Ўқитувчи обрўси— жамият обрўси
2017 йил 31 май куни “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Мезон” кўрсатувида ўта долзарб, муҳим масалани дадил кўтаришгани, дил ярасидек ачишиб турган оғриғимизни ўзимизга такрор кўрсатишганидан, рости, қувондим, ҳам куйиндим. Маънавият ва маърифат кишиси — ўқитувчи ўз соҳаси қолиб, бошқа юмушларга жалб этилаётгани, ортиқча қоғозбозлик, расмиятчилик юки остида эзилаётгани, таълим беришга ажратилган вақти ташкилотчилик, тадбирбозликка кетаётгани таълим сифатининг пасайишига сабаб бўлаётгани, яна бир қанча муаммоларнинг мадда бойлаб ётгани бўғзингни ачиштиради. Айрим “устоз кўрмаган раҳбар”ларнинг калондимоғлиги сабаб оддий хизматкор мақомини олаётган ўқитувчининг ранги-рўйига бир қаранг-а! Юрагингиз ачишмайдими...
Халқимизда: “Устоз отангдай улуғ” деган нақл бор. Устозимизни падаримиздай улуғ тутамизу, кўпинча отамизга раво кўрмаган юмушларни қилдиришга уялмаймиз, пинагимизни бузмаймиз. Машғулоти қолиб, кўча-кўйни супураётган, ўқувчиларини эргаштириб, дов-дарахт оқлаётган, мактаб ҳовлисидаги ахлат-чиқиндиларни йиғаётган ўқитувчига мураббий, муаллим деб эмас, “юқори”дагиларнинг буйруғига лаббайгўй дегувчи кимса деб қарашга кўникдик.
Ҳар йили 1 октябрь санасани зўр тантана билан нишонлаймиз, устоз-мураббийлар шаънига алқовларни келиштириб, мукофот, унвонларни кўксига тақамизу, экин-тикин, йиғин-ўрим палласи келса, тиллоларга алишмас дарс соатларини хўжалик ишларига қурбон берамиз.
Мустақилликнинг илк йиллари бу касб фидойиларига анча енгилликлар, табиий газ, электр, сув солиқларидан озод қилиш, яшаётган уй-жойларини хусусийлаштириб беришдек хайрли ишларга қўл урилганди, ҳатто. Бироқ вақт ўтиб, ўқитувчи “қоғоз-одам” қиёфасига кирди, қилаётган ишини қоғоз-ҳисоботлар, турли-туман баённомаларга тиркайдиган муаллимлар сафи кенгайди, холос.
Ўқитувчи қўшимча адабиётларни ўқиши, малакасини ошириши ҳам қоғозлар орасида жонсарак қолаверди. Университет, институтда олган билимлари билан бир жойда қотиб қолган, эски маълумотларини ҳали ҳам ўқувчиларига чайнаб бераётган ўқитувчи шаклланди натижада. Ўқувчиси кўз ўнгида далада кетмон чопаётган, бировнинг ҳовлисидаги юмушини ўринлатаётган, камига кераксиз қоғозлардан қутулолмаётган мураббийнинг аҳволини тасаввур қилаверинг энди!
Бошқа жойларни билмадиму, чунончи, Фарғона вилоятидаги олий, ўрта махсус ва умумтаълим мактаблари ўқитувчиси дарси бор ёки йўқлигидан қатъи назар, эрталаб таълим муассасасига албатта келиши, қайд дафтарига имзо чекиши, кеч соат 16-17 да яна ўша дафтарга қўл қўйиб кетиши шарт. Кулгили томони, таълим системаси ишлаб чиқариш соҳасига тенглаштирилаётир! Ўқитувчининг иш қуроли китоб, дафтар, ручка, қалам, уйида ёки кутубхонада эмас, балки муайян назорат, босим остида! Бунда креатив ғоялар, янги фикрлар ҳақида ўйлаш ортиқча. Агар ҳар кимда ички интизом, тартиб бўлмаса, бундай тадбирларни қўллаш беҳуда, самарасиз. Ўқитувчи обрўси — жамият обрўси, ахир.
Йўлдош СОЛИЖОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор