Ҳақиқатга айланган афсона
Мухтор бобо чўлдаги қариндошларидан хабар олиш учун сафарга отланди. У ўтирган енгил автомашина Тошкент – Термиз йўлидан Дўстлик туманидаги Манас қишлоғи томон бурилди. Елдек учиб бораётган машина ойнаcидан атрофни кузата туриб бобо бироз иккиланди: ўнқир-чўнқир, нотекис йўлларга ўрганиб қолгани учунми, ҳайрон бўлиб, ҳайдовчига юзланди:
— Мен Манас қишлоғига боришим керак! Адашмадикми?!
— Манасга кетяпмиз, отахон! Хотиржам бўлинг! — йўловчини тинчлантирди ҳайдовчи. — Бу қишлоққа яқин орада келмаганга ўхшайсиз?
— Ўтган йилнинг кузида келувдим, шекилли.
— Унда ўзгаришлардан бехабар экансиз, бобо. Йил бошидан бери, эҳ-ҳе, қишлоқда катта ўзгаришлар бўлиб кетди!
Бекатда тушиб қолган Мухтор бобо манзарадан лол қолди: тушими-ўнгими? Текис ва равон йўл чеккаси бетон ариқ ва манзарали дарахтлар билан ўзгача чирой касб этиб турибди. Шифери ёрилиб-синиб кетган уйларнинг томи бутунлай янгиланган. Бир хил рангдаги девор, дарвоза киши кўзини қувнатади.
Бобо йўл-йўлакай болалар ўйин майдончаси, шинам бозор, савдо шохобчаси, мактаб ва боғчани кузатар экан, мамнун бўлди. Ёзда чанг, қишда лойга ботиб кетадиган кўчалар, қинғир-қийшиқ деворлар ўрнида тамоман янгича маскан! Айтганча, маданият саройи ва оилавий поликлиника Манасга кўрк қўшиб турибди. Харобасифат қишлоқ врачлик пунктига кирган одамнинг кўнгли ғаш бўларди. Энди у нақ кошонага ўхшайди. Тиббий кўрикка келаётган кексаю ёш, эркак-аёлнинг кети узилмайди. Қувонч ва ҳайрат билан бобо кўзлаган манзили – қариндошининг ҳовлисига тусмоллаб етиб келганини сезмай қолди.
Фахрий ўқитувчи Мухтор бобонинг ҳайратга тушгани бежиз эмас. Қисқа муддатдаги бундай ўзгаришлар, одатда, эртак ва афсоналарда учрайди. Бобонинг кўриб турганлари эса афсона ҳам эмас, туш ҳам эмас, ҳақиқат. Бу халқнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўлида ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсатидан далолат беради. Аслида, бу мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли ишлардан бир шингили, холос.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” Дастури тўғрисида”ги фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бутун юртимиз бўйлаб кенг кўламдаги ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш учун асос бўлди.
Олис қишлоқ ва маҳаллалар қиёфасини тубдан яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган бунёдкорлик ишларининг илк манзили сифатида Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини танланганди. Кейинги йилларда қишлоқ инфратузилмаси анча издан чиққан эди. Болаларнинг таълим-тарбия олиши учун зарурий шароит яратиш, вақти-вақти билан аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни энг зарур 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон ва мосламалар билан таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уй-жой ва йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш, иссиқхона ташкил этиш учун банкдан имтиёзли кредит ажратиш масалалари Манасда ижобий ҳал этилди. 1045 та хонадонда, 6 миллат вакилларидан иборат аҳоли Манас қишлоғининг ўзгарган қиёфасидан фахрланади. Қишлоқда наридан-бери қурилган иморатлар бузиб ташланди. Кўп қаватли уйлар ёнида замонавий тандирхона ва бошқа маиший қулайликлар яратилди.
Дастур асосида 32 та кўп қаватли уйнинг томи тўлиқ таъмирланди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 65 километр узунликда сув қувури ётқизилди. 41 километрлик жойда коллектор-дренаж тармоғи тозаланди. Барча маданий-маиший ва таълим масканлари қайтадан чирой очди.
Манасга ташриф буюрган мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев янгиланган қишлоққа халқнинг ўзи баҳо беришини таъкидлади. Жиззах вилоятидаги қурилиш-таъмирлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар, умумхалқ хашарида иштирок этган барча кишилар шаънига дуо ёғилмоқда.
— Қишлоғимиз чўлдаги мўъжизанинг ўзгинаси бўлди, — дейди ҳаяжонини яшира олмай 5-умумтаълим мактаби директори Холбўта Мингжигитов. — Дастур доирасида спорт зали, ошхона, физика ва кимё лабораториялари таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Таълим ўзбек ва қирғиз тилида олиб бориладиган мактабимизда янги 2018-2019 ўқув йили аъло кайфиятда қарши олинмоқда. Бўш турган хоналарда ўтган ўқув йили ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этган эдик. Қўшни 12-мактаб ёшлари ҳам бу ерда касб-ҳунар ўрганишлари мумкин. 10 та тикув машинаси, темир ва тахтага ишлов бериш ускунаси, 15 та компьютер ўрнатилган. Ўғил болалар чилангарлик, дурадгорлик касб малакаларини ўзлаштирса, қизлар тикувчилик сирларини ўрганади.
“Манас”даги яна бир таълим маскани – 12-мактаб жамоаси ҳам ўқув йилига ўзгача тараддуд кўрди. Мактаб буткул янгиланди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Физика, кимё-биология хоналари лаборатория ускуналари билан бойитилди. Чет тили, рус тили хоналарига АКТ ўрнатилган.
— Билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларида юқори натижага эриша олмас эдик, — дейди 12-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Роза Бакирова. — Фан кабинетлари номига ишлаган бўлса, ҳозирги имкониятлар жуда кенг. Энди нолишга асло ҳаққимиз йўқ.
Ўқув даргоҳида спорт зали, ошхона ишлаб турибди. Сунъий қопламали ўйин майдончаси ўсмирларни ўзига чорлайди. Қишлоқда 2 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд. 17-МТМ 200 ўринга мўлжалланган бўлса-да, “қўл учида” фаолият кўрсатарди. Дастур асосида 2 миллиард 700 миллион сўмлик иш бажарилгач, бу ерда 6 та асосий гуруҳга бириккан 150 нафар болани соғлом ривожлантириш имконияти вужудга келди. Спорт ва мусиқа зали, чўмилиш ҳавзаси, сунъий қопламали волейбол ва футбол майдончасини кўриб ҳавас қиласиз. Тарбияланувчилар қамровини янада кенгайтириш учун 2 та гуруҳда 50 нафар ўғил-қиз қисқа муддатли гуруҳда мактабга тайёрланмоқда. Боғча қошида рус, инглиз тили, рақс тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. “Соғломжон-полвонжон”, “Мен оиламни яхши кўраман”, “Кичкинтой-ширинтой” спорт мусобақалари, расмлар танловининг туман ва вилоят босқичларида тарбияланувчилар фаол иштирок этмоқда.
Манасга ташрифи чоғида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишди. Бадиий асарлар, мусиқа асбоблари, спорт жиҳозлари билан таъминланган муассаса педагогик жамоаси билан давлатимиз раҳбарининг ўтказган очиқ мулоқоти унутилмас воқеа бўлиб қолди.
Ҳудуддаги 16-МТМ 1040 ўринга мўлжалланган. Йиллар давомида таъмирталаб бўлиб келаётган муассасани ободонлаштириш учун 4 миллиард 800 миллион сўм сарфланди. Бинонинг иккинчи қавати ҳам таъмирланиб, ишга туширилди. Иситиш тизими, иссиқ ва совуқ сув қувурлари таъмирланди. Натижада боғчанинг канализация тармоғидаги муаммолар ўз ечимини топди.
Истиқлолимизнинг 27 йиллик шодиёналари Манас қишлоғи аҳолисининг кўнгли тоғдек кўтарилмоқда. Дилни хижил қилувчи ўтмиш ёрқин келажакка ўз ўрнини бўшатиб берди. Халқ розилиги, инсонлар мушкулини осон, оғирини енгил қилиш савобнинг улуғ кўринишидир.
Абдусаттор СОДИҚОВ