Таълим нашри — соҳадаги ислоҳотлар тарғиботчиси
“Ma’rifat” газетасининг шу йил 13 октябрь сонида чоп этилган “Қайси бири тўғри?” сарлавҳали мақолада содда ва қўшма гаплардаги чигалликлар ҳақида фикр юритган эдик. Шундан кейин интиқлик билан ўтган бир ойда мақолага атиги битта муносабат билдирилгани айрим салбий хулосаларга келишимизга асос бўлди.
Мазкур мақола анча йиллар икки нашр ғаладонида чоп этилишини кутиб ётди. Орада илмий даражали мутахассисларнинг таҳриридан кейин “Илмий нашр учун яроқли” тавсияси билан журналга тақдим этилди. Илмий журнал муҳаррири уни ўқиб кўриб чуқур эснади ва эсдан чиқарди. Муаллиф қатъияти туфайли иккинчи нашр уни чоп этишга жазм этди. Бир эмас, уч марта. Аммо уч маротаба ҳам илмий жамоатчиликнинг баҳс-мунозарали муносабатга тайёр эмаслиги сабаб муаллиф розилиги билан саҳифалаш жараёнидан олинди. Ортиқча эҳтиёткорлик туфайли қанча қимматли вақт ҳавога совурилди.
Бугун илмий жамоатчилик оммага тақдим этилган ҳамма билимлар ҳам истеъмолчи томонидан силлиққина қабул қилинмаётганига, сарак саракка, пучак пучакка ажраладиган пайт келганига гувоҳ бўлмоқда. Ўттиз йилдан зиёд педагогик фаолиятим давомида абитуриентларнинг ҳар қадамда берадиган ўнлаб асосли саволларига мантиқий жавоб топишимга тўғри келди. Жавоблар абитуриентларни қониқтиради, аммо фикрларимнинг расман тасдиқланмагани уларнинг ишончига соя солади. Уларнинг она тилини ўрганиш, такрорлаш давомида чекаётган изтиробларини нафас олишиданоқ сезаман, аммо начора. Чора излаб савол қўйдик, аммо жавобни кутишдан бошқа илож қолмаяпти. Матбуот орқали бировнинг юзини шувут қилиш ниятимиз йўқ. Бор-йўғи фикрлар мустаҳкам асосли, мантиқан изчил, энг муҳими, давр талабига мос – таълим олувчининг келгуси ҳаётида асқотиши тарафдоримиз. Шу даражадаги мукаммалликни талаб қилмасак, она тили таълими мазмунан саёзлашади.
Халқ таълими вазирининг шу йил 6 январдаги 6-сонли буйруғига мувофиқ аниқ, табиий, гуманитар ва филология фанлари бўйича ташкил этилган таянч мактаблар машғулотлари она тили ўқитувчиларининг муаммоли масалалар бўйича бирдан-бир фикр алмашадиган йиғини бўлиб қолмоқда. “Ma’rifat” газетасининг шу йил 28 июль сонида чоп этилган “Таянч мактаблар машғулоти мавзулардаги камчиликларни бартараф этсин” сарлавҳали мақоладаги хулосаларимиз ҳам на бир олимнинг ва на бир мутахассиснинг диққатини тортди.
Таянч мактаблардан юқорироқ йиғин — вилоят семинарлари икки муҳим масалани йўлга қўймасдан таълим сифатини ўзгартириб бўлмаслигини кўрсатди. Биринчиси ўқитувчилар малакасини ошириш институтлари фаолиятини қайта ташкил этиш билан боғлиқ.
Бугунги кунда бу институт фаолияти, асосан, ўқитувчиларни янги педагогик технологиялар билан қуроллантиришга қаратилган. Моҳиятан у ўзини оқлайди, аммо унгача эгалланиши зарур бўлган муҳим босқич эсдан чиқади. Унда ўқитувчининг реал билимлари ташхиси эътиборга олинмайди ва шу ташхисга мос малака ошириш стимули ишлаб чиқилмаган. Натижада ўз мутахассислиги бўйича малакаси сустлашган мутахассиснинг елкасига ортиқча юк ортилади. Кўзланган мақсад – малака ошиши таъминланмайди. Айтайлик, сўз бирикмаси ёки гап бўлакларини тушунмаган ўқитувчи малака ошириб қайтганидан кейин ҳам аввалги билими билан қолаверади.
Таълим сифатини оширишда хизмати малака ошириш институтиникидан кам бўлмаган, мутахассиснинг узлуксиз малакаси ошишини таъминлайдиган иккинчи омил методик ёрдам бўлиб, уни таълим нашрларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Таълим соҳасидаги туб ислоҳотлар кўнглимизни қувончдан ёритаётган, вужудимизни ҳар қандай муаммони бартараф этишга қодир куч-ғайрат билан тўлдираётган бир пайтда мазкур масала кимнидир безовта этмаётган бўлса, унга андак иддаомиз бор.
Ҳақиқат шуки, ўқимаган фикрлай олмайди, фикрлай олмаган эса ким нима деса, қабул қилаверади. Одатий ҳол: мулоқот чоғида 10 нафар сараланган она тили ўқитувчисидан 8 нафарининг ўз соҳаси бўйича ҳеч бўлмаганда “Ma’rifat” газетасида чоп этилаётган мақолаларни ҳам ўқимаётгани сезилади. Шу ҳолатда улар билан бадиий асарлар, “Маънавий ҳаёт”, “Китоб дунёси”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ma’rifat”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Ёш куч”, “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Тил ва адабиёт таълими”, “Абитуриент”, “Репетитор” каби мутахассислигига доир нашрлардаги мулоҳазалар хусусида суҳбатлашиш ортиқча. Эҳтимол, улар ўқитувчининг мажбурий обунадан озод этилганини бу нашрларга обуна бўлмаса ҳам бўлаверади, деб тушуниб, хурсанддир. Бироқ биргина дарсликка таяниб таълим бериш ҳеч қачон ўзини оқламайди. Ҳар қандай мукаммал дарсликка ҳам ижодий, танқидий ёндашиш зарурати керак. Бугун мукаммал дарслик, методик илова ва қўлланмалар, электрон дарсликларга шунчалик муҳтожмизки, асти қўяверасиз!
Она тили таълимини мукаммал даражада ташкил этишдан анча олисдамиз. Чунки оммавий саводхонлигимиз ҳаминқадарлиги туфайли замонавий дарсликларга эга бўлишимиз анча оғир кечади. Бунинг биргина сабаби тилшуносларимизнинг фикран якдил эмаслигидир. Бугун ўзини англаган она тили ўқитувчиси муаллифларнинг илмий асосланган, ҳар қандай замонавий қурол ҳам тешиб ўтолмайдиган зирҳли хулосаларига эмас, хато бўлса-да, якдил, узвий хулосаларига ҳам рози. Шу ҳолда Давлат тест маркази экспертларига ҳеч кимнинг ҳаваси келмайди.
Шуларни инобатга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қошида ташкил этилган Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази каби ташкилотларнинг ўз ваколати доирасида биз кўтарган муаммоли масалаларга, аввало, дарслик муаллифлари, сўнг шартнома асосида фаолият юритаётган экспертларнинг расмий, илмий хулосаларини беришга кўмаклашишларини кутиб қоламиз.
Ахборот олишда ўзини билимдон санаётган айримлар учун интернет — дам олиш маскани. Керакли тугмани босса, бас, дарс ишланмаси, дейсизми, тақдимотларми, ҳатто олимпиада тестлари — нима истаса, муҳайё! Аммо уларнинг аксари шунчалар ғарибки, интернетга жойлаган кишига раҳминг
келади. Бу тайёр ошдан ошаётганлар ҳозирча ошқозонининг талабини осонгина қондирмоқда. Аммо ҳазми оғир бу луқмалар ҳадемай нафақат ошқозонини, балки бутун танасини ишдан чиқаради.
Муваффақиятга осонгина эришилмайди. Таълим ислоҳотларининг пухта ўйлаб чиқилгани кишини қувонтиради. Унинг шунчаки чиройли мақсад эмаслиги кундай равшан. Ислоҳотларнинг тезроқ амалга ошиши таълимга дахлдор ҳар бир узвнинг: ижрочи, назорат ва тарғибот механизмининг тизимли, фидокорона фаолиятига боғлиқ. Бу уч узвнинг асосида тарғибот ётади. Тарғибот ижрочига етиб бормас ва бу жараён тўғри назорат қилинмас экан, иш жойидан силжимайди.
Статистикага мурожаат қиламиз: таълим тизимида 500 мингдан ортиқ педагог фаолият юритади. Уларнинг асосий илмий, маънавий-маърифий, методик манбаи — “Ma’rifat” газетаси обуначилари ҳозирча 20000 нафардан сал ошади. Бу ҳар 25 ўқитувчига бир газета, дегани!
Энг ёмони, обуна мутолаа дегани эмас. Мутолаадан четдаги ўқитувчи тез орада ўзини ўнглаб олмаса, иши хуржун бўлиши кундай равшан. Аксарият ўқитувчилар бугунги кун талаби даражасида билим, малака ва кўникмаларга эга эмас. Бунинг олдини олишнинг бирдан-бир йўли тарғибот ва ташвиқотдир. Бу тарғибот юки айнан Халқ таълими вазирлигининг етакчи нашри — “Ma’rifat” газетаси зиммасига тушади. У мазмун-моҳиятини тубдан амалий методология томон йўналтирмоғи лозим. Расман вазирлик нашри сифатида ҳали-ҳозирча орзу бўлиб турган мукаммал дарсликлар яратилгунча таълим берувчи ва таълим мазмуни орасида кўприк бўлмоғи, компетенциявий билимни жамлашга кўмакдош бўлмоғи лозим. Газета саҳифаларида билдирилган муаммоларни тез бартараф этиш имкони бор. Чунки у ҳафтасига икки, ҳар ойда саккиз марта ўқитувчи қўлига етиб боради. Агар газета ўқитувчи саволларига ўз вақтида жавоб бера олса, 25 ўқитувчига бир газета эмас, ҳар бир ўқитувчига бир газета зарурати юзага келади. Шунда бугун мактаб бўйича ташкиллаштирилмаётган газета жамланмасини ҳар бир ўқитувчи тўплаб боради. Ундан фаолиятига йўриқнома, методик ёрдам сифатида фойдаланади.
“Ma’rifat” нафақат таълим ходимларининг, балки ўқувчи ва абитуриентларнинг ҳам газетаси бўл¬моғи керак. Биргина масалага эътиборингизни қаратаман: нима учун ўқувчининг ёзма нутқи давлат таълим стандарти талаблари даражасида эмас? Бунинг сабаблари кўп. Улардан асосийси на ўқувчи, на ўқитувчи ёзма нутқ малакасига эга. Ўқитувчи ижодий иш кўникмасига эга эмас экан, ўқувчидан нимани кутасиз?!
“Ma’rifat” газетасининг 2017 йил 2 декабрь сонида чоп этилган “Фикр¬ни ёзма ифодалашга ўргатиш — компетенциявий таълимнинг бош талаби” сарлавҳали мақолада 9-синфда ўқийдиган икки ўқувчимизнинг ижодий ишидан намуна бердик. Уни ўқитувчилар ўқувчиларига ўқиб бериш тугул ўзлари ҳам ўқимагани бор гап. Йил давомида қанчадан-қанча мавзуларда иншолар танлови ўтказилади. Унда ким ғолиб деб топилгани, унинг иншоси қандай бўлгани Яратганга аён. Бу ижодий ишлар нима учун “Ma’rifat” саҳифаларида босилмайди? Ахир, улар энг ноёб методик манбалар-ку! Матн матнга қараб яратилади. Буюк рус адиби Лев Толстойнинг таъкидлашича, ўқувчига буюк асарларни эмас, тенгқурлари ёзган матнларни ўрнак қилиб кўрсатиш самара беради.
Бугун “интернет замонида матбуот нашрлари яшаб қоладими?” деган долзарб масала турибди. Интернетнинг дарвозаси очиқлиги, матбуот нашрининг эса расмийлиги — қонуний ташкилотнинг жавобгарлиги билан кафолатлангани газета-журналларнинг яшаб қолишига ва обуначилар сонининг ортишига имкон яратади.
Шодиёр ТЎРАЕВ, Қўшработ туманидаги 35-мактаб ўқитувчиси