш маросими билан амалий жараёнга кўчилди. Иштирокчилар стол устига ағдариб қўйилган рақамларни ўз навбати билан тортиб оларкан, ҳаяжонлари сезилиб турди.
— Йигирма саккиз! — деди Собиржон Солаев йўлакдан юриб келаркан, устозига рақамини кўрсатиб.
Собиржон Урганч шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабининг анъанавий ижрочилик йўналишида ўқийди. Ушбу танловга “Ёввойи тановар”, “Куйгай”, “Савти сувора”ни тайёрлаб келибди. Ўн яшар болакайнинг бундай “оғир” қўшиқларни куйлашга бўлган журъати, очиғи, ўйлантириб қўйди.
— Буларни айтишга қийналмайсанми? — сўрадим ундан.
— Отам, устозим ёрдам беради.
Болакайнинг отаси Ғайрат Солаев — санъаткор. Оилавий муҳит қалбида мусиқага иштиёқни уйғотган. У бизга “Савти сувора”нинг иккинчи банди — ошиқнинг ёрига ёлвориш оҳангидан куйлаб берди:
Сен бирла ахир бир жон эдик-ку,
Бир танда гўё бир қон эдик-ку.
Суҳбатда мудом шодмон эдик-ку,
Ҳурмат ила аҳди паймон эдик-ку...
Собиржон хаёлимда мусиқани ёр билиб ёлвораётгандай туюлиб кетди.
— Мусиқани мажбурлаб ўргатиб бўлмайди, — дея суҳбатимизга қўшилди иштирокчининг устози Ҳурмат Собиров. — Шу сабабли ўқувчиларга сабоқ бериш жараёнида уларнинг санъатни қандай тушунишига кўпроқ эътибор қаратаман. Собиржоннинг куй-қўшиқ нафасини сезиб улғайгани яққол билинади. Ҳозир у ижро этган қўшиқнинг навбатдаги бандида ошиқ ёлворишдан энди ўз-ўзига савол беришга ўтади. Табиийки, оҳанг ҳам ўзгаради. Буни илғамаслик эса асарнинг ҳиссий-таъсирий бўёғини камайтирибгина қолмай, ижрочининг ўзига ишончи сусайишига сабаб бўлади. Айтиб турган куйига унинг ўзи ишонмай тургандан кейин, тингловчиларнинг ҳам кўнгли тўлмаслиги аниқ.
Шу дам бундан икки йилча аввал Ёшлар ижод саройида болалар фестивалини томоша қилганим ёдимга тушди.
Ўшанда орқа ўриндиқлардан бирида дастур намойишини кузатмоқда эдим. Миллий қўшиқларимиздан янграб, саҳнанинг бу бетидан белбоғли болалар, у бетидан қўлида пиёла тутган қизлар чиқиб келди. Ора-сирада қизлар пиёлани ўғил бола шеригига узатар, болалар ҳам жимжилоғини пиёла ичига теккизиб, хуллас, қўшиққа мос рақс тушарди. Назаримда, ижро беками кўст эди. Токи ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан бири болаларга “тўхтанглар” деб ишора қилмагунича, ҳар ҳолда, менга шундай туюлди.
— Пиёлангиздаги нима? — сўради у қизлардан.
— Асал! — деб жавоб беришди улар.
— Шунинг асал эканига ўзингиз ишонасизми?
Болалар тортинчоқлик қилдими, садо бўлмагач:
— Қизим, сиз! — ҳакам иштирокчи-қизлардан бирини ажратиб кўрсатди. — Пиёлани шеригингизга тутинг! Сиз эса, ўғлим, асалдан яланг.
Бу маҳал рақс манзараси кўз олдимда қайта жонланди. Энди тушуна бошладим! Қиз бола қўлидаги пиёлани узатишга узатибди-ю, ибо қилмабди — юз-кўзини олиб қочмабди; ўғил бола асал ялабди-ю, ширасини туймабди.
Собиржоннинг кўзларида эса завқ кўрдим!
— Бугунги кунда вилоятимизда 15та болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолият юритмоқда, — дейди Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси мусиқа сектори мудири Оғабек Машарипов. — Уларда 3 минг 200 нафардан ортиқ ўғил-қиз 33 ихтисослик бўйича таълим олмоқда. Танловда вилоятимиздан етти нафар ўқувчи фортепиано, анъанавий ижрочилик йўналишида қатнашаяпти. Яқинда тўрт нафар ўқувчимиз Озарбойжонда ўтказилган “Муғом” халқаро танловида муваффақиятли иштирок этиб қайтишди. Бу танловдан ҳам умидимиз катта.
