Ютуқларимиз тобора ортиб бормоқда
Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида юртдошларимиз муваффақиятли иштирок этмоқда. Хусусан, ортда қолган вақт мобайнида Ўзбекистон терма жамоаси 16 олтин, 19 кумуш ва 42 бронза медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринда бормоқда.
Ҳар бир спортчи мусобақада аввало олтин медални қўлга киритиш учун қатнашади. Ғолиблик нашидасини суриш иштиёқи уни ўз устида ишлаш, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишга ундайди. Буни белбоғли курашнинг классик йўналишида вазни 100 килограмдан ошиқ бўлган полвонлар ўртасида ғолиб бўлган Шерзоджон Раҳимов мисолида ҳам кўриш мумкин. У чорак финалда туркманистонлик Мурат Жумаев билан рўбарў келди. Турнирларда энг ноқулай ва хавфли рақиб одатда мезбонлар вакили бўлади. Аммо полвонимиз ўз маҳоратини ишга солиб, рақибини енгди ва ярим финалда тожикистонлик Маҳмад Мировдан устун келди.
Ниҳоят, ҳал қилувчи беллашувда яна мезбон курашчиси — Аҳал Балларов билан курашди. Ҳаяжонли баҳсда Шерзоджоннинг қўли баланд келди ва олтин медалга сазовор бўлди.
Ундан сўнг Ҳусниддин Рўзиев ҳам зафар қучди. У ҳам ҳал қилувчи учрашувда туркман полвони Хонгелди Аллаковни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Терма жамоамиз ҳисобига ёзилган навбатдаги олтин медални ҳам курашчиларимиз, аниқроғи, Обидали Мавлонов қўлга киритди. У ўз вазн тоифасида финалгача етиб бориб, мезбонлар спортчиси Овозгелди Бердиевнинг курагини ерга теккизди ҳамда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Қувонарлиси, шу куни вакилларимиз олтинларимиз сонини янада кўпайтиришди. Кураш бўйича хотин-қизлар ўртасида ҳамюртимиз Раҳима Йўлдошева ўз вазн тоифасида гиламга чиқиб, Осиё ўйинлари ғолиби бўлди.
Белбоғли курашнинг классик йўналишида терма жамоамиз аъзоларидан Исломжон Қўлдошев, Элдор Неъматов, Шаҳзода Эргашева, Дилафрўз Мамажонова кумуш, Одилжон Суюнов, Ҳусан Носиров, Файзулло Умматов, Ҳавасхон Жўрақўзиева эса бронза медаль билан тақдирланди.
Албатта, Ашхободда давом этаётган спорт фестивалида нафақат кураш, балки бошқа спорт тури бўйича ҳам ҳамюртларимиз фаоллик кўрсатмоқда. Жумладан, енгил атлетикачимиз Елена Смолянова ядрони 15.60 метрга улоқтириб, мусобақа кумуш медали соҳиби бўлди. Еттикураш баҳсларида эса Марат Ҳайдаровга бронза медаль насиб қилди. Таэквондо бўйича кечган курашда Ниёз Пўлатов, муайтай жангларида Уббиниёз Тўраниёзов учинчи ўринни эгаллади.
Таэквондо бўйича 73 килограмгача бўлган хотин-қизлар баҳсида эса Светлана Осипова финалгача етиб борди ва ҳал қилувчи учрашувда Жанубий кореялик Мина Мёнгга енгилиб, кумуш медаль билан тақдирланди. 53 килограмгача бўлган таэквондочилар қарама-қаршилигида Динорахон Мамадиброҳимовага бронза медаль тақдим этилди.
Оғир атлетика бўйича ўз маҳоратини намойиш этган спортчимиз Достон Ёқубов бу сафар кумуш медаль билан чекланди. Унинг жамоадоши Муаттар Набиева ҳам терма жамоамиз ҳисобига битта кумуш медални қўшиб қўйди.
Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи матчда Малдив ороллари терма жамоасини 9:1 ҳисобида енгиб, кутилмаганда Афғонистон терма жамоасига ютқазди, Хитой терма жамоаси билан дуранг ўйнади. Баскетбол (3х3) баҳсларида терма жамоамиз аъзолари Непал вакилларини 18:16 ҳисобида мағлуб этди.
Шуни ҳам айтиш жоизки, Ўзбекистон терма жамоаси бир қатор спорт турларида ўзининг иккинчи таркиби билан мусобақага йўл олганига қарамай, натижалар юқори бўлмоқда. Масалан, айни кез умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон спорт делегацияси медаллар жамғариш бўйича 3-ўринда бормоқда. Бу мамлакатимизда яратилган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган улкан эътибор ўз самарасини бераётгани, бири-биридан кам бўлмаган, чинакам рақобатчи спортчиларимиз сони тобора ортаётганидан дарак беради.
Шундай экан, Ашхобод шаҳридаги муваффақиятларимиз кутилаётган олтин медаллар ҳисобига янада ўсиб боришига ишонамиз.
Мусобақалар давом этмоқда.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири