Таълимдаги ислоҳотларнинг янги босқичи
Бугун Ўзбекистон таълим тизимида қандай янгиликлар амалга оширилмоқда? Ўқитувчилар нуфузини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар мазмун-моҳияти нималардан иборат?
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида шу ҳақда сўз борди.
Унда халқ таълими вазири Ш.Шерматов, вазир ўринбосарлари, тизимдаги масъул ходимлар, экспертлар иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги икки ой мобайнида халқ таълими тизимида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди. Давлат раҳбарининг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, педагог кадрлар обрўсини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қарор ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш, яъни хизмат вазифаларига бевосита кирмайдиган ҳар қандай ишлардан озод этиш ва маошини кўтариш, шунингдек, қўшимча рағбатлантирувчи чораларни кўришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 сентябрдан эътиборан ўқитувчилар, таълим тизими ходимларининг ойлик маоши оширилди.
Халқ таълими вазири Ш.Шерматовнинг таъкидлашича, 2019 йилнинг январь ойидан эътиборан олий тоифали юқори синф ўқитувчиларининг ойлиги 1 миллион 700 мингдан 2 миллион 500 минг сўмгача белгиланди. Энг кўп ойлик бошланғич синф ўқитувчиларига берилиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, мактабларда психологларга ҳам эҳтиёж жуда юқори. Чунки мактаб ёшидаги бола турли йўлларга оғиб кетиши, жиноятга қўл уриши мумкин. Шу сабабли психологларнинг маошини кўтариш ҳам асосий вазифа саналади.
Тадбирда таълим тизимига давлат-хусусий шериклик муносабатларини жорий этиш хусусида сўз борди. Маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги 9 минг 628 мактабнинг 70 таси хусусий ҳисобланади. Қайд этилганидек, таълим соҳасига тадбиркорларни кенг жалб этиш, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш яхши самара беради. Бу тизимда соғлом рақобатни шакллантириб, соҳа ривожига хизмат қилади.
Шу кунларда хусусий мактаблар сони ва сифатини яхшилаш, уларнинг масъул ходимларини таълим тизимидаги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида тадбирлар ўтказилмоқда. Шунингдек, хусусий мактаблардаги муаммолар ўрганилиб, уларга ечим топилмоқда.
Президентнинг 2018 йил 9 августдаги "Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига кўра, 150 та умумтаълим мактабида мажбурий мактаб дастури доирасида ўқувчиларга синов тариқасида шахматни ўргатиш кўзда тутилмоқда.
Жорий йилнинг 15 августида Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан давлат умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун намунавий мактаб формасини ихтиёрий равишда, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий равишда жорий этилади.
2018/2019 ўқув йили бошланишига оз фурсат қолди. Олдинда таълим тизимидаги катта ислоҳотларни изчил ва самарали амалга ошириш масаласи турибди.
Нурилло НАСРИЕВ