«Умид ниҳоллари», даврани кенгроқ олинг!
“Умид ниҳоллари” спорт мусобақаси минглаб ўқувчилар қалбида жисмоний тарбияга бўлган меҳр ва қизиқишни кучайтириб, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Спортга меҳр қўйган бундай ёшлар халқаро майдонларда юксак марраларни забт этиб, жонажон юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланган ёшлар соғлом ва баркамол бўлиб камол топиши эса ҳеч кимга сир эмас.
Бухоро вилоятида “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари ҳамиша ўзгача кайфиятда, кўтаринки руҳда ўтади. Муҳими, шу фестиваль баҳонасида ўнлаб янги номлар, бўлғуси чемпионлар кашф этилади.
— Жорий ўқув мавсумида ўтказиладиган «Умид ниҳоллари»дан умидимиз катта, — деди вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси Суҳроб Раҳимов. — Шу боис, мазкур мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўряпмиз. Спортнинг 23 тури бўйича ташкил этиладиган бу галги спорт ўйинларини юқори савияда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларини шакллантирдик. Бу спорт иншоотларида мусобақа иштирокчилари учун етарли шарт-шароит яратилиши ва тадбирлар рисоладагидек бўлишини таъминлайди.
Айни пайтда вилоят мактабларида дастлабки босқич беллашувлари ўтказилаяпти. Хусусан, Пешку туманидаги 11-мактабда бўлиб ўтган илк мусобақаларда ўқувчилар дўстона рақобатга киришди.
— Мактабимизда 1012 нафар ўқувчи ўқийди, — деди директор Неъмат Розиқов. — Улардан 500 нафари 12 турдаги спорт тўгаракларига қатнашади. Нуриддин Аъзамов, Фахриддин Ражабов, Аҳад Адизов ва Умид Розиқов каби тажрибали мураббийларимиз саъй-ҳаракати билан ўқувчиларимиз “Умид ниҳоллари” мусобақаларида фаол қатнашаяпти. Жорий ўқув йилида мураббийларимиз меҳнати ва ёш спортчилар маҳорати яна бир карра синалади. Улар «Умид ниҳоллари»нинг вилоят босқичида қатнашиб, ғолиб ва совриндор бўлишига ишонамиз.
— Ҳозиргача белгиланган спорт турларининг 17 таси бўйича илк саралаш мусобақаларини ўтказдик, — дейди жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Нуриддин Аъзамов. — Аввал ўқувчиларга мазкур спорт турлари бўйича батафсил тушунча бераяпмиз. Бунинг учун фойеда «Умид ниҳоллари — 2018» бурчаги ташкил этилди. Унда машҳур спортчиларимиз эришган ютуқлар ва суратлар, ўқувчилар қизиқишини оширувчи турли стендлар жойлаштирилган.
* * *
Навоий шаҳридаги 10-мактаб ўқувчилари кейинги йилларда турли спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб, шаҳар ва вилоят миқёсида ажойиб натижаларга эришмоқда. Барча спорт инвентарлари билан жиҳозланган 24х12, 12х12 метр ҳажмдаги иккита спорт зали, шунингдек, стол тенниси хонаси спортсевар ёшлар ихтиёрида.
Муассасада 45 нафар вилоят, 32 нафар республика чемпиони, 5 нафар халқаро турнир совриндори таълим олмоқда. Жумладан, 10-синф ўқувчиси Юлдуз Усмонова қиличбозлик бўйича Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида, Зиннура Баҳриддинова бадиий гимнастика бўйича Қозоғистонда ташкил этилган халқаро турнирда, Маҳмуд Сайдуллаев эса юнон-рум кураши бўйича пойтахтимизда уюштирилган халқаро хотира турнирида совринли ўринларни эгаллади.
