Янги спорт маскани қурилди
Кейинги йилларда Наманганда спорт билан мунтазам шуғулланаётган ўқувчилар сони тобора ортаяпти. Чунки вилоят марказидан бошлаб энг олис қишлоқларда бунёд этилаётган спорт мажмуалари ёшларнинг жисмоний баркамоллигига хизмат қилмоқда. Жумладан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан вилоятда 179 та янги спорт иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Қувонарлиси, биргина Наманган шаҳрининг ўзида 28 минг ўғил-қиз янги барпо этилган 25 та спорт мажмуасида 30 дан зиёд спорт тури бўйича маҳорат ва малака оширмоқда.
Наманганлик ёшларнинг яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётгани, аввало, соғлом ва бақувват бўлиб камол топаётгани ҳамда халқаро ва маҳаллий мусобақаларда эришаётган ютуқларида намоён бўлаяпти. Ўтган йилнинг ўзида вилоятимиздан чиққан ёш спортчилар турли мусобақаларда 432 та олтин медалга сазовор бўлгани сўзимиз тасдиғидир. Шундан 139 таси нуфузли халқаро турнирлардаги ғалабалар эвазига қўлга киритилган.
Вилоят марказининг аҳоли гавжум ҳудудларидан бири — Сумалакгузар маҳалласида қад ростлаган янги спорт кошонаси ҳам ёш авлод вакилларининг юксак ғалабалар сари интилишларида муҳим аҳамият касб этиши аниқ. Қарийб бир гектар майдонни эгаллаган икки қаватли кошона бағрида бадиий гимнастика, бадминтон, бокс, кураш, ўзбек жанг санъати, каратэдо, таэквондо ITF сингари оммалашган спорт турларини мукаммал ўзлаштириш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. 30х18 метр ўлчамдаги 2 та спорт зали, очиқ баскетбол майдони ва замонавий қулай¬ликларга эга биноларда 360 нафар ўқувчи ўзи қизиққан спорт тури бўйича маҳорат сабоқларини олади.
Энг сўнгги русумдаги спорт ва маиший жиҳозлар билан таъминланган мажмуадан услубият, ўқув-амалиёт, маънавият ва маърифат хоналари ҳам ўрин олган. 108 миллион сўмлик 35 турдаги спорт жиҳозлари билан таъминланган янги объект шаҳар кўркига ҳам кўрк қўшди. У Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан барпо этилгани эътиборга молик.
— Озод ва обод диёримизда ёшлар камолотига берилаётган чексиз эътибор ва ғамхўрликдан диллар ғурурга тўлади, — деди ёш спортчи Мадина Усмонова. — Пухта билим олишимиз учун қуриб берилаётган замонавий таълим муассасалари қатори спорт бобидаги истеъдодларимиз сайқалланишида бешик вазифасини ўтайдиган кошоналар бунёд этилаётгани жуда катта имкониятдир. Мен ана шу имкониятлардан фойдаланиб, ўз келажагини қураётган ёшлардан бириман. Спортнинг таэквондо турига қизиқаман. Ґозиргача бир неча турнирларда муваффақиятли қатнашдим. Янги спорт саройи ютуқларим янада кўпайишига хизмат қилади, деб ишонаман.
Дарҳақиқат, Мадина каби юзлаб ёш спортчилар учун янги имкониятлар эшигини очиб берадиган спорт мажмуаси халқ таълими бошқармасига қарашли 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тасарруфига берилди. Мазкур даргоҳнинг Муниса Йўлдошева, Санжар Набиев, Шуҳрат Мадраҳимов ва Радион Пак сингари тажрибали мураббийлари ёшлар камоли йўлида бор билим ва маҳоратларини сарф этишмоқда.
— Янги мажмуа топширилаётган кунларда спорт мактабимизнинг умидли ёш боксчиси Фотима Турсунова мамлакат чемпиони бўлди, — дейди 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Муродхон Низомбоев. — Шунингдек, моҳир мураббий Радион Пакдан қўл тўпи сирларини ўрганаётган 14 нафар тарбияланувчимиз Ўзбекистон кубоги мусобақаларида 3-ўринни эгаллади. Айтмоқчиманки, спорт кошонасини муносиб ютуқлар билан қабул қилиб олдик. Ўйлаймизки, бундан кейинги интилишларимиз ҳам самарали бўлади ва иқтидорли ёшларимизнинг улкан муваффақиятлари ҳам кўпаяди.
Янги спорт мажмуасининг тақдимоти байрамона руҳда ўтказилди. Тадбирда сўз олганлар юртимизда ёш авлоднинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, истеъдодини юзага чиқариш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар, хусусан, Наманган вилоятида болалар спортини ривожлантириш борасидаги салмоқли натижаларга алоҳида тўхталдилар.
Ғанишер АКБАРОВ,
“Ma’rifat” мухбири