Руҳият таржимони
“Истеъдод” халқаро танловида Франция, Корея Республикаси, Озарбойжон, Белоруссия каби ўндан ортиқ хорижий давлатлар ва юртимиздан 160 нафардан зиёд ёш ижрочилар фортепиано, торли чолғулар, эстрада ва анъанавий хонандалик йўналишларида маҳоратларини намойиш қилишмоқда.
Танлов икки босқичда ўтказилаяпти. Унга кўра, иштирокчилар аввало ўз халқининг миллий куйлари, сўнгра ўзбек ва жаҳон мумтоз мусиқаларидан ижро этишади.
Президентимиз “Мусиқа садолари қайси халқ ёки миллат вакили томонидан ижро этилмасин, энг эзгу, юксак ва нозик инсоний кечинмаларни ифода этади”, дейди “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида.
Дарҳақиқат, асл мусиқа чегара билмайди, замон ва макон синовларидан устун келади. Хоҳ француз тилида янграсин, хоҳ инглиз ёки олмон тилида — фарқи йўқ, ҳеч бир таржимасиз ҳам юраклардан қўним топаверади.
Бу ўринда ҳазрат Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридан: “Кўнгил қуввати яхши чолғувчидан, руҳ озиғи хуш овоздандир” деган фикри ёдга келади.
Озарбойжонлик Мурод Иброҳимов Айдин ўғли ижро этган “Булбуллар охур” қўшиғи шуниси билан ҳам ҳаммани ҳайратга солди. Ўзи ҳам нақ булбулдек хониш қилди.
Танловнинг илк куни “Торли чолғулар” йўналишида айниқса ўзгача кечди. Иштирокчиларнинг ўзи билан ҳаяжони ҳам имтиҳон қилинди, гўё. Эшикдан виолончелини кўтариб чиқиб келаётган боланинг кайфияти негадир йўқ.
— Битта жойида нотада адашиб кетдим, — деди Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчиси Хуршид Абдухолиқов. — Хатомни тўғриладим-у, барибир кўнглим тўлмади.
У Мухтор Ашрафийнинг “Сўзсиз қўшиқ” асаридан ижро этганди.
— Истеъдодларни мана шундай танловлар тоблайди, — дейди Хуршиднинг устози Дилором Ботирова. — Ҳаяжонини енгишни ўрганади, кейинги сафар ижросининг хато ва камчиликлардан холи бўлиши учун замин яратади. Энг муҳими — танловда ижодий мулоқотнинг борлиги. Ёшлар учун бу сингари ташаббуслар фақат иқтидори ёки салоҳиятини намоён қилиш манбаи эмас, балки ўзига хос танишув, маданий алоқа алмашинув жараёни, тажриба мактабидир. Ёш ижрочилар устозидан сўрашга ийманиб-тортинган саволларига тенгқури билан фикр алмашиш ва жонли жараённи кузатиш мобайнида жавоб топиши ҳеч гап эмас. Шу маънода ушбу танловни беллашув сифатидагина қабул қилмаслик керак.
— Иштирокчилар ёш тоифасига кўра, 12 ёшдан 15 ёшгача ҳамда 16 ёшдан 19 ёшгача бўлган икки гуруҳга ажратилди, — дейди Ўзбекистон халқ ҳофизи, танловнинг анъанавий хонандалик йўналиши ҳакамлар ҳайъати раиси Бекназар Дўстмуродов. — Аввал биринчи гуруҳни тингладик. Улар орасида ёш бўлишига қарамай, мусиқани юракдан ҳис қилиб куйлаётганлари кўп. Темур Рафиқов, Нодир Ваҳобов, Собиржон Солаев, озарбойжонлик Мурод Иброҳимов Айдин ўғли каби ёшларнинг ижро маҳоратидан қувонасан киши. Улар мусиқа санъатининг улуғ дарғалари яратган миллий қўшиқларни маромида куйлашди. Шундай иштирокчилар ҳам бўлдики, улар оҳангини қачон баландлатиб, қачон майинлатиши кераклигини билмай, қонуниятларга амал қилишмади. Умуман, танловда қатнашчиларнинг ижро маҳоратидан ташқари, саҳнада ўзини қандай тутиши, сўзни ҳис қилиши, талаффуз меъёрлари ҳам эътиборимиз марказида турибди.
Шу тариқа танловнинг биринчи босқичи якунланди. Иштирокчилардан муносиблари кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди. Улар навбатдаги босқичда ўзбек ва жаҳон мумтоз асарларидан баҳраманд этишади.
“Истеъдод” халқаро танлови дастурига кўра, қатнашчи ўғил-қизлар қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳатга йўл олишди...
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
“Ma’rifat” мухбири
Владимир ГРАНКИН олган суратлар.