Машҳур рефери билан учрашув ўқувчиларда улкан таассурот қолдирди
Ўтган йил якунида «Global Soccer Awards» томонидан жаҳоннинг энг яхши ҳаками дея эътироф этилган ҳамюртимиз, ФИФА рефериси, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Равшан Эрматов пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 315-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан учрашди.
Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ва 315-умумтаълим мактаб ҳамкорлигида ташкиллаштирилган тадбирда севимли ҳакамимиз билан бирга Осиёнинг икки карра энг яхши лайнсмени Абдуҳамидулло Расулов ҳамда футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ҳам иштирок этди.
— Юртимиз фахри, барчамизнинг кўнглимизни ғурурга тўлдирган юртдошимиз Равшан Эрматовни юксак мукофот билан чин дилдан муборакбод этамиз, — дея гап бошлади шарҳловчи М.Тўхтамирзаев. — Бу эътироф замирида спортга ва унинг ривожига бўлган юксак эътиборни кўришимиз мумкин. Ўз ўрнида спортичиларимиз ҳам бу эътиборга жаҳон спорт майдонларида эришаётган улкан муваффақиятлари билан муносиб жавоб қайтармоқда. Равшанжон ана шундай ютуқларга эришиб келаётган юртдошларимиздан биридир.
Равшан Эрматовга сўз берилганда мактаб ва маҳалланинг спортсевар ўқувчилари билан тўлган фаоллар зали гулдурос қарсаклардан ларзага келди.
— Спортчи ҳеч қачон ўз-ўзидан улкан ютуқларга эришиб қолмайди,— деди Р.Эрматов. — Қачонки у ҳаётда ўз олдига катта мақсад қўйиб, унга интилса, бу йўлда ҳар қандай қийинчиликка чидаб, тинимсиз меҳнат қилсагина кўзлаган мақсадига эришади. Оламшумул ғалабаларга, муваффақиятларга эришишингиз учун сиз ҳозирданоқ барча фанлардан аъло баҳоларга ўқишингиз, мунтазам спорт билан шуғулланишингиз, бошқа фанлар қатори чет тилларни ҳам мукаммал ўрганмоғингиз зарур. Қолаверса, устозларингизнинг гапига, маслаҳатию тавсияларига қатъий амал қилишингиз лозим.
Шундан сўнг ўқувчилар ФИФА реферисига ўзларини қизиқтирган саволларни бердилар.
Фароғат Маҳмуджонова, 8-синф ўқувчиси: — Равшан ака, сиз чет эл сафарларида кўп бўласиз, Ватанимизни соғинганингизда кўнглингиздан қандай ҳислар кечади?
Равшан Эрматов: — Она юртга бўлган соғинчни сўз билан ифодалаш жуда ҳам мушкул. Уни фақат ҳис қилиш мумкин. Баъзан бир неча ойлаб сафарда бўламиз, шунда кўнглимда фақат бир тилак бўлади, у ҳам бўлса, ота маконим Ўзбекистонга тезроқ қайтиш. Сафар охирлагани сари кун санашни бошлайман. Самолёт тупроғимизга қўнгач, ундан тушаёзиб, тўйиб-тўйиб нафас оламан. Ишонасизми, бундан баҳридилим яйрайди. Чунки юртимизнинг хуш ҳавосини дунёнинг бошқа еридан тополмайсиз, буни ҳали ўзингиз ҳам сафарга чиққанда худди мендек ҳис қиласиз.
Махти Абдураимов, 9-синф ўқувчиси: — Равшан ака, Қатарда футбол бўйича давом этаётган Осиё чемпионати(U-23)да олимпиячиларимизнинг Жанубий Кореа жамоасига қарши кечган ўйинини кузатдик. Кўпчиликни мазкур ўйинда бош ҳакам томонидан бизнинг дарвоза томон белгиланган пенальти шубҳалантирди. Сиз ФИФА рефериси сифатида мазкур вазиятни қандай баҳолайсиз?
Равшан Эрматов: — Ҳа, сиз айтган вазият турли баҳсларга сабаб бўлди. Аммо гап шундаки, ўша вазиятда бош ҳакам ҳолатни яхши кўролмаганди. Футболда шундай вазиятлар ҳам учраб туради. Унинг ўрнида дунёнинг энг зўр ҳаками бўлганида ҳам вазиятни тўла кўролмай қолса, шу йўлни тутган бўларди. Ҳакам ҳам одам, унда вазиятни қайтадан кўриб, кейин хулоса чиқариш имкони йўқ. Вазиятлар эса сониялар ичида содир бўлади ва шу заҳотиёқ қарор чиқарилади. Афсуски, бош ҳакамнинг бу қарори бизнинг эмас, рақиб фойдасига хизмат қилди.
...Учрашув мобайнида мана шундай қизғин савол-жавоблар кўп бўлди. Равшан Эрматов ўқувчилар кўзидаги ўтни кўриб, ўйлантириб қўйувчи саволларига жавоб бериб чиндан ҳайратланганини яширмади. Мактаб ўқувчиларининг спортни, хусусан, футболни яхши кўриши, тушуниши, ўйинларга муносабати машҳур ҳакамни қувонтиргани юзу кўзидаги мамнунликдан сезилиб турди.
Мароқли учрашув якунида Р.Эрматов ўзига ёққан саволлар муаллифларига совғалар берди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири