Ғалвир сувдан кўтарилди
Юртимизда футбол мусобақаларини мириқиб томоша қилмайдиган одамни топиш мушкул. Айниқса, педагоглар мактаб ёки коллеждан уйга қайтгач, футбол ўйинини томоша қилиб, ҳордиқ чиқаришга одатланган.
Қолаверса, миллий терма жамоамизнинг сўнгги беш учрашувда фақат ғалаба қозонгани ҳам мухлисларни яна бир карра «миллионлар ўйини»га ошно қилди. Албатта, терма жамоамиз муваффақиятлари бежиз эмас. Бунга аввало ички чемпионатимизнинг савияси кўтарилаётгани, рақобат кучайиб, жамоалар кучи тенглашаётгани, футбол мамлакатимизнинг барча ҳудудида изчил ривожланаётгани, профессионал футбол клубларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ва спортчиларимизнинг маҳорати ошаётгани каби омиллар сабаб бўлаётганини айтиб ўтиш мумкин.
Айниқса, жорий йилда олий лига клублари ўртасидаги мамлакат чемпионатида ғолиб номи энг сўнгги турда аниқ бўлгани ишқибозларнинг эътиборини тортди. Баҳорнинг илк кунларида «жанг»га киришган 16 жамоадан учтаси — «Пахтакор», «Локомотив» ва «Насаф» клублари бутун мавсум давомида олтин медаллар учун жиддий курашди. Фақат сўнгги турларга келибгина қаршиликлар бироз омадсизликка учради ва асосий кураш пойтахтнинг икки етакчиси ўртасида кечди.
Олий лиганинг 30-тури арафасида «Пахтакор» жамоаси ҳисобида 72, «Локо»да эса 71 очко бор эди. 1 очколик фарқ ва тўплар нисбатидаги тафовут эвазига ортда бораётган «темирйўлчилар» Наманганда «Навбаҳор» билан ўйнади, «Пахтакор» эса ўз уйида турнир аутсайдерларидан бири «Андижон»ни қабул қилди. Чемпионат охирида бироз қаддини тиклаб, олий лигада жон сақлаш учун тиш-тирноғи билан курашга киришган «Андижон» жамоаси пойтахт грандига қарши дуранг ўйнай олса ва «Локо» сафарда «чақилмас ёнғоқ»лардан бири — «Навбаҳор»ни ютса, «Локомотив» клуби ўз тарихида илк марта Ўзбекистон чемпиони бўларди.
Бироқ совринларни яхши кўрадиган «Пахтакор» жамоаси меҳмонларни аяб ўтирмади — «Андижон» дарвозасини жавобсиз олти бор ишғол қилди ҳамда 75 очко тўплаб, 11-маротаба мамлакат чемпиони бўлди. «Локомотив» эса наманганликларни 3:2 ҳисобида енгди ва 74 очко эвазига кумуш медаль соҳиби бўлди. Учинчи ўринни жорий мавсумда Ўзбекистон кубоги ғолиби бўлган «Насаф» клуби банд этди. Улар сўнгги турда Муборакка сафар қилиб, кичик ҳисобда енгилди ва 62 очко билан чекланди.
Тўртинчи ўринни олган «Бунёдкор» эса 30-турда «Қўқон—1912» клуби билан куч синашиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва 59 очко билан чемпионатни якунлади. Кучли бешликни Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси тўлдирди. Водийликлар охирги учрашувни ўз майдонида Навоийнинг «Қизилқум»ига қарши ўтказиб, (2:0) енгди ҳамда 54 очко билан кифояланди.
Шунингдек, сўнгги турда Жиззахда «Сўғдиёна» меҳмони бўлиб, 2:3 ҳисобида енгган «Бухоро» очколарини 26тага етказди ва 14-ўринга кўтарилиб, биринчи лигага тушиб кетишдан қутулиб қолди. 15-ўринда қолган «Сўғдиёна» эса бугун «Олмалиқ» клуби стадионида «Оқтепа»га қарши олий лигага ўтиш учрашувида майдонга чиқади. Чемпионат давомида атиги 25 очко тўплаган Самарқанднинг «Динамо»си эса олий лига билан хайрлашди.
Зоҳиджон ХОЛОВ