Мактабгача таълим вазирлиги бир йилда нималарга эришди?
Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятининг бир йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб анжуман иштирокчилари пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 324-мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрди.
Ушбу муассаса кўп йиллар фойдаланилмай турган МТМ ўрнида қайта ташкил этилди. Муассасада болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашувчи алоҳида санъат хонаси ва спорт зали бор. Очиқ ҳавода жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини ўтказиш учун эса футбол майдончаси мавжуд.
Пресс-турдан сўнг журналистлар вазирликда ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди.
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Президентимизнинг жорий йил 30 сентябрда қабул қилинган «Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эртамиз эгалари камолоти учун олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиққани, шунингдек, мазкур ҳужжат соҳадаги қатор муаммоларни бартараф этишга асос бўлаётганини таъкидлади.
Анжуманда мазкур қарорда белгиланган вазифалар доирасида қилинаётган ишлар, истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб мактабагача таълим муассасасига қатнайдиган болалар учун жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш хизмати жорий қилинади. Боланинг ривожланиши, таълим олиши, соғлиғи тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, сақлаш ва бу ҳақда ота-оналарни хабардор қилиш имкони яратилади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, МТМларининг аксарияти собиқ советлар вақтида қурилган ва тубдан таъмирланмаган. Ойлик маошларининг узоқ йиллар давомида кўтарилмагани ҳам иш унумдорлигига салбий таъсир кўрсатган. Эндиликда, қарорга мувофиқ, МТМда кўрсатилган пуллик хизматларнинг 90 фоизини муассаса моддий-техник базасини кучайтириш ва ишчиларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш мумкин бўлади. Шунингдек, МТМларида дам олиш кунлари ва иш куни якунлангандан сўнг болаларни парваришлаш ва уларга қараб туриш, белгиланган дастурдан ташқари тўгарак машғулотларини ташкил қилиш сингари қатор қўшимча пуллик хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи бор.
Маълумот учун: ўтган бир йил мобайнида болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 27,7 фоиздан 35,4 фоизгача етди. Айни дамда 890 мингдан ортиқ болакай МТМга қатнамоқда. МТМлар сони янги қурилиш, қайта таъмирлаш ҳамда нодавлат секторининг жадаллик билан ривожланиши ва давлат-хусусий шериклик механизмининг жорий этилиши натижасида 5 минг 211 тадан 6 минг 607 тага етди.
Тадбирда шу ва янги мактабгача таълим муассасаларининг барпо этилиши, уларни ичимлик суви, газ ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлаш сингари масалалар ҳам муҳокама қилинди.
www.uza.uz