Бугуннинг ҳақиқати
Инсон, аввало, инсон бўлгани учун ҳурмат-эътибор, меҳру-муҳаббатга муносибдир. Баъзан шу оддий ҳақиқатни унутиб қўямиз. Халқ билан мулоқотда ҳам инсонга инсондай муносабатда бўлиш, уни тушуниш, дардини тинглаш, оғирини енгил қилиш, ёрдам беришга ошиқиш муҳим мезон ҳисобланади. Айни пайтда мамлакатимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, олиб борилаётган изчил ислоҳотлар шу ҳақиқатни бот-бот ёдга солиб турибди. Ростдан ҳам, юртдошларимиз ҳаёти, руҳияти, дунёқарашида яхши янгиланишлар бўляпти. Энг муҳими, шароитдан оқилона фойдаланиш, ишончни суиистеъмол қилмаслик керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхоналари фаолияти билан танишиш асносида ана шундай мулоҳазалар хаёлдан ўтди.
Жиззахга отланар эканмиз, ҳамроҳлар билан айни пайтдаги улкан ўзгаришлар ҳақида гурунглашиб кетдик. Баҳор нафаси воҳага ўзгача чирой бахш этган, кўнгил яйраб, кўз қувнайди. Кўклам тароватию бугунги бунёдкорликларга уйғун Жиззах жамоли янада бош¬қача. Бу жой билан боғлиқ ажиб хотиралар жонланади. Жиззахга илк бор бундан 18 йил бурун келган эдик. Ўшанда Республика ижодкор ёшларининг анъанавий анжуманида иштирок этиб, оламжаҳон таассуротлар билан қайтганимизни ширин энтикиш ила эслайман. Сўзлари ҳикматга эш улуғ шоир Абдулла Орипов, болаларнинг севимли шоири, юзидан нур ёғилиб турган Турсунбой Адашбоев, халқона оҳангларда эл дардини куйлаган эрка ва танти шоир Муҳаммад Юсуф... Яна кўп устоз адиблар – халқимизнинг суюкли фарзандлари қиёфаси кечагидек хаёлимда гавдаланади. Уларнинг кўпи бугун орамизда бўлмаса-да, ёруғ сўзлари, эзгу амаллари билан барҳаёт.
Кейин ҳам Жиззахга кўп йўлимиз тушди. Ҳар сафар ўша илк таассуротлар чўғи кўнгилда аланга олади. Дарвоқе, 2017 йилдан мамлакатимиз ижодкор ёшларининг анжумани яна Жиззахда — сўлим Зоминда ўтказила бошлади...
Сафарда Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова ҳамроҳ бўлди. У билан айни кунлардаги ўзгаришлар, жамият, маънавият, ижод, эътиқод ва шахсият хусусида суҳбатлашдик. Вилоятдаги адабий-маънавий муҳитни янада яхшилаш нияти билан астойдил хизмат қилаётган ижодкор “Ҳар нафасимиз адабиёт, маънавият, умуман, миллат камоли учун бахшида бўлсайди”, дейди.
Суҳбат тафти сўнмай, Президентнинг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонасига етиб келамиз. Бу ерда фуқаролар учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Даставвал мурожаатчи рўйхатдан ўтказилиб, мурожаат мазмуни билан танишилгач, ягона классификаторга мос равишда соҳа мутахассисига йўналтирилади. Ҳар бир мурожаат мутахассислар томонидан пухта ўрганилиб, ҳал этилади. Барча ходимлар аҳоли ташвишини аритиш билан банд, қўли қўлига тегмайди. Қабулхона фаолияти билан яқинроқ танишиш мақсадида Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари Алиқул Эржигитов билан суҳбатлашдик.
— Қисқа муддатда Халқ қабулхоналари фуқаролар мушкулини осон қилиб, ишончини қозонди, — дейди Алиқул Эржигитов. — Ариза ва шикоятлар 10—15 кун ичида тўлиқ ўрганилиб, имкони борича ҳал этилаётир. Ўтган йил давомида жисмоний ва юридик шахс¬лардан 30 мингдан зиёд ёзма ва оғзаки мурожаат келиб тушди. Улардан 22 мингтаси қаноатлантирилиб, 7 минг 607 таси бўйича тушунтиришлар берилди. Халқ қабулхоналари томонидан ишлаб чиқилган таклифлар асосида 46 марта тендер савдолари ўтказилиб, мингга яқин оилаларга уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратилди. Беш мингдан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди. Касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, аҳоли ўртасида профилактика ишларини ташкил қилиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида тиббий сайёр қабуллар ташкил этилди.
Суҳбат асносида мурожаатларга кўз югуртирамиз. Улар орасида иш билан таъминлаш, иш ҳақи, алимент, қарзларни тўлиқ ундириб беришни сўраганлардан тортиб ўз ҳудудидаги газ, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолардан куйиниб сўз очганлар, тендер орқали ер майдони олган бўлса-да, шу кунгача ўлчаниб, расмийлаштирилмаётганидан, баъзи корхоналар томонидан асоссиз қарздорлик белгиланганидан шикоят қилганлар, қатағон қилинган бобоси ҳақида архивдаги маълумотларни олиш учун амалий ёрдам сўраганлар бор. Ушбу муаммоларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган.
Жумладан, Жиззах шаҳри “Дўстлик” маҳалласида яшовчи У.Ғаффоров Жиззах шаҳридаги Халқ қабулхонасига Қалия ва Олмос кўчаларидаги қувурлар ёрилгани оқибатида кўп миқдорда ичимлик суви исроф бўлаётганини ёзиб, қувурни таъмирлаш учун амалий ёрдам сўраган.
Мурожаат мутахассислар томонидан ўрганилиб, ичимлик суви қувуридаги носозликлар бартараф этилган. Ғаллаорол туманида яшовчи А.Холтўраев II гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғини вилоят кардиология диспансерида даволатиш ва унга Тошкент шаҳридаги клиникага ордер ажратишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Сўровни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари ўрганиб, қаноатлантирган. Бундай мисоллар кўп.
Тан олиш керак, айрим раҳбарлар, мансабдор шахслар халқимиздан шу қадар узоқлашиб кетган, халқ таъбири билан айтганда, оёғи ердан узилган эдики, уларнинг қабулига кириш, муаммо ёки таклиф-мулоҳазалар билан мурожаат этиш кўпчилик учун қийин иш эди. Бугун эса шахсан Президентимиз ташаббуси ва намунаси билан раҳбарларнинг ўзи
халқни тинглаш, одамлар дардига малҳам, муаммоларига ечим топиш учун шай!
Аҳоли-чи, Халқ қабулхоналари ҳақида етарлича тушунчага эгами? Мурожаат маданияти қай даражада? Шулар билан қизиқарканмиз, кўпчиликдан Халқ қабулхоналари ҳақида ижобий фикрлар эшитдик. Мурожаатлар орасида кўнгилни хира қилувчи ҳолатлар ҳам бор, албатта. Оддий мантиқ ва соғлом фикрга мос бўлмаган мурожаатлар билан бошқалар вақтини ўғирламаслик кераклигини фуқаролар тушуниб етмоғи, мурожаат мазмуни, келтирилган далил ва рақамларга жавобгарлигини, энг муҳими, бу давлат раҳбари даражасида кўриб чиқилишини ҳис қилмоғи лозим.
Пахтакор туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳаким Худойбердиев билан шулар ҳақида суҳбатлашдик.
— Тунов куни бир онахон уй сўраб мурожаат қилди, — дейди қабулхона мудири. — Суриштирсам, ўзи нафақада, бир неча фарзанди бор. Ўғиллари ҳам топармон-тутармон. Бу каби уй-жой сўраб мурожаат қилаётганлар жуда кўп. Шу боис онахонга бафуржа тушунтирдим. “Кўряпсиз-ку, ногиронлар ҳам ўз-ўзидан уй олмаяпти. Ахир, оила аъзоларингизнинг ҳаммаси соғлом, меҳнатга лаёқатли. Ҳатто ногиронлиги бўлганлар ҳам меҳнат қилиб уйга эришяпти”, дедим. Батафсил гаплашдик. Охири тушунди.
Ҳали айримларда етарлича ҳуқуқий билим бўлмагани сабаб тушунмовчиликлар ҳам бўлиб туради. Бундай ҳолларда мутахассислар маслаҳати аҳоли ҳуқуқий онгининг ўсишига хизмат қилмоқда. Ҳаммаси мурожаат қилиб келаётган юртдошларимизга масала ҳақида тўғри тушунча беришга боғлиқ. Лекин аввало, одамларнинг ўзида мурожаат маданияти шаклланиши керак.
Халқ қабулхоналарига мурожаатлар фуқароларнинг ўзи учунгина эмас, жамият, халқ учун ҳам манфаатли бўлса, қандай яхши...
Ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Биз халқ, миллат сифатида қанчалар улуғ бўлсак, ўзимизга яраша ожиз томонларимиз, қутулишимиз керак бўлган иллатлар ҳам етарли.
Кўриб-кузатиб турибмиз, тепса-тебранмас баъзи тоифа ҳали ҳам уйғонгани йўқ. Ўз хизматига виждонан ёндашгани ёки инсон тақдирига масъул экани учун эмас, “Порталга ёзиб юбормасин”, деб фуқароларга базўр муомала қилаётганлар ҳам бор. Лоқайдлик, боқимандалик, маҳаллийчилик, қоғозбозлик, порахўрлик каби иллатларга ҳар бир кишининг ўзи қарши тура олиши зарур.
“Ҳақни рози қилиш учун халқни рози қилиш керак”, дея куйиниб таъкидлаётган ва, энг аввало, ўзи шу тамойилга қатъий амал қилаётган Президентга халқимиз ҳам ёрдам бериши, эзгу ишларда доимий хайрихоҳ бўлиши керак.
Беҳзод ФАЗЛИДДИН