Бахт ва баҳор куйчисига эҳтиром
Пойтахтимизда “Зулфия доимо эъзозда” деб номланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудига бағишланган мазкур тадбирга сенаторлар, депутатлар, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.Маърупова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси мудири О.Абдуллаева ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида миллий адабиётимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар эъзозланаётгани, адабий мероси кенг тарғиб этилаётгани ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Зулфия шеърияти меҳр-муҳаббат ғояларига йўғрилгани, самимийлиги билан тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга, Ватанни ардоқлашга чорлайди. Шоира шеърлари кириб бормаган ўзбек хонадонини топиш мушкул.
Зулфия ҳассос шоира, ҳозиржавоб журналист, ёшларнинг меҳрибон устози ва моҳир таржимон эди.
Президентимиз ташаббуси билан 1999 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилгани иқтидорли қизлар сафини янада кенгайтириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда. Бугун ушбу мукофотга сазовор бўлган юзлаб қизлар адабиёт, санъат, спорт, таълим, илм-фаннинг турли йўналишларида ўз тенгдошларига чинакам ибрат бўлмоқда.
– Президентимиз қарори билан халқимизнинг севимли шоираси номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганим мен учун улкан шараф ва катта масъулиятдир, – дейди ёш фортепьяночи, Тошкентдаги 260-умумтаълим мактаби ўқувчиси Чарос Маратова. – Ушбу юксак мукофот ва ишончга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан.
Тадбир иштирокчилари шоира ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири