Янги спорт маскани очилди
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида барча қулайликларга эга замонавий болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фойдаланишга топширилди.
Юртимизда камол топаётган навқирон авлод вакилларининг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишида жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни беқиёс. Шу маънода, болаларни спортга кенг жалб этиш орқали уларни баркамол шахс қилиб тарбиялаш, ота-онага ҳурмат, она юртига садоқат ва фидойилик каби улуғ фазилатларни болалигидан қалбига сингдириш бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир. Бугун ёш ўғил-қизлар замонавий шароитларга эга, муҳташам спорт иншоотларида ана шундай руҳда улғаймоқда, эзгу мақсадларни кўзлаб, юксак марралар сари дадил одимламоқда. Энг асосийси, эртамиз эгалари соғлом ва бақувват бўлиб катта ҳаётга кириб бормоқда.
Куни кеча фойдаланишга топширилган ушбу спорт мактаби ҳам ана шундай улуғ мақсадларимиз инъикоси, албатта. Ушбу соғломлаштириш масканида бир қатор спорт турлари бўйича машғулотларни сифатли ташкил этиш учун зарурий спорт анжомлари муҳайё қилинган. Бундан ташқари, кийиниш, ювиниш ва тиббиёт хоналари ҳам рисоладагидек таъмирланган. Ўқувчилар қалбига ҳаяжон солган, ота-оналарнинг ҳавасини келтирган манзара эса, албатта, ёруғ ва кенг спорт зали, ёпиқ сув ҳавзаси бўлди.
— Бугун фойдаланишга топширилган 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг 12 тури билан шуғулланиш имкони мавжуд, — деди спорт мактаби директори вазифасини бажарувчи Равшан Мамажонов. — Айни пайтда спорт тўгаракларига 500 нафар ўқувчини жалб этишимиз мумкин. Болаларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун мазкур спорт масканида барча шароитлар тахт қилинган. Машғулотларни малакали мураббийлар олиб боради. Улар юртимиз терма жамоалари учун маҳоратли ва иқтидорли ёш спортчиларни тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Келажакда тўгаракларга ўқувчилар қамровини янада оширишни кўзлаяпмиз.
Спорт мактабининг очилиш маросимида сўз олганлар янгидан фойдаланишга топширилган 2-Б¡СМдаги қулайликларга тўхталиб, яқин атрофдаги 257 ва 258-умумтаълим мактаблари, маҳаллалардаги кўплаб иқтидорли ўғил-қизлар учун бу зўр имконият эканини таъкидлашди.
— Энди дарслардан чиқиб, тўғри спорт тўгарагига йўл оламан, — деди 258-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Ҳожиакбар Норбўтаев қувончини яширмай. — Бу ерда синфдошларим билан футбол, баскетбол, сузиш, таэквондо ва кураш билан мазза қилиб шуғулланишимиз мумкин. Буни эшитиб, ўртоқларим ҳам, мен ҳам жуда хурсанд бўлдик. Катта бўлганимда машҳур футболчи бўлмоқчиман.
Ҳақиқатан ҳам, бу спорт мактабига кирган ҳар бир бола қалбида спортчи бўлиш орзуси туғилади. Айниқса, спорт залида тўп тепаётган болалар, сузиш ҳавзасида тез ва тўғри сузишни ўрганаётган қизларга қараб кўнгил ёришади. Белида белбоғи бор ёш полвонлару тезкор хатти-ҳаракатлари билан эътиборни тортувчи таэквондочилар ҳамда эпчил гимнастикачи ўқувчиларга «Офарин» деб юборганингизни билмай қоласиз. Улар энди ўзлари севган спорт тури билан шуғулланиш учун узоққа бориб ўтирмайди. Балки уйининг ёнгинасида очилган 2-БЎСМнинг фаол аъзосига айланади. Бу эса дарсларга ўз вақтида қатнашиб, фанлар бўйича билимларини мустаҳкамлашига ҳам ёрдам беради.
Ўқувчиларнинг ишонч ва иштиёқдан порлаб турган нигоҳларини кўриб, муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор, хусусан, жойларда қад ростлаётган, қайта таъмирланаётган спорт иншоотлари ҳамда навқирон авлод вакилларининг интилишлари ўзаро уйғун эканига яна бир карра амин бўлдик. Ана шундай завқу шавқ билан машғулотларга киришиб, гилам устида бир-биридан мураккаб машқларни қийналмай бажараётган бадиий гимнастикачи қизлардан бирини суҳбатга чорладик.
— Уч йилдан буён бадиий гимнастика билан шуғулланаман, — дея гап бошлади Юнусобод туманидаги 260-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Кумуш Жалилова. — Бу мактабдаги яратилган шароитлар, кенг ва ёруғ заллар, жиҳозлар биз учун энг катта совға бўлди. Мураббийимиз Нозима Жўраевадан бадиий гимнастика сирларини қунт билан ўрганаяпмиз. Машғулот залимизни кўриб, гимнастикага бўлган меҳримиз ошди. Энди машғулотлар соатини ҳам бироз узайтиришимиз мумкин экан. Қолаверса, мажмуадаги барча жиҳозларни кўз қорачиғидек асраймиз, чунки буларнинг барчаси бизники, ўзимизники.
Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳар филиали томонидан (2003—2015 йиллар мобайнида) 26та янги спорт иншооти, 11та умумтаълим мактабида спорт зали ҳамда 23та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Бу, албатта, спортга ошно ёшлар учун имкониятлар тобора кенгайиб бораётганидан дарак беради.
— Барча қулайликларга эга спорт мактаби биз ота-оналарни ҳам беҳад қувонтирди, — деди Нилуфар Ҳамидова. — Аввал болаларимиз мактаб ва уйдан бироз узоқда жойлашган спорт тўгаракларига қатнар эди. Машиналар серқатнов шаҳар шароитида бу аксарият ота-оналарни хавотирга соларди. Энди эса болаларимиз ҳар қандай об-ҳавода ҳам ортиқча қийинчиликсиз спорт машғулотларига қатнайдиган бўлди. Бунинг учун болаларимизнинг таълим-тарбияси, саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик кўрсатаётган Юртбошимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.