Муносиб шароитда ишлаш ҳуқуқи
Азатбай Сарсенбаев Тўрткўл туманидаги 7-мактабда кимё фанидан дарс беради. Гарчи кейинги уч-тўрт ойдаги хушхабарлар муаллимни мамнун этган бўлса-да, кўпдан буён мириқиб ҳордиқ чиқаришга эҳтиёж сезаётган эди.
1 октябрь — «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами арафасида Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ўқитувчиларга ажратилган 50 та йўлланмадан бирининг Азатбай муаллимга берилгани айни муддао бўлди.
— Юртимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган янгиланишлар жараёнида касаба уюшмалари ҳам ортда қолмасликка интиляпти. Таълим, фан ва маданият ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар бажариляпти. Жумладан, "Ўқитувчи ва мураббийлар куни"да республикамизнинг турли ҳудудида истиқомат қилаётган ўқитувчиларнинг 50 нафарига санаторийларда саломатлигини тиклаши учун йўлланма берилди. "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси — 2018" кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга 140 миллион сўм ажратилди. Таълим, фан ва маданият ходимлари ўртасида спорт-соғломлаштириш мусобақалари ўтказилмоқда. Ходимларнинг фарзандларига оромгоҳларга йўлланмалар тақдим этиляпти, — дейди Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Равшан Бедилов. — Мутахассисларимиз иштирокида ташкилот ва муассасаларда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилиш бўйича семинар ва машғулотлар ўтказиляпти. Энг долзарб масалалардан бири — ишчи-ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этишнинг олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилмоқда.
— Қайси соҳада бўлмасин, меҳнатингиз қадрланаётганини сезсангиз, иштиёқ билан ишлай бошлайсиз. Баҳаво, сўлим масканларда дам олишингиз учун шароит, имконият яратилса, бу иштиёқингиз янада ортишига хизмат қиларкан. "Бўстон" санаторийсида мароқли дам олиб, саломатлигимни мустаҳкамлаб, бунга яна бир бор амин бўлдим, — дейди Азатбай Сарсенбаев.
Азатбай муаллим каби сиҳатгоҳларда ҳордиқ чиқарган таълим ва маданият ходимлари юздан зиёд. "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурига асосан бу йил кам таъминланган, ёрдамга муҳтож 200 нафар ишчи-ходимнинг санаторийларда саломатлигини тиклаш кўзда тутилган бўлиб, шу кунгача йўлланмалардан 132 таси ўз эгаларига етказилган.
Мурожаат қилган ноумид кетмаяпти
Шу йил ёзда иш ўринлари қисқариши туфайли Тошкент туризм ва бизнес касб-ҳунар коллежининг бир гуруҳ педагог ходимлари билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бундан норози бўлган ўқитувчилар Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига ёзма мурожаат қилди. Ташкилот мутахассислари мурожаатни ўрганганда меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ қатор камчиликлар аниқланди. Жумладан, Тошкент туризм ва бизнес касб-ҳунар коллежининг 2016—2019 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 19-бандига кўра, касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олгандан сўнггина иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш назарда тутилган. Шунга қарамай, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитасига тақдимнома киритилмаган ва розилиги олинмаган. Бу билан Меҳнат кодексининг 101-моддаси талабларига риоя қилинмаган. Иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларга ишдан бўшатиш нафақаси берилмаган. Айрим педагоглар билан меҳнат шартномаси бекор қилинганига қарамай, меҳнат дафтарчалари коллежда сақланган. Ҳолат юзасидан таълим муассасаси раҳбариятига тақдимнома киритилган. Натижада камчиликлар тўғриланиб, педагогларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланди.
Бундай мураккаб вазиятларда оқилона ечим топиб, ишчи-ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари учун янгилик эмас. Аксарият ҳолларда тегишли ташкилотлардан қониқарли жавоб олмаганлар ушбу ташкилотга мурожаат қилиб, муаммосига ечим топади.
— 2018 йил ҳисобидан жисмоний ва юридик шахслардан 123 та мурожаат келиб тушди. Шундан 68 таси ёзма, 3 таси оғзаки, 19 таси электрон шаклда, 33 таси ишонч телефони орқали маълум қилинган. Фуқаролар мурожаатларининг 63 таси ҳуқуқий ҳимоя, 27 таси ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, 3 таси меҳнат муҳофазаси, 17 таси касаба уюшмаси ташкилий-ҳуқуқий фаолияти, 1 таси соғломлаштириш, 5 таси моддий ёрдам, 7 таси ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид бошқа масалалар хусусида, — дейди Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош юрисконсульти Дилбар Муҳаммедалиева. — Айни пайтгача мурожаатлардан 36 таси қаноатлантирилган, 66 таси бўйича тушунтириш берилган. Биттаси рад этилган. Учтаси тегишлилигига кўра бошқа органга юборилди. Тўрттаси аноним, 13 таси иш юритувида. Мурожаатларни қаноатлантириш жараёнида ишчи-ходимлар манфаати учун 11 331 821 сўм ундириб берилди.
— Саккиз йилдан буён Паркент туман маданият бўлимида ишлайман. Шу давр мобайнида турли лавозимларда меҳнат қилдим. 2017 йилнинг августидан бош мутахассис лавозимида иш бошладим, — дейди Паркент туман маданият бўлими маданий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси Фокиза Иноғомова. — Аммо 2018 йилнинг апрелида асоссиз равишда ишдан бўшатилдим. Ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш мақсадида аввал ҳудудий касаба уюшмаси ташкилотига мурожаат қилдим. Ташкилот жавобидан қониқмагач, Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашидан вазиятни ўрганишларини сўрадим. Бироз вақт ўтиб, Республика кенгаши ходимлари мен билан боғлиқ вазиятни ўрганишга киришди ва якунда аввалги лавозимимга қайта тикландим.
Моддий ёрдам, энг кам маош ва мажбурий меҳнат
Шу йилнинг ўтган даври давомида Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ижтимоий ҳимоялаш йўналишида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, ташкилот ва муассасаларда имзоланадиган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кам таъминланган оилаларнинг 5195 нафар вакилига 79617,5 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. 32 нафарига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш, шунингдек, уй-жой қуриш учун 47426,5 минг сўм фоизсиз ссуда берилди. Фарзанд¬лари 3 ёшга тўлмаган 983 нафар ёш онага 17068,2 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 23 нафар талабанинг тўлов-шартнома пулининг бир қисми тўлаб берилди. Бундан ташқари, тармоқ касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан касаба уюшмаси аъзолари учун юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштирилмоқда.
— Меҳнат кодексидан кейин корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи асосий ҳужжат жамоа шартномасидир. 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, юридик шахс мақомига эга бўлган 17491 та ташкилотдан 17480 тасида жамоа шартномаси тузилган. Демак, 99,5 фоиз ташкилотларимиз жамоа шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган. Қолган 0,5 фоизи айрим нодавлат ташкилотларга тўғри келмоқда. Кўплаб кичик нодавлат ташкилотлар яқин масофадаги йирик ва йўналиши мос бўлган ташкилотларга бириктириб қўйилган. Аммо ташкилотларни ўрганиш жараёнида бириктирилган ташкилотлар жамоа шартномаларида кўпинча нодавлат ташкилотлар инобатга олинмаганлиги кузатилмоқда, — дейди Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси Лазокат Турикова. — Йил якунланиши боис Республика кенгашига экспертиза қилиш учун жамоа шартномалари мунтазам равишда келиб тушмоқда. Улар сифатли экспертизадан ўтказиб берилмоқда. Чунки жамоа шартномаларини қабул қилиш бўйича музокаралар жараёни, яъни ижтимоий мулоқот даври бошланган. Ҳудудларда ҳам барча ташкилот ва муассасалар жамоа шартномалари экспертизадан ўтказилади. Республика кенгаши мутахассислари томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида 500 дан зиёд жамоа шартномаларини тузиш, ижросини муҳокама қилиш, расмийлаштириш бўйича амалий ёрдам берилди. Муаммолардан бири педагогларнинг ёзги таътилни кўпинча иш жойларида ўтказишларидир. Кўплаб педагоглар шу масалада эътироз билдирмоқда. Ҳудудий халқ таълими бошқармаларидан давлат томонидан педагогларга ажратилган 48 кунлик таътилни йўққа чиқармасликларини сўраймиз. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси талаблари бузилган тақдирда тегишли жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.
Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ҳудудлар, туман ва шаҳарлар кесимида яратилган янги иш ўринларининг ҳаққонийлиги, айниқса, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар бандлигининг таъминланишини ўрганиш бўйича жадваллар ишлаб чиқилган. 2018 йил январь — октябрь ойларида иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан яратилган янги иш ўринлари ҳаққонийлигини жамоатчилик назорати тартибида жойига чиқиб ўрганиш натижасида 714 та субъектда ҳисоботларда кўрсатилган 472 та иш ўрни ҳақиқатан ҳам мавжудлиги аниқланди. Бу ташкилотлар олий таълим муассасалари ва туризм соҳасидаги нодавлат ташкилотлардир.
Республика кенгаши мутахассисларининг ҳудудларда энг кам иш ҳақи меъёрларига риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини амалга ошириш жадвали ишлаб чиқилди. Йил давомида энг кам иш ҳақи меъёрларига риоя этилиши устидан жамоатчилик мониторингини ўрнатиш бўйича ҳудудларга топшириқ берилди. Ҳудудий ташкилотлар томонидан энг кам иш ҳақи меъёрларига риоя этилмаётган ташкилотлар ўрганилганда бундай паст маош олаётган ходимлар 0,5, 0,25 ставкаларда фаолият юритаётгани ва уларнинг аксарияти техник ходимлар экани аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 10 майдаги "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳамда 31 майдаги "2018 — 2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ижросини таъминлаш тўғрисида"ги қарорларида ҳам вазирлик ва идораларга бир қатор муҳим топшириқлар юклатилган бўлиб, уларнинг ижроси юзасидан бугунги кунга қадар мониторинг олиб борилмоқда.
Республика кенгаши мутахассислари ўтказаётган тадбирларда педагогларнинг иш вақтини тўғри ташкил қилиш, уларни қўшимча ишларга жалб қилмаслик, иш ҳақларидан турли мақсадларда ушлаб қолмаслик, ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, тизимда меҳнат муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш учун айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритиш каби масалалар муҳокама қилиняпти.
Хайриддин МУРОД