Дадамдан қолган мерос
«Ma’rifat» газетасининг ҳар бир сонини қолдирмай ўқиб бораман. Севимли нашримнинг 2018 йил 86-сонида эълон қилинган «Ўқитувчи газета ўқимайди(ми?)» мақоласи анчадан бери дилимга тугиб юрган мулоҳазаларимни баён этишга ундади.
Очиғи, «Ma’rifat»ни эсимни таниганимдан бери биламан. Дадам раҳматли 35 йилдан ортиқ мактабда ўқувчиларга тарих фанидан дарс берган. У киши кунора қўлтиғига газета қистириб уйга кириб келарди. «Ўқитувчилар газетаси» оиламизнинг энг севимли нашри эди. Кечки овқатдан сўнг хонтахта атрофида газетхонлик бўларди. Дадам газетадаги хабар, мақола, сўнгги янгиликлар билан бизни таништирарди. Йиллар ўтиб, 4 фарзанд ота касбни эгалладик. Дадам бизга газета ўқишни ўргатди, у орқали дунё танидик, касб танладик. «Ma’rifat»ни қўлимга олсам, дадамнинг гапларини эслайман: «Газетани ўқиш — кундалик ҳаётни ўқиш ва янгиликлардан бохабар бўлиш, дегани. Китоб, газета мутолааси дунёқарашни бойитади, айниқса, ўқитувчини изланишга, ижодкорликка ундайди».
Яқинда тўй қилдик. Тўй тараддудида меҳмонлар учун уйга жой ҳозирлаш керак эди. Менга ёрдам бериш учун келган жиянларим, қўшниларим дарсхонамда «Ma’rifat» газетасининг тахламларини кўриб ҳайрон қолишди.
— Вой-бў, шунча газетани нима қиласиз? — ҳайратини яширолмади жиянларимдан бири.
— Бу менга дадамдан қолган мерос, — дедим газеталаримни эҳтиётлаб.
— Газета ҳам мерос бўларканми?! — дея ажабланди улар.
Мен бу меросни неча йиллардан бери авайлаб, сақлаб келяпман. Улардан фаолиятим давомида унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Энди менинг фарзандларим ҳам уйга «Ma’rifat» кўтариб келишимни кутяпти.
Хулосам шуки, азиз ҳамкасблар, газета ўқинг. Маънавий бой бўласиз. Дарвоқе, севимли газетамга янги йил учун обуна бўлдим. Газетанинг янги сонларидан янада мазмундор саҳифаларни кутиб қоламан.
Раҳбарой МЕЛИБОЕВА, Учкўприк туманидаги 5-мактаб ўқитувчиси