Ҳар бир мурожаат — эътиборда!
Халқ дарди билан яшаш, талаб ва истакларини рўёбга чиқариш нафақат фуқароларнинг турмуш тарзини ижобий томонга ўзгартиради, балки келгусида юз бериши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳам олдини олади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги “Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг “Жисмоний ва юридик шахс¬ларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида”ги қарори жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, юридик шахсларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишининг қўшимча кафолатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу барча соҳа вакиллари қатори халқ таълими тизимида фаолият юритаётган раҳбарлар зиммасига ҳам масъулиятли ва шарафли вазифаларни юкламоқда. Мазкур қарор асосида Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи қабул қилинди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.
— 2017 йилнинг 20 январига қадар вилоят халқ таълими бошқармасига Президентнинг виртуал қабулхонаси орқали 149 та мурожаат келиб тушган, — дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг масъул ходими Адиз Жумаев. — Ҳар бир мурожаат шу куннинг ўзидаёқ қабул қилиниб, рўйхатга киритилади ва муддати белгиланган ҳолда ижрога юборилади. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мурожаатлар тегишлилиги бўйича жойларга юборилгани тўғрисида мурожаат этувчига 5 кундан кечиктирмасдан ёзма ёки электрон шаклда хабар юборилади ва 15 кун ичида ижроси таъминланади. Мурожаатларни имкон қадар қисқа муддатда ўрганиб чиқишни таъминлаш мақсадида бошқармамиз ҳамда туман(шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари қошида тажрибали мутахассис, тизим фахрийларидан иборат махсус гуруҳлар ташкил этилган. Улар мурожаатларда келтирилган масалаларни ҳал этиш, ўрганиш натижаларини таҳлил этиш билан иш олиб боради.
Айни пайтда мурожаатларнинг 137 таси ўрганилиб, уларга жавоб хатлари юборилган. Қолган 12 таси бўйича текшириш ишлари олиб борилмоқда.
— Мурожаатларни ўрганиб, таҳлил қилганимизда, аксариятида тизимда эътиборталаб масалалар ўртага ташланганига гувоҳ бўлаяпмиз, — дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Фаррух Қурбонов. — Масалан, айрим ҳудудлардаги таълим-тарбия муассасаларининг замонавий талабларга жавоб бермаслиги ёки айрим масъулларнинг эътиборсизлиги, масъулиятсизлиги туфайли қатор муаммолар келиб чиқмоқда.
Хусусан, Қоракўл туманида яшовчи Б.Зоированинг тумандаги 4-мактабга ишга жойлашиш ҳақидаги мурожаати ҳам қаноатлантирилиб, у мутахассислиги бўйича иш билан таъминланди.
Ю.Азимованинг Вобкент тумани Зафаробод қишлоғида МТМ ва болалар ўйингоҳи қуриб бериш ҳақидаги аризаси ўрганилиб, унга истиқболли дастурда Зафаробод қишлоғи ҳудудида янги МТМ қуриш инобатга олиниши тўғрисида тушунтирилди.
Бухоро туманилик С.Латипова ҳудуддаги 17-мактабда иситиш тизими яхши ишламаслиги, натижада хоналар исимаслигини маълум қилган. Мурожаатни ўрганиш жараёнида ҳақиқатан ҳам мазкур мактабнинг 300 ўринли ўқув биноси ва синф хоналари етарли даражада исимаётгани аниқланди. Зудлик билан бу бинода таълим олаётган ўқувчилар умумтаълим мактабининг иссиқлик тизими етарли даражада ишлаётган 320 ўринли биносига кўчирилди. Туман газ бўлими билан ҳамкорликда муаммони ҳал этиш чоралари кўрилди.
Айтиш жоизки, мурожаатлар орасида ўша ҳудуднинг ўзида, яъни мактаб ёки бошқа таълим муассасаларида ҳал этиш мумкин бўлган қатор муаммолар ҳам борки, бу масалаларнинг вилоят халқ таълими бошқармасига қадар етиб келаётгани таълим муассасаларида тар¬ғибот ишлари тўғри йўлга қўйилмагани, педагогик жамоаларда ҳуқуқий саводхонлик даражасининг етарли эмаслигидан далолат беради. Ана шундай ҳолатлар юз бермаслиги ва муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида бошқарма ҳамда туман(шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлимларида электрон мурожаат тизими тубдан яхшиланди. Шунингдек, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Ирода ОРИПОВА