— Мактабимизда ўқувчиларнинг энг севимли спорт тадбири — “Умид ниҳоллари”га қизғин тайёргарлик бошлаб юборилган, — деб ҳикоя қилади жисмоний тарбия фани ўқитувчиси, кураш бўйича спорт усталигига номзод Алишер Очилов. — Ҳозир мактабимизда спортнинг 16 тури бўйича ташкил этилган тўгаракларга қатнаётган ўқувчилар орасида “Умид ниҳоллари — 2015” беллашувларида яхши натижа қайд этган Анора Шамсиева, Дилфуза Ҳамидова ва Юлдуз Усмонова сингари ёшларимиздан умидимиз катта.
Эътиборлиси, “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари иштирокчилари фақат жисмоний жиҳатдан эмас, балки руҳий ва маънавий жиҳатдан ҳам ўсиб, ўз тенгдошларига намуна бўлишга интилмоқда. Спорт машғулотларида тобланган бундай ёшлар аниқ ва гуманитар фанларни ҳам катта қизиқиш билан ўзлаштиряпти.
* * *
Урганч туманидаги 19-мактабнинг спорт зали бироз таъмирталаб бўлса-да, ўқитувчи ва ўқувчиларда жисмоний тарбия ва спортга бўлган эътибор ва иштиёқ юқори эканига гувоҳ бўлдик. Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, ака-ука Абдулла ва Мансур Бобожонов саъй-ҳаракати билан мактаб ўқувчилари “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларида кўп йиллардан бери муносиб иштирок этиб келмоқда.
Мактабда қўл тўпи бўйича ўғил болалар ва қизлар жамоаси 2003 йилдан буён мунтазам шуғулланиб келмоқда. Эътиборлиси, 2006 йили мактаб гандболчилари “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларида вилоятда 2-ўринга кўтарилган ва ўшанда Мансур 9-синф ўқувчиси эди. Унинг мазкур мусобақанинг республика бос¬қичида фаол иштироки мактаб ўқувчиларига намуна қилиб кўрсатилади.
2008 йили бўлиб ўтган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасида қизлар жамоаси туманда тенгсиз бўлди ва 2012 йилгача биринчи ўринни қўлдан бермади. Абдулла Бобожонов ўз ёнига олий ўқув юртини тамомлаган укаси Мансурни чорлагач, ютуқлар кўлами янада ортди. Хусусан, 2012 йилда 10-мактаб ўқувчиларининг қўл тўпи жамоаси (ўғил болалар) вилоят биринчилигида ҳам ғолиб бўлиб, республика ҳудудий бос¬қичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилояти вакилларидан устун келиб, Навоий шаҳрида ўтказилган финал босқичида фаол қатнашди. Шундан буён Бобожоновлар шогирдларига вилоятда тенг келадиган жамоа топилмаяпти.
— Жорий ўқув йили давомида ўтказиладиган навбатдаги «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларининг вилоят босқичигача ҳали бир қатор синовлар бор, — дейди мураббий Мансур Бобожонов. — Шундай бўлса-да, бошқа туманлардаги ёшлар билан муносиб рақобатлашиш учун пухта ҳозирлик кўраяпмиз. Ҳозир асосан 9—10-синф жамоаларини шакллантиришга эътибор қаратяпмиз. Уларни катта залларга кўниктириш учун Урганч давлат университети ва Олимпия захиралари коллежи майдонларига олиб бориб, катта ёшдагилар билан мусобақага тушираяпмиз.
Ҳа, жисмоний ва руҳий тайёргарлик пухта бўлса, рақибни енгиш осонлашади. Тажрибали ва талабчан мураббийлар ва етарлича шароитга эга мактаб ўқувчилари бу галги «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларида фақат қўл тўпи ёки волейбол эмас, балки бошқа спорт турлари бўйича ҳам бир қадам олдинга юришни кўзлаяпти. Бунда уларни ота-оналар, ўқитувчилар, маҳалладошлар қўллаб-қувватлаб турибди.
Ирода ОРИПОВА,
Ойбуви ОЧИЛОВА,
Маҳмуд РАЖАБОВ,
«Ma’rifat» мухбирлари