Иқтидорли футболчилар кашф этилмоқда
Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги 9-футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари орасидан шу кунгача ўнлаб олий лига жамоалари аъзоси етишиб чиққан. Бу ушбу таълим муассасасида барча шароитлар муҳайёлиги, иқтидорларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани ҳамда мураббийлар катта тажрибага эгалигидан далолат бериб турибди. “Пахтакор” футбол клуби аъзолари Жамшид Искандаров ва Жалолиддин Машарипов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида тўп сурмоқда.
— Бизнинг асосий мақсадимиз миллий терма жамоамиз ҳамда кучли клубларимизга муносиб ўринбосарлар етказиб бериш, футболчиларнинг янги авлодини кашф этиш, — дейди мактаб-интернат директори Жамшид Рамазонов. — Давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлар ва мактаб жамоасининг аҳиллиги, изланувчанлиги туфайли мақсад сари интилиб, янги марраларни забт этаяпмиз. Мактаб-интернатимиз ва Япониянинг JOCV ташкилоти ўртасида тузилган шартномага асосан япониялик мураббийлар ўқув масканимизга келиб, ўқувчиларимизнинг маҳоратини оширишга кўмаклашмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида Уми Мамажиро, Ямомото Такуми каби мутахассислар фаолият юритган бўлса, энди Хаято Юзава ўқувчиларимизга футбол сирларини ўргатмоқда. Натижа аста-секин кўринмоқда: ўқувчиларимиздан Амирхон Бобожонов, Азизхон Каримов, Жалолиддин Абдуллаев “Насаф”, Суҳроб Жумабоев “Пахтакор”, Темур Машарипов “Машъал” академиясига қабул қилинди.
— Бу ерга келиб япон футболчилари билан ўзбек болаларини солиштирдим, — дейди маҳоратли футбол мураббийи Хаято Юзава. — Ўзбек болалари рақибига қарши дадил бора олади. Кўпроқ индивидуал маҳоратига таяниб, ҳужумкор ўйнашни ёқтиради. Ҳамма гол уришни хоҳлайди. Бироқ бунинг имкони йўқ. Тўпни бир-бирига ошириш устида кўпроқ машқ қилишимиз керак. Япон футбол мактабида ана шу жиҳат яхши ўзлаштирилган. Тошкент ва Андижонда ҳам бу борада яхши тажриба тўпланганини кўрдим. Бу йил баҳорда футбол мактаблари ўртасида ўтадиган мусобақаларнинг республика босқичидан умидимиз катта.
Ёш спортчиларни руҳлантириш, ғалабалар сари илҳомлантириш жуда муҳим. Ўз кучига, иқтидорига бўлган ишончини мустаҳкамлаш болаларни муқаррар муваффақиятларга бошлайди. Шу боис ўқув масканида ҳар 6 ойда таниқли спортчилар, футболчилар, мураббийлар иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказиш анъанага айланган. Ушбу учрашувларда машҳурлар ўз фаолияти, ютуқлари сирлари ҳақида болаларга ҳикоя қилиб беради. Бу эса ёш спортчилар қалбидаги юксак орзу-ниятларни янада аланга олдириши шубҳасиз.
Таълим муассасаси 2008 йилдан буён футбол мактаб-интернати сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2009 йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан мактаб биносининг капитал таъмирланиши, 18х30 метр ҳажмдаги янги спорт залининг қурилиши ҳамда туман марказий ўйингоҳининг мактаб-интернат ихтиёрига ўтказилиши жамоага қўшимча куч-ғайрат бағишламоқда. Айни пайтда мазкур таълим масканида фақатгина футбол ва қизлар футболи эмас, балки белбоғли кураш, юнон-рум кураши бўйича ҳам машғулотлар ташкил этилмоқда. Ҳозир 11 нафар мураббий, 25 нафар олий маълумотли ўқитувчи, 1 нафар халқаро тоифадаги ҳакам 182 нафар ўқувчининг таълим-тарбияси билан машғул. Мактаб жамоаси қаторасига 5 марта “Энг яхши футбол мактаб-интернати” номинацияси ғолиби бўлгани ҳам гапларимизни тасдиқлайди.
Шуни ҳам айтиш лозимки, мактаб-интернат қошида ташкил этилган “Тўмарис” қизлар футбол жамоаси мамлакатимиз аёллар футболида ўз ўрнига эга. Чунки жамоа аъзоларидан бирйўла 5 нафари мамлакатимиз миллий терма жамоаси аъзоси. Дилноза Бектемирова, Дилноза Ўтамова Туркия, Эрон, Хитой, Вьетнам ва Ҳиндистонда ўтказилган мусобақаларда, Райҳон Бекберганова ва Дилноза Бектемирова Хитойнинг Нанькин шаҳрида кечган Осиё чемпионатида терма жамоа сафида яшил майдонга тушиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилди. “Тўмарис”нинг икки нафар аъзоси Д.Бектемирова ва Г.Тожибоева Иорданияда ўтказилган беллашувларда терма жамоамизнинг Ҳиндистон, Ливан, Иордания вакиллари устидан ғалаба қозониб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллашига муносиб ҳисса қўшди.
Ютуқлар ҳақида тўхталганда, мураббийларнинг меҳнатини ҳам эътироф этиб ўтиш лозим. Хусусан, ушбу таълим муассасасининг жонкуяр педагоглари Умид Жумамуродов, Ортиқ Султонов ва Ўктам Раҳимов тарбиялаётган ёш спортчилар республика мусобақаларида фаол қатнашиб, бир неча маротаба ғолиб бўлган. Футбол мураббийи Олим Давлетов хизматларини эса алоҳида тилга олиш жоиз. У 2010 йилдан бери “Тўмарис” жамоасига мураббийлик қилиб келмоқда. Дарвоқе, мураббий билан телефон орқали боғланганимизда мини-футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 1-давра баҳсларини ғалаба билан якунлаганини айтиб қолди. “Тўмарис”чилар 4 ютуқ, 1 дуранг эвазига 13 очко жамғариб, турнир жадвалида етакчилик қилмоқда.
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбири