Кўркам ва шинам ётоқхоналар
"Кичик олимпиада" дея эътироф этиладиган уч босқичли спорт ўйинлари мамлакатимиз ёшларининг жисмонан соғлом ва маънан етук бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда. Хусусан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ўтказилаётган "Баркамол авлод" спорт ўйинларини ўтказишда ҳам худди шу мақсад кўзланган.
Жиззах вилоятида ўтадиган бу йилги мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан спортнинг 17 тури бўйича жами 1134 нафар ўғил-қиз қатнашиши кутилмоқда. Жиззах шаҳрининг кўча ва хиёбонлари байрамона безатилган. Анвойи гуллар экилиб, ранго-ранг плакатлар билан янада чирой очган йўллар, таълим муассасалари ҳудудларида юрган одамнинг баҳридили яшнайди. "Баркамол авлод — 2017" ёзуви туширилган автобуслар ёшлик ва нафосат байрами бошланишига саноқли кунлар қолганини ёдга солади. Ушбу нуфузли тадбирни мезбонлар кўнгилдагидек ўтказишга қизғин тайёргарлик кўраётганига ҳар қадамда гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Жумладан, мусобақада қатнашадиган спортчиларга турли соҳалар бўйича хизмат кўрсатадиган мутасаддилар, ишчи гуруҳлар белгиланиб, аниқ режа асосида ишлаши таъминланган. Ёш спортчилар, мураббийлар, ҳакамларнинг муросасиз беллашувлардан кейин ўзлари истагандек ҳордиқ чиқаришлари учун ажратилган ётоқхоналар шай ҳолатга келтирилган.
Айтиш жоизки, ўғил болалар ва уларнинг мураббийлари учун Жиззах педагогика коллежида 344 ўринли тураржой, 200 ўринли ошхона қурилди. Қизлар ва мураббийлари учун Жиззах политехника институтида 399 ўринли ётоқхона фойдаланиш учун тайёр қилиб қўйилгани ҳам эътиборлидир. Ҳакамлар ва спорт федерацияси вакиллари учун ажратилган 190 ўринли Жиззах олимпия захиралари коллежи ётоқхонасида ҳам барча қулайликлар мавжуд.
Шунингдек, Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида 100 ўринли, Политехника институти қошидаги академик лицей ётоқхонасида бадиий жамоалар учун 200 ўринли жой ҳозирланган.
— Ётоқхоналардаги шароитларни имкон қадар намунали уйлар муҳитига яқинлаштираяпмиз, — дейди тайёргарлик ишлари хусусида тўхталаркан Жиззах вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Б.Ўсаров. — Ётоқхоналарда спортчиларнинг дам олиши учун барча шароитлар мавжуд. Қолаверса, маданий тадбирлар ўтказиш режаси ҳам ишлаб чиқилган. Чунки шаҳримизга ёшлар фақат мусобақалашиш учун келмайди. Балки ўзаро дўстлашиш, бирлашиш ва тажриба алмашиш учун ҳам келади. Бундай шароит эса спортчиларнинг дам олиб, бўш вақтини мазмунли ва мароқли ўтказиши учун айни муддаодир.
Шунингдек, мусобақалар давомида иштирокчиларнинг саломатлиги ҳам мунтазам назорат қилиб борилади. Спортчиларга бу борада вилоятнинг 134 нафар энг тажрибали, малакали шифокор ва ҳамширалари хизмат кўрсатади. Буни 22 та тиббиёт хонаси айнан ёш спортчилар учун ташкил этилганидан ҳам билиш мумкин. Мазкур пунктларнинг ҳар бирига 1 нафардан шифокор ва ҳамшира бириктирилади. Ўйинлар ўтадиган иншоотларда жами 20 та замонавий тез тиббий ёрдам машинаси ва бригадаси шай ҳолатда бўлади.
Бундан ташқари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида, юқумли касалликлар шифохонасида ҳам захира ўринлар ажратилиб, дори-дармон воситалари муҳайё қилинган.
Мазкур қулайликлар иштирокчининг ўз кучи ва салоҳиятини тўла намойиш этиши, фақат мусобақалар учун қайғуриб, ғалаба сари интилишига замин яратади.
Абдусаттор СОДИҚОВ