“Орзу-армонларим ушалди”
Шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатга “Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир”, деган сўзлар ўзбек ва инглиз тилларида битилган. Ҳеч кимга қарам бўлмаган, барча давлатлар билан тенг ҳуқуққа эга давлатнинг фуқароси бўлиш, аниқроқ айтганда, унинг ҳимоясида эканлигини англаш ҳақиқий бахтдир.
Юртимизда истиқомат қилиб, мамлакатимиз таррақиётига муносиб ҳисса қўшаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилиши мамлакатимизда инсонпарварлик сиёсати изчил амалга оширилаётганидан далолат беради.
Зарбдор туманида 26 йилдан буён яшаб келаётган Карим Холиқов Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниб, Конституциямизда белгиланган барча ҳуқуқларга эга бўлган юртдошларимиздан биридир. Касби агроном бўлган бу инсон ўзининг фидойилиги билан эл ичра обрў-эътибор қозонди.
— Фуқаролигим бўлмагани боис, ҳуқуқларим чеклангани юрагимда армон эди, — дейди у киши. — Бугун армонларим ушалди. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини олишга муяссар бўлдим. Бу бахтни узоқ йиллар кутдим. Ўзбекистон тараққиётига камтарона улуш қўшиш менга ҳамиша завқ-шавқ бағишлайди.
“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасида мамлакатимиз ҳудудида ва унинг ташқарисида фуқаролар ҳуқуқ, эркинлик ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши алоҳида қайд этилган. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда истиқомат қилиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган кўплаб инсонлар ҳаёти қувончга тўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 майдаги фармони билан Навоий вилоятида яшовчи 5 нафар юртдошимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Улар орасида зарафшонлик Камолиддин Маматқулов ҳам бор.
— Қанчалик бахтиёрлигимни сўз билан ифодалаш қийин, — дейди “Навоий кон-металлургия” комбинатига қарашли 2-гидрометаллургия заводи ишчиси Камолиддин ака. — Ҳис-ҳаяжонли дамларни 22 йил кутдим. Андижон вилояти Пахтаобод туманида туғилганман. Беш нафар фарзандимни ана шу юртда вояга етказдим. Қўлимга тантанали равишда топширилган фуқаролик паспорти менинг шахсимни тасдиқловчи асосий ҳужжат бўлибгина қолмай, ғурур-ифтихор рамзи ҳамдир. Энди ана шу ҳужжат ҳаётимдаги барча расмий жараёнларга асос бўлади.
1980 йили Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятида туғилган, ҳозир Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида истиқомат қилувчи Сирожиддин Халилов 2017 йил 13 октябрда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
— Ховос туманидаги “Ховос олтин бургут” фермер хўжалигида меҳнат қиламан, — дейди у. — Орзум ушалди. Дунёдаги энг тинч, фаровон, халқи ҳамжиҳат мамлакатда яшаш насиб қилганига минг карра шукр! Миллий ифтихоримиз — Ўзбекистон паспортини кўрсам, ҳавас қилар, армон дилимни ўртарди. Айниқса, сиёсий кампания — сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга эмаслигимдан неча бор афсусланганман. Энди менга ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқароси сифатида ҳурмат-эҳтиром кўрсатишади. Президентимиздан, халқимиздан чексиз миннатдорман! Куч-ғайратимни ана шу юрт, ана шу халқ фаровонлиги йўлида сарфлайман.
Иродабону АВВАЛБОЕВА