Оворагарчилик барҳам топдими?
Президентимизнинг 2017 йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молия назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ва 2017 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида янгидан ташкил этилган ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация қилиш хизмати таълим ходимларининг мушкулини осон қилмоқда. Хусусан, коммунал соҳада юзага келадиган носозликларни бартараф этиш, бино ва иншоотлар ҳамда муҳандислик-коммуникация тизимларини жорий таъмирлаш ишлари тезкорлик билан бажарилмоқда.
Жумладан, Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими қошида 14 нафар мутахассис ва ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда.
Ҳар йили белгиланган муддатда таълим муассасаларини янги ўқув йили ҳамда куз-қиш мавсумига тайёрлаш, кўмир билан таъминлаш, Инвестиция дастури доирасида таълим муассасаларининг манзилли рўйхатини шакллантириш, шунингдек, юқори органларга қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган таълим муассасаларидаги ҳолат юзасидан тезкор маълумот тақдим этиш каби вазифалар ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация бўлими фаолиятининг асосини ташкил этади. Бундан ташқари, бўлимда диспетчер хизмати жорий этилган бўлиб, таълим муассасалари ходимлари қўнғироқ қилиб, табиий газ, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича мурожаат қилиши мумкин.
— Зиммамизда масъулият катта. Таълим муассасаларидаги физика, кимё лабораториялари ҳамда компьютер синфхонасидаги электр тармоғи ҳамда жиҳозларни таъмирлаш, янгисига алмаштириш, коммунал хизматлар учун замонавий ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш билан шуғулланамиз, — дейди ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация бўлими раҳбари, бош муҳандис Умида Хидирова. — Бу вазифаларни сифатли, самарали ҳамда тезкор амалга ошириш мақсадида бўлимимиз зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Айни пайтга қадар бўлим томонидан 16-, 24-, 43-, 47-, 56-, 57-, 72- ва 78-умумтаълим мактабларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунланди. Қолган 69 та мактабда бюджет ва ҳомийлик маблағи ҳисобидан мавсумга тайёргарлик кўрилди. Таълим муассасаларида 304 та локал иситиш қозони, 118 та голланд печи мавжуд. Яна 21 та иситиш қозони ўрнатиш кўзда тутилган. Куз-қиш мавсуми олдидан бўлим тасарруфидаги газ босими паст бўлиши кутилаётган ҳамда кўмир билан иситишга мослаштирилган 8 та мактабга 138 тонна кўмир етказиб берилди. 13 тасига эса жами 98 тонна кўмир брикети етказиб бериш якунланмоқда.
Булоқбоши тумани халқ таълими бўлими қошида ташкил этилган ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация хизмати бўлими мактабда барча турдаги таъмирлаш ишларини бажариб, иситиш тизимини назорат қилиб, коммунал хизмат кўрсатмоқда.
— Бўлимда 11 нафар малакали мутахассис фаолият олиб бормоқда, — дейди бош муҳандис Фаррух Бойматов. — Асосий вазифамиз таълим масканларини таъмирлаш, иситиш тизимини назорат қилиш, коммунал хизмат кўрсатишдан иборат. “Обод қишлоқ” дастурига асосан, 1-мактаб, 43-ИДУМ, 11-санаторий типидаги мактаб-интернат капитал таъмирланди. 17-мактабда Инвестиция дастури асосида янги спорт зали қуриб битказилди. 27-мактабдаги синфхоналар, йўлаклар ёриткичи янги энергия тежамкор лампаларга алмаштирилди.
6-, 9-, 23-, 25-мактабларнинг иситиш тизими янгисига, шунингдек, иситиш қозонлари замонавийсига алмаштирилди. 5-, 3-мактабларнинг ошхона ҳамда спорт зали, 10-мактаб филиали капитал таъмирланди. 13-, 18-, 23-мактабларнинг ёқилғи сақлаш омборининг томи шиферланди.
Ҳудудлар ўрганилиб, мактабга 3 километр узоқликдан қатнайдиган ўқувчилар учун қўшимча мактаб филиали қуриш масаласи ҳам ҳал қилинмоқда. Бошланғич синф ўқувчиларига узоқлик қилаётган ўқув маскани учун қўшимча мактаб биноси қуришни ҳам бўлим ўз зиммасига олган. Хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида бўлимга иккита “Дамас” русумли автомашина ҳам ажратилди. Бу чекка ҳудудлардаги таълим масканларига бориб, таъмирлашда қулайлик яратмоқда.
Бош мутахассис Илёсбек Эргашевнинг қўшимча қилишича, мактабда авария ҳолати юзага келса, ходимлар билдирги асосида жойларга юборилади ва зарур таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Мактабларга керакли миқдорда кўмир захираси ҳам бўлим ишчилари томонидан етказилади. Ҳар пайшанба куни куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш ҳақида кўргазмали семинар ташкил қилинмоқда. Ана шундай семинар яқинда 29-мактабда ташкил қилинди.
Косонсой туманидаги 15-мактабнинг ўқув биноси ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган. 2004 йилда Давлат дастурига биноан бир марта жорий таъмирланган, холос.
— Туман халқ таълими бўлими қошида ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация хизмати ташкил этилгани мушкулимизни осон қилди, — дейди директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Қобилжон Ҳасанов. — Электр ва иситиш тизимидаги носозлик ёки бинонинг маиший-коммунал тармоғида амалга ошириладиган таъмирлаш ишларини бўлим мутахассислари бажариб беряпти. Зарурат туғилиши билан бўлим навбатчисига буюртма берамиз. Муҳими, носозлик зудлик билан бартараф этиляпти.
Айни пайтда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 11 та туман ва битта шаҳар халқ таълими бўлими қошида ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация хизмати ташкил этилган. Унга малакали мутахассис-ходимлар жалб этилган. 24 та “Дамас” русумли машина ёрдамида, буюртмалар ўз вақтида ва сифатли бажарилмоқда. Вилоят бўйича қарийб 700 дан зиёд таълим муассасаси уларнинг беминнат хизматидан фойдаланяпти. Жумладан, Косонсойда ҳам иккита автомашина бўлим фаолиятини намунали ташкил этишда қўл келаётир.
— Ўқув йили бошланганидан буён 55 та мактаб, битта «Баркамол авлод» болалар маркази ва 2 та ИДУМИдан 49 та буюртма тушди, — дейди Косонсой туман халқ таълими бўлими қошидаги ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация хизмати бошлиғи Жамшид Бобохонов. — Барчаси ўз муддатида кўриб чиқилиб, носозлик бартараф этилди. Бундан ташқари, бино ва коммуникация тизимини таъмирлаш, ускуналарни ўрнатиш, келгуси йилда мукаммал, жорий ёки қайта қуриш учун режалаштирилаётган таълим муассасалари бино ва иншоотларининг дастлабки лойиҳа ҳужжатини тайёрлаш вазифаси ҳам бор. Айни кунда 2019 йил режасига киритиш таклиф этилаётган 3 та муассасада ана шундай тараддуд ишлари олиб бориляпти.
Қисқа фурсатда 3-, 25-, 42-мактабларда янги, энергия тежовчи иситиш қозонлари ўрнатилди. Шу кунларда маҳаллий бюджетдан ажратилган 1 миллиард 532 миллион сўм ҳисобидан яна 11 та таълим муассасасида иситиш тизимини таъмирлаш ва қозон ўрнатиш давом эттириляпти.
Жами 622 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган 36-мактаб 1986 йилда қурилган. Иситиш тизими эскиргани боис, бинолар яхши исимас, кўмир сарфи ҳам юқори эди. Мутахассислар ёрдами билан иситиш тизими таъмирланди, иккита янги қозон ўрнатилди. Эҳтиёж учун белгиланган 50 тонна кўмир жамғарилди.
— Нафақат ўқув биноси, балки ошхона, спорт зали ва фаоллар залида ҳам меъёрий ҳароратни таъминлаш имконияти яратилди, — дейди мактаб директори Мукаррамхўжа Солиев. — Мутахассислар иситиш тизимини синчиклаб текшириб чиқди. Илгари мактабларда пайвандчи ёки сантехник штати бўлмагани учун четдан уста чақирардик. Мактаб харажатлар сметасида бу ишларга маблағ ҳам ажратилмагани учун директор қийналарди. Маблағ ё чўнтакдан, ё жамоадан йиғиб бериларди. Бу эса таълим муассасасида коррупцияга йўл очарди. Янги хизматнинг йўлга қўйилиши шу каби қонун бузилишига ҳам барҳам берди.
Мухбирларимиз