Соғ танда — соғлом ақл
Ёз мавсумида сув, ҳаво ва қуёш ваннаси болаларга завқ берадиган фойдали табиий муолажадир. Ёш организмга сув ҳавзаларидаги илиқ сув роҳат бағишлайди. Бола танига хуш ёқиб, фаоллигини таъминлайди. Умуртқа поғонасининг қийшайиши, яъни сколиознинг олдини олиб, жисмоний ривожланишига ёрдам беради. Шу маънода, пойтахтимиздаги 182-МТМда болаларни чиниқтиришга алоҳида эътибор берилиб, қуёш, қум ва сув ваннасидан оқилона фойдаланилаяпти. Ҳар бир гуруҳнинг чўмилиш графиги белгилаб олинган.
— Бугунги кунда ота-оналар ва шифокорлар болаларни табиий йўллар билан соғломлаштиришга катта аҳамият қаратмоқдалар. Бунда энг яқин кўмакчи — тоза сув. Бола сувда яйраб чўмилганда организмидаги модда алмашинуви яхшиланади, иштаҳаси очилади,— дейди таълим муассасаси мудираси Дилфуза Мусаева. — Тарбияланувчиларимиз бу тарзда табиий чиниқтирилганда, қишки мавсумда касалликка чалиниш ҳоллари кам учрайди. Бунда боғча ҳамшираларининг ҳар кунлик сув алмаштирилиши ва ҳароратини назорат қилиб бориши, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиши муҳим аҳамиятга эга.
Соғ танда — соғлом ақл, деб бежиз айтилмайди. Ёзнинг шифобахш сувида саломатлигини мустаҳкамлаган болалар билимларни мустаҳкамлаш ва тасвирий фаолият машғулотларида ҳам фаол иштирок этишмоқда. Бу машғулотларда болаларнинг ижодий кўникмалари ривожлантириб борилади. Математик фигуралар билан ишлаш малакалари ривожланиши билан бир қаторда, қўл моторикаси, деталларни тўғри танлаш кўникмалари ҳам шаклланиб боради. Энди улар бемалол қайчини ишлата олади, мантиқий леголарни жойлаштириб, ранг танлашда адашмайди. Бу болаларнинг мактабда қийналмасдан ўқишида асқотади.
Насиба ЭРХОНОВА