Қарор билан танишмисиз?
Таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, аҳолининг кенг қатлами орасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этиш, турли спорт мусобақалари ўтказиш, иқтидорли ёшларни саралаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, ғалабалар сари ундаш каби қатор масалалар ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган.
Президентимизнинг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур муаммоларга ечим топишда дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Аммо қарорнинг аҳамияти унинг жойлардаги ижросига боғлиқ. Қашқадарё вилояти Муборак туманида мазкур қарор ижроси бўйича қандай тадбирлар амалга ошириляпти, деган савол билан туман халқ таълими бўлимида бўлиб, мудир вазифасини бажарувчи Шамсиддин Эргашовга юзландик.
Мутасадди шахс юқоридаги қарор ижросига доир қатор саволларимизга узуқ-юлуқ жавоб бериб, айримларини очиқ қолдирди. Энг ачинарлиси, ХТБда қарор ижро учун қабул қилинган, аммо тармоқ дастурлари ишлаб чиқилмаган ва жойларга етказилмаган. Ҳатто меъёрий ҳужжат ижро учун муассасанинг юқори ташкилотлардан келаётган хатларни қайд этиш дафтарига ҳам ёзилмаган. Ачинарлиси, биз сўраган вақтда мудирнинг ўзиёқ қарор матни билан таниш эмас экан.
Шундай бўлгач, Шамсиддин Эргашов бошчилик қилаётган Муборак туман халқ таълими бўлимида, қолаверса, бўлим тасарруфидаги 16155 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган, 1044 нафар ўқитувчи ишлаётган 30 та умумтаълим мактабида қарор ижроси бўйича бирор-бир ижобий иш хусусида гапириш мумкинми?
Мудирдан сўнг халқ таълими бўлимининг жисмоний тарбия методисти Моҳинур Аҳмаджонова билан ҳам мавзу доирасида мулоқот қилдик. У яқинда ХТБга ишга келгани, Президент қарори билан таниш эмaслигини очиқ-ошкора айтиб, келгусида бундай хато ва камчиликларини тузатишини билдирди.
Туман халқ таълими бўлимида меъёрий ҳужжатлар талабини бажариш шу аҳволда бўлгач, мактабларда директор ва унинг ўринбосарлари, жисмоний тарбия фани ўқитувчиларидан нима кутамиз?
Туман халқ таълими бўлимидан ҳафсаламиз пир бўлгач, балки туман ҳокимлигида бу борада бирор амалий иш қилингандир, дея ҳокимлик томон йўл олдик. Ҳокимлик мутасаддилари тақдим этган маълумотга кўра, туман ҳокими Ғайрат Жавлиев томонидан қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 8 июлда Х—1062/07-сонли буйруқ қабул қилингани ва унинг ижросини назорат қилиш ҳокимнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Тўлқин Бўриев зиммасига юкланганига гувоҳ бўлдик. Шу тариқа Тўлқин Бўриевни йўқлаб бордик. Аммо ёрдамчиси ҳоким ўринбосари “Геолог” маҳалласида барпо этилаётган 10-мактабгача таълим муассасасининг янги биноси қурилишини кўздан кечиришга кетганини айтди.
Шунга қарамай, Т.Бўриев билан телефон орқали боғланиб, баъзи саволларимизга жавоб олишимиз лозимлигини айтиб, «Геолог» сари бордик. Бироқ телефондаги суҳбат чоғида ҳоким ўринбосари уни ахтариб маҳаллага келиб ўтирмаслигимизни, чунки у туман марказидан анча олисда эканини айтди. Ваҳоланки, туман марказининг «бир чети» эмас, шундоқ биқинида жойлашган маҳалладаги 10-мактабгача таълим муассасасига бир неча дақиқалардаёқ етиб бордик. Баҳонада янги қурилаётган бинони кўрдик, қурилиш ишларини олиб бораётган “Қурилиш индустрия” МЧЖ ташкилоти иш юритувчиси Ўткир Луқмонов билан суҳбатлашдик. У бу ерга туман ҳокимлигидан ҳеч ким келмаганини айтди. Маҳалла раҳбарияти ҳам буни тасдиқлади.
Биз яна Тўлқин Бўриевга қўнғироқ қилдик. У эса “Ўзбекистон” маҳалласида эканини айтди. Табиийки, биз “Ўзбекистон” маҳалласига ҳам тезда етиб бордик. Қарангки, ҳоким ўринбосари у ерга ҳам бормаган бўлиб чиқди.
Бир кун Т.Бўриевни бесамар «қувиш» билан ўтди. Эртасига ҳоким ўринбосари билан телефон орқали қайта боғланиб, саволимизга жавоб олмоқчи бўлдик. Лекин у жавоб ўрнига кутилмаганда дўқ-пўписа қилиб икки кундан бери уни «таъқиб этаётганимиз»ни, «давлат ишини бажаришига халал бераётганимиз»ни, керак бўлса, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларига айтиб «адабимизни бериб қўйиш» қўлидан келишини айтди. Ҳарчанд мақсадимизни тушунтиришга уринмайлик, у бизни тинглашни ҳам истамади.
Шундай қилиб, муаммо очилмай, тугун ечилмай қолди. Наҳотки халқнинг дардини тинглаши, унга муносиб жавоб бериши керак бўлган мутасадди шахслар орасида бундай лоқайд ва беэътиборлари ҳам бўлса?
Ҳудудлардаги раҳбарларда ватанпарварлик, шижоат, донолик, ҳозиржавоблик шаклланмас экан, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиб бўлмайди. Наҳотки бугунги даврнинг долзарб талаблари асосида, катта умид ва ишонч билан қабул қилинаётган қарорлар шунчаки қоғозда қолиб кетаверса?
Дарвоқе, Муборак туман ҳокимлигига кириб бораверишдаги сариштасизлик, қаровсизликдан кўнгил хижил тортганди. Ҳовлида гулу гиёҳга кўзимиз тушмади. Мевали ва манзарали дарахтларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади...
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ма’rifat” мухбири