Тайёргарлик қизғин кечмоқда
Мактабда дарслар тугаши билан тўрт ўртоқ спорт кийимларини олиб машғулот зали сари ошиқади. Чунки қишки таътилда «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг туман босқичига старт берилади.
Норин туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчилари Бобур Юнусов, Жавоҳир Аҳмадалиев, Асадбек Султонмаҳмудов ва Асадбек Олимов баскетбол бўйича ўтказиладиган баҳсларда мактаб шарафини ҳимоя қилади. Ёш спортчилар буни яхши ҳис этган ҳолда ўзларига билдирилган ишончни оқлаш учун ҳар куни астойдил машқ қилмоқда.
— «Умид ниҳоллари»нинг олдинги мавсумларида қўл тўпи бўйича мактабнинг қизлар ва баскетбол бўйича ўғил болалар жамоаси туман босқичида ғолиб бўлганди, — деди жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Ҳамиджон Қўчқоров. — Шу кунларда навбатдаги беллашувларга тайёргарлик кўраяпмиз. Ҳозиргача ўқувчилар ўртасида «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг 13 тури бўйича мусобақа ташкил этилди. Бу баҳсларнинг мактаб босқичида 395 нафар ўқувчи қатнашди. Очиғи, бу йил шаштимиз баланд. Чунки янги ўқув йили арафасида мактабимиз учун янги спорт зали қуриб берилди. Кенг ва ёруғ, барча қулайликларга эга иншоот спортсевар ўқувчиларни улкан марралар сари руҳлантирмоқда.
Мактаб директори Малика Собированинг таъкидлашича, қўл тўпи, баскетбол, енгил атлетика, кураш ва армрестлинг бўйича ўқувчилар юқори натижага эришмоқда.
— Шуни эътиборга олиб, 6та спорт секцияси ташкил этилган, — деди директор. — Уларга 200дан зиёд ўқувчи аъзо. Қишлоғимиз туманнинг чеккасида жойлашганига қарамай, қизлар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, гандболчи қизларимизнинг турли мусобақаларда эришаётган ютуқлари ўнлаб тенгдошларида ҳавас уйғотмоқда.
Тумандаги 39-умумтаълим мактабида ҳам спортга иштиёқманд ўқувчилар талайгина. Улар орасида айниқса волейболчи қизларнинг алоҳида ўрни бор. Спортнинг айнан шу тури бўйича бир неча йилдан буён туман ва вилоят мусобақаларида кўплаб ғалабаларга эришган волейболчи қизлар жамоаси «Умид ниҳоллари»нинг мактаб босқичида яна зафар қучди. Асосан, 8-синф ўқувчи қизларидан таркиб топган жамоа ўтган йили вилоят босқичи баҳсларида 1-ўринни эгаллаб, финалда иштирок этган.
— «Умид ниҳоллари»нинг кейинги босқичларида ҳам ғалаба қозонмоқчимиз, — деди жисмоний тарбия фани ўқитувчиси, жамоа мураббийи Рустамжон Мирабдуллаев. — Жамоа таркибида Фотима ва Зуҳра Ҳамидова сингари кучли баскетболчиларимиз бор. Қатъий жадвал асосида машғулотлар ўтказаяпмиз. Спорт ўйинларининг мактаб босқичида ўқувчилар жуда фаол қатнашди. Бу беллашувларда 240 нафардан ортиқ ўғил-қиз ўз имкониятини синаб кўрди.
Умуман, Норин туманида кейинги йилларда спортсевар ўқувчилар сони ортиб бораётир. Туман марказидан тортиб, то чекка қишлоқларгача ёш авлоднинг спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиб берилаётгани жисмоний камолот борасидаги орзуларнинг рўёбга чиқишига қанот бермоқда. Хусусан, 46та спорт, 1та гимнастика зали, 3та футбол ўйингоҳи ва 4та қишки ва 27та ёзги футбол, 34та волейбол ва баскетбол майдонлари норинлик спортсевар ёшларнинг ўз маҳоратини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашига хизмат қилмоқда. Улар ҳам «Умид ниҳоллари»нинг навбатдаги босқичида қўшни туманлар жамоалари учун жиддий рақобатчи бўлишига шубҳамиз йўқ.
Ғанишер АКБАРОВ,
«Ma’rifat» мухбири