Педагогнинг стажи муҳим эмасми?
Ўқитувчининг малака ва маҳоратига қараб ойлик маош тўлаш, ижодкор, изланувчан педагогларни рағбатлантириш таълим муассасасида соғлом рақобат муҳитини яратади. Шу мақсадда умумий ўрта таълим муассасалари педагог кадрлари ҳам муайян муддатда аттестациядан ўтказиб борилади. Жорий йил бу тизим янада такомиллаштирилиб, аттестация жараёни шаффоф ва адолатли ўтиши учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига юклатилди. Бундан аксарият ўқитувчилар хурсанд бўлдик, аммо вақт ўтиши билан қатор муаммолар бўй кўрсатмоқда.
“Ma’rifat” газетасида (2018 йил 28 апрель) чоп этилган “Ўқитувчига эркинлик беринг! Ёхуд сертификатли муаллим керакми ёки малакали?” номли мақолада айни шу муаммо ва камчиликлар кўтарилибди. Биз ҳам мақоладаги фикр¬ларга қўшилган ҳолда, таклиф, мулоҳазаларимизни билдирмоқчимиз.
Биринчи навбатда аттестация жараёнида асосий эътибор тест натижасига қаратилаётгани ачинарли. Бу малакали ва маҳоратли педагогни аниқлашга камлик қилади. Қолаверса, имтиҳонда 60 балл тўплаган 30—40 йиллик тажрибага эга, ўқувчилари турли кўрик-танловларда юқори натижа қайд этган ўқитувчилар мутахассис — энди институтни битириб келган ёш ўқитувчи даражасига туширилиши ақлга сиғмайди. Бу кўп устозларнинг соғлиғига салбий таъсир қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, тест натижаси ўқувчилар қалбидан ўрин олган, маҳоратли ўқитувчини синдирмоқда.
Мукаммал тузилмаган тест саволлари ўрнига шу ўқитувчи билан суҳбат ўтказиш, лозим бўлса, дарсини кузатиш, иш самарадорлигини ўрганиш аттестациянинг янада шаффоф ва адолатли бўлишини таъминламайдими? Аттестация жараёнида малака тоифаси учун етмаган 2 ёки 3 бални шу тарзда тўплашга имкон бериш мумкин эмасми?
Ахир бошқа соҳаларда ходимга иш стажи инобатга олиниб, тоифа, даража белгиланади-ку?! Нега ўқитувчининг иш стажи умуман эътиборга олинмаяпти? Тажрибали устознинг салоҳияти биргина аттестация натижаси билан йўққа чиқарилиши тўғрими? Ўқитувчининг маоши ўзингизга маълум. Вақт масаласида ҳам вазият мақтанарли эмас. Мисол учун, барча касб эгалари ишдан кейин уйда бемалол дам олса, ўқитувчи туну кун тинмайди.
Шуларни ўйлаб, юқорида зикр этилган мақола муаллифининг таълимга малакали, фидойи, узоқ йиллардан бери муваффақиятли ишлаб келаётган мураббий керак эмасмикан, деган фикрига беихтиёр қўшиласиз...
Насиба ДУШАЕВА, Баҳодир НОРАЛИЕВ, Барно НОРАЛИЕВА, Санам МИРАҲМЕДОВА, Гулсара АБДУХОЛИҚОВА, Маҳбуба ЙЎЛДОШЕВА, Нилуфар РАЗЗОҚОВА, Шоира ЙЎЛДОШЕВА,
Ангрен шаҳридаги 43-мактаб ўқитувчилари