Шифокор бўлмаса, нима қиласиз?
Тун ярмидан оғди. Қизимнинг тоби қочди. Тезда шифохонага олиб бордик. Шифокор текшириб ташхис қўйди, оғриқ қолдирувчи укол қилди. Врач назоратида ўтирибмиз.
Атрофдагиларга эътибор бермабман. Соат тунги бир бўлишига қарамай, бемор кўп. Уларни зимдан кузатдим. Бир яшар боланинг ичи қотган, беш яшар қизалоқнинг иситмаси кўтарилган. Бирида қизил тошма, иккинчиси нафас олишга қийналмоқда. Оналарнинг нажот фариштаси — шифокор. Уларнинг борига шукр!
10 яшар фарзандини қўлида кўтариб олган аёл кириб келди. Ўғлининг иситмаси баланд, нафас йўллари шамоллаган, шекилли. Педиатр текшириб, ҳамширага укол қилишни буюрди, керакли дориларни ёзиб берди. Боланинг аҳволи яхшилангач, кетишига рухсат тегди. Бироздан сўнг ҳалиги аёл қариндошлари билан қайтиб келди. Эллик ёшлардаги эркак билан аёл шифохонани бошига кўтариб, бақир-чақир қила бошлади:
— Қани врач, нима учун яхшилаб текширмади? Бугун боламни ётқизиш керак эди. Ҳаммангга кўрсатиб қўяман. Сен тўрткўзга ҳам. Мени танияпсанми? — деб овози борича навбатчи шифокорни ҳақорат қиларди.
“Ким бўлсаларинг ҳам шифохонада тинчлик сақланглар. Беморларни қўрқитяпсиз! Шифокорни ҳақорат қилманг, муаммони тинч йўл билан ҳал қилинг” деб уларни тартибга чақирдим. Биз доим бола зотига муомала маданиятини ўргатиб келамиз. Катталарга ким сабоқ беради? Энг улуғ сифат хушмуомалаликдир. Ҳамма нарсага етган ақл шунга қолганда оқсайди. Ҳар доим ҳам бир-биримизга ширин сўзни раво кўравермаймиз. Инсоний меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат ўрнини қаҳр-ғазаб, турли низо ва парокандалик, ҳатто камситиш эгаллаб бормоқда. Бир оғиз ширин сўзни кимдан қизғанасиз?
Шифокор — нажот фариштаси. Тун ярмидан ошса ҳам улар хизматда. Уларсиз нима қилардик?
Зулфияхон ШУКУРОВА, Фарғона шаҳридаги 4-ИДУМИ ўқитувчиси