Зуҳриддин Исомиддинов: “Тили йўқ халқ – дили йўқ одам”
Она тили софлиги, мавқеи, қадр-қимматини сақлаш ҳақида қайғуриш, бу борада жонбозлик, етакчилик барибир кўпроқ зиёлилар, олимлар зиммасига тушади. Ўзбек тилининг софлиги, бойлиги ҳақида кўп ёзадиган, асосли фикрлари билан жамоатчилик ўртасида муносабат уйғотадиган, фикрлашга ундайдиган инсон, таниқли публицист, таржимон, олим, энг асосийси, она тилимиз жонкуяри Зуҳриддин Исомиддинов билан суҳбатимиз тил ўрганиш, она тилимизга бўлган муносабат, фикрлаш, саводхонлик масалалари хусусида кечди.
— Зуҳриддин ака, бугун халқаро муносабатларда хорижий тилни билиш муҳим талабга айланган бир шароитда суҳбатимизни ёшларнинг чет тилларни ўрганишга иштиёқи, сўнгги йилларда мамлакатимизда тил соҳасида олиб борилаётган ишларга муносабатингизни билишдан бошласак.
— Чет тилларни ўрганишни тарғиб қилишнинг, менимча, ҳожати йўқ. Негаки, кўриб турибмиз, давр кимники — чет тилини билганники, ўшанинг ошиғи олчи. Эътибор қилганмисиз, математикани ўрганувчилар, тарих ё кимё соҳасини танлаганларга қараганда тил ўрганувчилар бир неча баравар кўп... Умуман, сабоқ предметларидан энг оммалашгани бугунги кунда чет тили бўлиб қолди. Тил соҳасида олиб борилаётган ишларга келсак, давлат ҳамиша бу борада ёрдам бериб келади. Биргина мисол: Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонамизда хорижий тилларни ўрганувчилар учун махсус қироатхоналар очиб қўйилган, кулуар (норасмий суҳбат)ларда эса ҳамиша чет тилида мулоқот қилиб ўтирган мураббий ва талабаларни кўрасиз.
— Юртимизда хорижий тилларни ўрганишга жиддий эътибор қаратилаётган, бу бўйича муайян қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, соҳа мутахассислари олдига аниқ вазифалар қўйилган айни паллада ўзбек тилига муносабат, сизнингча, қандай бўлмоғи керак?
— Бу энди, бутун бошли катта масала. Қонун-ку чиққан, аммо уни амалга ошириш механизми йўқ. Бу ҳолда, унга амал қилиш ҳам қилмаслик ҳам мумкин. Мисол учун, қонун чиққанидан бери орадан йигирма тўққиз йил ўтди, лекин ўзбек тилига, она тилимизга оид биронта махсус журнал ҳанузгача йўқ. Тўғри, “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали бор, Фанлар академиясининг ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтига қарашли, унинг ҳам ярмидан кўпи адабиёт ва фольклор масалаларига бағишланади. Қолаверса, тилга оид мақолаларнинг аксари ўлик услубда ёзилган, тилчиларнинг ҳам кўпи тушунмайдиган “публикация”лар. “Тил ва адабиёт таълими” деган яна бир журнал ҳам бор, бироқ энди унисининг кўп қисми адабиёт ва педагогика масалалари билан тўлади. Нима қилиш керак? Борига барака, деб бояги “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали мутасаддиларига “Эй яхшилар, жонли ёзилган, муаллифидан бошқаларга ҳам нафи тегадиган мақолаларни кўпайтирайлик, она тилимизнинг энг долзарб, амалий муаммоларини кўпроқ ёритайлик”, деб таклиф қилдим. Кўнишмади.
Ажаб, тил – ҳамманики: барчамиз ҳар куни шу тил сабаб жамият ичига кириб, ишларимизни битирамиз, аммо тилнинг муаммолари, оғриқларига келганда эса, тил ҳеч кимники бўлмай қолади — бирон киши ё идора бевосита масъул эмас. Отингиз бўлсаю, эртадан кечгача ишлатиб, оқшом тушганда емини бермай, далага ҳайдасангиз, охири абгор бўлади-ку! Она тилимиз ҳам бир тирик жондай нарса; меҳрга, парваришга муҳтож.
— Сўнгги пайтларда ёшларимиз орасида бир неча тилни биладиганлар кўпайяпти. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо тил ўрганиш фақат восита бўлиб қолмаяптими? Қолаверса, инсондан, аввало, ўз она тилини пухта билишни талаб этади, шундай эмасми?
— Менимча, бу — муваққат ҳодиса. Ҳар қандай тил аввало прагматик ниятда ўрганилади, яъни ҳарбий тактика, бизнес, тилмочлик ва ҳоказо учун. Бироқ кейинчалик тил билувчилар кўпайгач, улар орасидан хорижий тилни эстетик мақсадда ўрганадиганлар ҳам чиқиб қолади. Тилни тирикчилик воситаси деб билувчилардан фарқли равишда, уларнинг тил билишидан фақат ўзи эмас, бутун халқ наф олади. Масалан, таржимонлар. Бу энди тил билишнинг юқори босқичи. Бу ҳолда киши ўзга тилдаги юморни, сўз ўйинларини, юксак бадииятни ҳам яхши англаб, завқланадиган даражага етади. Буларни англаб, завқ ола биладиган одам эса, аввало, ўз она тилини, унинг табиатини теран ҳис этади, закий савияли бўлади.
— Мақолаларингизда тил ўрганиш инсоннинг ўзига боғлиқлигидан ташқари, мактабу институтдаги тил ўргатиш дарслари нутқ, имло ва иншо ўрнига асосан грамматикани ёд олдиришдан иборат бўлиб қолганини мисоллар билан кўрсатиб бергансиз. Тил қоидаларини ўрганмасдан туриб, масалан, грамматикани билмасдан туриб ҳам, уни ўрганиш мумкинми?
— Ким чет тилини грамматика орқали ўрганибди? Ажнабий тил у ёқда турсин, киши она тилини ҳам морфология ва синтаксис қоидаларини ёд олиш билан ўрганолмайди. Чунки грамматика — тилнинг илмий структураси, тилшуносларнинг тадқиқот соҳаси. Тил ўрганишни ҳам, ўргатишни ҳам асло грамматикадан бошламаслик керак. Ўзга халқ вакиллари ичида беш-олти ой яшаган киши ўша тилни бу ерда беш-олти йил хатм қилган, грамматикасини ҳам “сув қилиб ичиб юборган” одамларга нисбатан яхшироқ ўрганиб олиши тайин.
Бу гап фақат чет тилини ўрганишга эмас, ҳар бир болада ўз она тили кўникмаларини шакллантиришга ҳам тўла тааллуқли.
Шундай экан, лоақал синов тариқасида мактабда тил ўқитишни бошқача тарзда — грамматик таълим эмас, амалий онг шакли сифатида ўқитишга ўта бориш лозим. Мен бунинг ифодаси бўлса керак деган умидда бир неча “амалий грамматика” китоблари билан танишиб чиқдим. Йўқ, ўша-ўша грамматик қоидалар, фақат мисоллар кўпроқ, холос.
— Бир вақтлар имло соҳасида қоидасизлик қоидага айланиб қолаётгани ҳақида ёзган эдингиз. Афсуски, бу ҳолат ҳамон давом этяпти. Энг қизиғи, мактаб, лицейни тамомлаб, олий ўқув юртига ўқишга кирганларнинг ярмидан кўпининг саводи ҳаминқадар, тўғри ёзадиганлари кам. Матн тузиш, фикрини баён этиш, оддий ифодани билмайдиганлар кўп. Ўқитувчиларнинг асосий вақти уларнинг саводини чиқаришга кетади. Бунга қандай барҳам бериш мумкин?
— Йўқ, мен бу фикрга унча қўшилолмайман. Товушларни “портловчи” ёки “сирғалувчи”ларга ажрата олган, ёки равишдошларнинг турларини фарқлай олган билан одам саводхон бўлиб қолмайди. Демак, кечаги мактаб боласига олий ўқув юртида уни такрор уқтиришнинг ҳам нафи ҳаминқадар.
Уни такрор-такрор ёд олдириш орқали болани саводхон қилиб бўлмайди. Мана, оддий бир ҳол: олий ўқув юртига киришда она тилидан тест саволларига юз фоиз тўғри жавоб топиб, энг юқори балл билан талаба бўлган йигит ёки қизга бирон дўстига соғинчли салом ёзишни топшириб кўринг, ҳафсалангиз пир бўлиши бор гап. Чунки у юзлаб, минглаб қоидаларни ёд олган, холос. Унинг устига, бу схоластик қоидалар, бола талабаликка қабул қилингач, орадан ярим йил ўтиб-ўтмай, ёдидан ҳам кўтарилиб кетади. Ва аксинча, грамматиканинг кўчасидан ўтмаган одам ҳам яхши хат ёзиши, фикрини равон, таъсирли қилиб ифодалай олиши мумкин. Мен, масалан, ҳар бир абитуриент иншо ёзиши — қайси касб-корнинг этагидан тутишидан қатъи назар — фикрини равон ва бехато ифода эта олиши имтиҳон қилиниши керак, деб биламан. Чунки реал ҳаётда ҳар биримиз ҳар куни ўнлаб кишилар билан мулоқот қилиб яшаймиз. Шундай экан, фикр-қарашларини ифодалай билиши керак-да одам! Шу маънода, ишни бил, гапни билма қабилидаги “мақол”ларга қаршиман. Фикрлаётган, фикрлашга қобил одам фикрини ифодалашга, уни чиройли ва бенуқсон ҳолда бошқаларга етказишга ҳам қодир бўлади. Оғзаки (ва ёзма) нутқи ривожланмаган одамларнинг аксари ишини ҳам эплаб бажаролмайди.
— Унда нега ифода бунчалик ғариб? Фикрни оғзаки ҳам, ёзма ҳам етказиб беролмаслик, оддий айтиладиган гапларни ҳам бўяб-бежаш, сохталик, зўрма-зўракиликнинг илдизи қаерда? Газета матнларидаги бир хиллик, радио, телевидение бошловчиларининг сунъий, одамнинг ғашига тегадиган, сиз айтмоқчи — чулчут нутқи қаердан пайдо бўляпти?
— Фикрлашга эриниш, унинг ўрнига тайёр қолиплардан фойдаланиш шунга олиб келади. Ҳозир айтдим, тафаккур қилиш осон иш эмас. Шунинг учун кўп қаламкашлар тайёрига айёр бўлишга ўрганиб қолишган. Ёдингизда бўлса, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романида она тилимизда эпитетларни қўллашга оид шундай бир истеҳзоли эпизод бор: “Қандай марраларни кўзлаяпсиз?” деган саволга аҳдига вафодор пахта устаси “Юксак марраларни кўзлаяпмиз!” деб жавоб беради. Яъни “марра” сўзи келдими, албатта, у “юксак” деган эпитет билан келади. “Меҳнат” деган сўз эса “кўтаринки” сифатлаши билан қовушиши шарт. Жўн меҳнат эмас, албатта, кўтаринки меҳнат. Яъни қачондир аллаким томонидан топилган бундай трафарет жумлалар газеталар саҳифасини безайди, ТВда, радиода ҳар куни янграйди. Яъни мухбир ёзаётган чоғида ўйлаб-нетиб ўтирмай, тайёр қолиплардан фойдаланади — бисотидаги бир ҳовуч сийқа гапларни айлантираверади. Оқибат, ёзганларининг таъсири бўлмайди.
Тил масаласи ҳозир биз учун жуда долзарб. Бизнинг айнан ҳозир, шу бугунги фаолиятимизга қараб она тилимизнинг тақдири ҳал бўлади: у XXIII ёки XXV асрда ҳам ўзбек деган бир элнинг лисони ўлароқ олам узра янграб тураверадими ёки манфур глобаллашувга таслим бўлиб, миллатимиз вакиллари инглизча ёки бошқа бирор чулчутча тилда гаплашишга ўтадими — бу ҳозирги ҳаракатимизга, жонкуярлигимизга, жонфидолигимизга боғлиқ. Аммо буни сохта ваҳима, айюҳаннос кўтариш деб тушунмаслик керак: ҳар йили Ер юзида юзлаб тиллар дунёнинг “Қизил китоб”ига кирган жониворлару ўт-ўланларга нисбатан ҳам тезроқ йўқолиб кетяпти. Аҳолиси оз, бир неча юз кишилик миллатларнинг тилигина эмас, ҳар ўн йиллик оша нуфузи каттароқ элларнинг тили ҳам барҳам топиб боряпти. Ўзбек тилининг келажаги қандай бўлади? Ахир, тили йўқ халқ — дили йўқ бир одам каби, унинг дунёда бори нимаю йўғи нима...
— Интернет тармоғидан фойдаланасиз, ўзбек тилининг бир жонкуяри сифатида интернетдаги мулоқотлар, ёзишмалар тилини ҳеч кузатганмисиз? Унга муносабатингиз қандай?
— Мен ҳайронман, рус тилидаги интернет ёзишмаларида бирор-бир имло хатоси учрамайди. Бироқ ўзбек тилидаги интернет нутқида бир ёқдан имло хатолари, иккинчи тарафдан эса ҳар хил шева (айниқса, Тошкент шеваси) унсурлари тўлиб-тошиб кетади. Қўполроқ айтсак, интернет — саводсизлар минбари бўлиб қолаётгандай. Бунга барҳам бериш учун лоақал битта ишни қилиш керак: компьютерларимизга ўзбекча матнларнинг имловий хатоларини текшириб берадиган “Имло” дастурини киритиш лозим. Ана шунда бояги қусурларнинг камида ярми йўқолади.
— Ҳозирги ўзбек тилшунослигидаги қандай ютуқлардан қувонасизу, қандай муаммолар сизни ранжитади?
— Миқти тилшуносларимиз бор. Ўз соҳасида катта-катта ишлар қилишяпти. Тилимизнинг тарихи, сўзларнинг этимологияси, номларнинг келиб чиқиши ва ҳоказолар юзасидан шов-шув қилмай, камтарлик билан анча теран тадқиқотларни амалга ошираётибди. Лекин...
Ўн йилдан ошди, Зоминда санаторийда эдик, қўшни хонада ётадиган бир акахоннинг “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” гуруҳида ишлашини эшитиб қолдим. Уч-тўрт кун ўтгач, пайтини топиб, кўрсатув савиясини янада яхшилашга асқотар, деган ниятда айрим танқидий фикрларимни ётиғи билан сўзлай бошлаган эдим, у киши, ранги ўзгариб, бу — телевидение, уни ҳар ким ҳам тушунавермайди, дегандай гап қилди-да, ўрнидан туриб, нари кетди. Ҳалигача ўйлайман, тавба, нега энди телевидение фақат ТВчиларнинг мулки бўлиши керак экан?
Шунга ўхшаш, айрим олимларимиз ҳам тил — тилшуносларнинг томорқаси, деб қарайди. Уларнинг наздида, тил масаласи билан шуғулланиш, тилга оид бирон масалада фикр айтиш учун киши камида тилшунослик соҳасида фан номзоди бўлиши керак. Шу сабабли бир талай домлаларимиз тилнинг фақат битта тор соҳасидагина пешқадам, йигирма-ўттиз йиллаб грамматикадаги фалон яруснинг пистон жиҳати дегандай даққи бир мавзудан четга чиқмай “ишлаб” ёта беришади. Ахир, эътибор қилганмисиз, ўзбек тилига “давлат тили” мақомини бериш-бермаслик масаласи ҳал бўлаётган, баҳс-мунозаралар авж олган пайт¬да (бир неча жонкуяр тилчи олимларимизни истисно қилайлик), тил масаласига энг бефарқ, лоқайд қараб турганлар айнан грамматикачи домлаларимиз бўлгани ёдимизда-ку! Чунки она тилимиз давлат тили бўладими-йўқми, уларга барибир: гапнинг эга-кесимию равиш ҳоли, бўлишсизлик феълини аниқлаб юраверишади.
Ҳолбуки, тил баайни ҳаётнинг ўзи, атрофимизда қайнаб ётибди, жавлон уряпти. Унинг бағрига ижтимоий-сиёсий, илмий, техникавий, иқтисодий ва ҳоказо сабабларга кўра деярли ҳар ойда неча ўнлаб янги сўзлар мақбул ва номақбул тарзда кириб келяпти. Шунинг баробарида, онгу шууримизни ўстирган, ўй ва фикрларимизни ифода этиб берган бу она тилимиз, худди ўша омиллар сабабли, ўз табиатининг не бир асл миллий хоссаларидан мосуво ҳам бўлиб боряптики, ўзини ўзбек деб билган ҳар бир зиёли, касб-коридан қатъи назар, бунга бегоналар сингари бефарқ ва лоқайд қараб туришга ҳақли эмас.
— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Назира ҚУРБОН суҳбатлашди.