“Ma’rifat” – дўстимиз, ҳамкоримиз”
— Газета ўқимаган ўқитувчи замондан ортда қолади. Айниқса, ўз касбига доир таълим нашрлари билан танишиб бормаган педагогни маҳоратли ўқитувчи деб бўлмайди. Жамоамиз буни яхши ҳис этади. Таълим нашрлари, айниқса, “Ma’rifat” газетаси дўстимиз, ҳамкоримизга айланган. Шу боис, 2019 йил учун таълим нашрларига обуна бўлдик. Мисол учун, бошланғич таълим ўқитувчилари «Boshlang‘ich ta’lim» журналига, она тили ва адабиёт фани муаллимлари “Til va adabiyot ta’limi” журналига, мактаб кутубхонаси ва раҳбарият “Ma’rifat”га обуна бўлди.
Бу фикрни 100-махсус мактаб-интернат ўқитувчиси Санобар Олтибоева Олмазор туманидаги 249-мактабда ўтган “Матбуот кунлари” тадбирида айтди. Учрашув самимий ва қизиқарли руҳда ўтди. Халқ таълими вазирлиги муассислигида чоп этилаётган газета ва журналлар вакиллари ўз нашрлари ҳақида, келгуси режалар тўғрисида маълумот беришди. Шундан сўнг ижодий учрашув қизғин баҳс-мунозараларга уланиб кетди. Педагоглар таълим нашрлари янада ўқишли, қизиқарли бўлиши учун нима қилиш лозимлиги, саҳифаларда қандай мақолаларни ўқишни исташи ҳақида ўз таклифларини билдиришди.
Масалан, 249-мактаб ўқитувчиси Дилфуза Тожиева таълим нашрларини доимо кузатиб боришини, бу унинг иш фаолиятида самара бераётганини таъкидлади. Айниқса, “Ma’rifat” газетасидаги мақолаларга алоҳида тўхталди. Шу билан бирга айрим эътироз ва таклифлари билан ҳам ўртоқлашди.
— “Marifat”нинг бир сонида жуда ҳам ибратли ҳикоя ўқидим. Ишонасизми, бир неча кун шу асар таъсирида юрдим. Дарсларда ҳам ундан фойдаландим. Аммо кейинги пайтда шу каби ҳикоялар кам чоп этиляпти. Яна бир эътирозим, газетада айрим ҳолатларда тезкорлик етишмайди. Мисол учун, шу кунларда ижтимоий тармоқда дарс соатларини қисқартириш масаласи кўп муҳокама қилиняпти. Нега ўқитувчиларнинг ҳимоячиси, дўсти бўлган таълим нашрлари бу ҳақда бирор-бир мақола чоп этмади?
Тумандаги 22-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Салима Нарзуллаева шундай дейди:
— Биз, ўқитувчилар ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик билан киришимиз шарт. Айниқса, фанимиздан ташқари маълумотларни ҳам билиб бормасак, ўқувчилар олдида уялиб қолиш мумкин. Шу маънода газета ва журналлар бизнинг қуролимиздир. Мен ҳам шуни ҳисобга олиб, ихтиёрий равишда таълим нашр¬ларига обуна бўлдим. Шу фурсатдан фойдаланиб, таклифларимни ҳам билдириб ўтмоқчиман. Газета ва журналларда ўқувчилар маънавиятини юксалтиришга қаратилган, шарқона одоб-ахлоқ қоидаларига доир методик тавсиялар бериб борилса, яхши бўларди.
Олмазор туманидаги 224-мактаб ўқитувчиси Хадича Дадажонова ёз фаслида, яъни таътилда ҳам нашрларда тадбир сценарийлари чоп этилса, деган таклиф билдирди.
Юнусобод туманида бўлиб ўтган “Матбуот кунлари”да ҳам ўқитувчилар фаол қатнашди.
— Тармоқ нашрлари, жумладан, “Marifat”нинг фаолиятимизда алоҳида ўрни бор, — дейди тумандаги 258-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шоира Гаюпова. — Жумладан, методик тавсиялар, дарс ишланмалари, ҳамкасблар тажрибаси ёритилган мақолалар касбий маҳоратимизни оширишда қўл келмоқда.
Тумандаги 265-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Беҳзод Нурматовнинг таклифи таълим нашрларининг кейинги йилги режасидан ўрин олди.
— “Ma’rifat” газетасининг ҳар бир сонини ўқиб бораман, — дейди у. — Мақолалардан дарс жараёнида методик қўлланма сифатида фойдаланаман. Ҳамкасбларимнинг тажрибасини дарсимда қўллашга интиламан. “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танловида ғолиб бўлган фан ўқитувчиларининг фаолияти, танловга тақдим этган методикалари бериб борилса, ўқитувчиларга фойдали бўларди. Улар қандай қилиб танловда ғолиб бўлгани, қандай ўзига хос янгиликлар жорий этгани, менимча, барчага қизиқ.
Сурхондарё вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида ўтказилган учрашув ҳам қизғин таклифларга бой бўлди. Фаол муаллимлар таълим нашрларининг педагог ҳаёти ва фаолиятидаги амалий аҳамияти ҳақида сўзларкан, мутолаа ҳар бир ўқитувчининг касбий маҳорати ва билими ошишида муҳим омил эканига урғу беришди.
— Авваллари “Ma’rifat” газетасининг янги сонини қўлга олиш учун бир-икки ҳафта навбат кутардим. 15 —20 чоғли ҳамкасбимдан менга келгунича газетанинг навбатдаги икки-учта сони ҳам нашрдан чиққан бўларди. Таълимдаги янгиликлардан ҳам кечикиб хабар топардим. Бу йил ўзим учун шахсан обуна бўлдим. Келгуси йилдан “Ma’rifat” бир ўзимга сонма-сон келади. Энди севимли газетамни биринчи бўлиб ўқийман, — дейди Термиз туманидаги 9-мактаб ўқитувчиси Дилдор Нурмуҳаммедова. — Ўзини зиёли санаган муаллим таълимдаги, ўзи ўқитаётган фандаги янгиликлардан хабардор бўлиш учун албатта газета-журнал ўқиши керак. Мутолаадан тўхтадими, демак, фикрлашдан, касбий ривожланишдан ҳам тўхтайди.
— Уйимизда газета-журналларнинг неча-неча йиллик тўпламлари сақланади. Ҳар гал уларни варақлаганимда шууримга нур ингандек бўлади, — дейди Бойсун туманидаги 3-мактаб ўқитувчиси Самад Сафаров. — Педагог сифатида газета-журнал ўқимайдиган ўқитувчини тасаввур қилолмайман. Халқнинг фарзандининг саводини чиқарадиган, тарбиялайдиган, яхши-ёмонни фарқлашни ўргатадиган муаллим арзимаган моддиятни маънавий бойликдан устун қўймаслиги керак. Бугун ўқитувчининг олдига катта талаблар қўйиляпти. Шунга яраша ишлаши, яхши яшаши учун зарур шароитлар ҳам яратиляпти. Муаллимлик масъулиятини зиммасига олган, таълим-тарбияни виждон амри деб билган инсон, менимча, кундалик фаолиятини мутолаасиз, маънавий озуқа берадиган газета-журналсиз тўлақонли ташкил этиши қийин.
Хайриддин МУРОД,
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ,
“Ma’rifat” мухбирлари