Ўқувчилардан пул йиққан ўқитувчи лавозимидан озод этилди
Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 3-мактаб ўқитувчиси ўқувчиларни ҳақоратлагани, камситгани ва калтаклагани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Маҳаллий ОАВларда Бувайда туманидаги 3-мактабда синф раҳбарлари ва фан ўқитувчилари томонидан турли мақсадлар учун пул йиғилгани, пул бермаган ўқувчиларни ҳақоратлаш, калтаклаш ҳолатлари содир бўлгани ҳақида маълумотлар чоп этилган эди.
Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати чоп этилган материаллар юзасидан текширув ўтказди.
Текшириш натижасида 2018 йилнинг 16 ноябрь куни мактабнинг 7-В синф раҳбари Р.М. шу синфда маънавият соати ўтиш жараёнида икки ўқувчига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракат содир этгани, яъни обунага пул бермагани учун синф ўқувчилари олдида ҳақоратлаб, камситгани ва калтаклагани аниқланди.
Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан, ўқитувчи Р.М. ва директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.А. эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Мактаб директори Р.А.га эса интизомий жазо чораси кўрилди.
Халқ таълими вазирлиги зўравонликнинг барча кўринишларини қоралайди ҳамда ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини босиқликка, ўзаро келишмовчиликларни қонунчилик талабларидан четга чиқмаган ҳолда ҳал этишга чақиради.
Халқ таълими вазирлиги мактаб ходимларини ота-оналардан турли мақсадлар учун ноқонуний маблағлар йиғиш амалиётини тўхтатишни сўрайди.
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати