Коррупцияга йўл йўқ!
Тараққиётга ғов бўладиган иллатлардан бири коррупция бўлиб, у ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, конституциявий асосларни ва қонун устуворлигини заифлаштириб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Порахўрликка қарши курашишни тартибга солиш мақсадида 2008 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 13 октябрдаги “Коррупцияга қарши Конвенцияси”ни ратификация қилди. Пул бериш эвазига ноқонуний ишни амалга ошириш ёки содир этилаётган ножоиз ишдан била туриб кўз юмиш, ўз манфаати йўлида молиявий хатоликлар қилиш, ўзгалар мулкини ўзлаштириш, мансабдор шахсларга пора бериб, бирон натижага эришиш коррупциянинг яққол кўринишларидандир.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш жараёни қатъий талаблар асосида ташкил этилмоқда. Вазирлик бошқарув аппаратида халқ таълими тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича республика комиссияси ҳамда барча ҳудудий бошқарув идораларида комиссиялар фаолияти йўлга қўйилган. Республика комиссияси томонидан халқ таълими тизими ходимларининг одоб-ахлоқ меъёрларини тўлиқ ўзлаштириши учун вазирлик тизимидаги ташкилот ва таълим муассасаларида “шикоят қутиси” жорий этилиб, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби белгиланди. Шунингдек, тизимда давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида “1006” қисқа рақамли “ишонч телефони”, “эълонлар тахтаси” жорий этилди.
Тизимда коррупцияга қарши курашни кучайтириш учун жисмоний ва юридик шахслардан худди шу мазмундаги мурожаатларни жойига бориб, муаллиф иштирокида ўрганиш, такрорланишига йўл қўймаслик юзасидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Вазирлик томонидан 2 та ҳайъат ва 4 та селектор йиғилиши ўтказилди.
2017 йилнинг ўтган даврида Халқ таълими вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан 2736 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 176 таси бевосита коррупция ҳолатларига тегишлидир.
Вазирлик ва ҳудудий халқ таълими бошқармаларида мурожаатларни ҳисобга олиб бориш китоби юритилмоқда. Умумтаълим мактабларига ўқувчини қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш, ошкоралик тамойилига амал қилиш мақсадида “электрон қабул қилиш дастури” ишлаб чиқилмоқда.
Жорий йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни, 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Мазкур қонун ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида ¡збекистон Республикаси Бош вазири томонидан Халқ таълими вазирлигининг идоравий коррупцияга қарши курашиш комлекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, унинг ижроси босқичма-босқич таъминланмоқда.
Белгиланган чора-тадбирларга кўра, сўровномалар ўтказиш, таълим муассасалари ўқув дастурларига коррупцияга қарши курашишга оид мавзуларни киритиш, расмий веб-сайтлар ва “ишонч телефони” фаолиятини таҳлил қилиб бориш, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, ходимларни ишга қабул қилишда шаффоф механизмни яратиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш бўйича самарадорликни ошириш, давлат органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш муҳим вазифалар сифатида белгиланиб, мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
— Мактабимизда таълим икки сменада ташкил этилган бўлиб, ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Ўқувчилар сони 1678 нафар бўлиб, контингентнинг юқорилиги иш жараёнида турли муаммоларни келтириб чиқаради. Педагоглар ва ота-оналар ўртасидаги ўзаро муносабатларда майда-чуйда масалаларни коррупция кўринишида ҳал қилишга мактаб раҳбарияти томонидан қатъий кураш олиб борилмоқда. Ўқувчи орқали ота-онадан пул талаб қилишга умуман йўл қўйилмайди. Мактабга ихтиёрий равишда, ўз ташаббуси билан ҳомийлик қилмоқчи бўлган ота-оналар васийлик кенгашига мурожаат қилиб, маблағни нақд пул шаклида эмас, кенгаш ҳисоб рақамига тушириб бериш орқали амалга ошириши талаб қилинади. Жорий йилнинг январь ойида туман прокуратураси ходимлари иштирокида ўтказилган тадбир педагогларни ҳам, ота-оналарни ҳам коррупцияга қарши курашишда огоҳликка чорлади. Жорий ўқув йили бошида ўтказилган ишлаб чиқариш йиғилишида ҳар бир педагог ва 50 нафар синф раҳбарига таъмагирликнинг салбий оқибатлари хусусида кенг тушунча берилди, — дейди Яшнобод туманидаги 244-мактаб деректорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Матлаб Қўлдошева.
Тизимда коррупцияга қарши қатъий кураш олиб борилаётган бўлса-да, болани умумтаълим муассасасига қабул қилиш, педагог ходимни ишга олиш, молиявий операцияларни амалга ошириш, давлат ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнида коррупциянинг баъзи белгилари кўзга ташланмоқда. Хусусан, бош¬қарув органлари ва таълим муассасаларида ўқувчининг ота-онасидан ноқонуний тарзда пул маблағлари йиғиш, олимпиада ва танловларда юқори ўринни олиш учун курашиш, ўқув қўлланмаси ва бошқа адабий нашрларни мажбурий равишда сотиш, совға-салом, пул эвазига иш ёки ўқишга қабул қилиш, малакасиз ходимни аттестациядан ўтказиб, тоифа белгилаш, текширув натижасида аниқланган камчиликни беркитиш учун пора таклиф қилиш, молиявий ҳужжатларни била туриб, нотўғри расмийлаштириш сингари коррупция ҳодисалари содир этилмоқда. Бу ҳолатлар эса жисмоний ва юридик шахслар ёзма, оғзаки мурожаати, оммавий ахборот воситалари чиқишлари, ҳуқуқ-тартибот органлари ёки ташкилот фаолиятини ўрганиш жараёнидаги маълумотлар орқали аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш — замон ва давр талаби. Давлат органлари жамиятни ривожлантириш, барқарорлаштириш мақсадида бу иллатга қарши кураш олиб бораётган бир пайтда кенг жамоатчилик ҳам шу ҳаракатга қўшилиши, қўллаб-қувватлаши зарур.
МУХБИРИМИЗ