Бувилар ибрати — қизларга мактаб
Қизларимизни ҳар томонлама намунали камол топтириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида 3—6 ёшли тарбияланувчиларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини эрта бошлашга йўналтирилган “Зумрадойлар давраси” тўгараклари ташкил этилган. Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган “Зумрадойлар давраси” ўқув-услубий қўлланмаси тўгарак фаолиятини йўлга қўйишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қўлланмада жажжи қизалоқларни назокатли, иродали, одобли қилиб тарбиялаш, уларда ростгўйлик, камтарлик, хушмуомалалик, шахсий гигиенага риоя этиш каби хислатларни шакллантириш зарурлиги алоҳида белгилаб қўйилган.
Яшнобод туманидаги 141-«Мойчечак» мактабгача таълим муассасасида бўлиб ўтган амалий семинарда «Зумрадойлар давраси» тўгаракларини намунали ташкил этиш, жажжи қизалоқларни мавзуга қизиқтиришга доир масалалар хусусида сўз юритилди. Тумандаги барча МТМ мудиралари, тўгаракларни ташкил этиш бўйича масъул ходимлар, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари иштирок этган анжуманда энг сара тажрибалар намойиш этилди.
— “Зумрадойлар давраси” тўгаракларини ташкил этишда маҳалладаги фаол аёллар, спорт, таълим, мусиқа ва санъат соҳасида муваффақиятга эришган ўқувчи-қизларнинг иштирокини таъминлаяпмиз, — дейди 141-МТМ мудираси Гулнора Мадаминова. — Маҳалладаги бувижонлар қизалоқларимизга одоб-ахлоқ, озодалик, хушмуомалалик, дўппи тикиш, нон ёпиш, пазандалик ҳақида маълумот бермоқда. Катта ёшдаги опалари яхши таълим олиб, санъат ва спорт билан шуғулланиб, қизларга хос касб-корни эгалласа, келажакда ота-онаси, яқинларига, эл-юртга фойдаси тегишини уқтиради. Фикрларини ўзлари эришаётган муваффақиятлар мисолида далиллаб берадилар.
Тақдимотда онахонлар қизалоқларга нон қадри тўғрисида гапириб берди. Болалигини хотирлаб, бугунги тўкин-сочинликка шукрона қилишда ҳикмат кўплигини тушунтирдилар.
Тарбияланувчилар “Бир бурда нон” деб номланган саҳна кўриниши намойиш этишди. Болажонлар далага сепилган доннинг не машаққатлар эвазига дастурхонимизга нон бўлиб етиб келишини жонли ифода этишди.
Саида ИБОДИНОВА,
журналист