МТМдаги тўгараклар
болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишига хизмат қилмоқда
Мактабгача таълим муассасасида олинган билим, кўникма ва малака тарбияланувчиларнинг мактаб муҳитига тез ва осон мослашишига ёрдам беради. Болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишида, айниқса, тўгарак машғулотларининг ўрни катта. Бу борада Яккабоғ туманидаги 5-МТМда ўзига хос тажриба тўпланган. “Моҳир қўллар”, “Қўғирчоқ театри”, чет тили, жисмоний тарбия, рақс тўгараклари 110 нафар тарбияланувчининг баркамол вояга етишига хизмат қилаяпти.
— Муассасамиз ўқув жиҳозлари, кўргазмали қуроллар билан таъминланган бўлиб, машғулот давомида болалар билан барча имкониятлардан унумли фойдаланишга интилаяпмиз, — дейди тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Ойдин Абдуллаева. — Болалар дунёқарашини ўстириш, майда қўл моторикасини ривожлантиришда пластилиндан турли шакллар ясаш, расм чизиш маш¬ғулотлари муҳим аҳамият касб этади. Тарбияланувчилар ясаган буюмлар, чизган расмлардан кўргазмали восита сифатида фойдаланилади.
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