Шинам, қулай, замонавий
Минглаб юртдошларимиз янги — 2018 йилни замонавий, шинам, барча қулайликларга эга янги уйда қарши олди. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсатнинг мевасидир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш борасидаги ташаббуси Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида эътиборга олинди ва жойларда арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Президентимиз 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек: “Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни аввалги йилларга таққослайдиган бўлсак, 2007 йилга нисбатан 20 баробар, намунавий уй-жойлар қуриш дастури бошланган 2010 йилга нисбатан 3,5 баробар, 2014 йилга нисбатан эса 2 баробар кўп уй-жой қурилганини кўрамиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, биз кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўп қаватли уй-жойлар қуришни бошладик. 2017 йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди...”.
Болалар орзуси ушалган кун
— Биз кеча янги уйга кўчиб ўтдик!
— Ростданми?!
— Кеча бобом ка-атта телевизор совға қилдилар...
Тенгқурига гал бермай мақтанаётган “қақажон”ни тинглар эканман, дугонам Ферузанинг гапи хаёлимдан ўтди. Ўғли Фирдавс алоҳида ўз хонаси бўлишини орзу қилар экан. “Худо хоҳласа, кенгроқ уйга кўчиб ўтсак, фарзандларимнинг хонаси алоҳида бўлади, ҳар қалай уларнинг ўз дунёси бор-да!” дея ниятини изҳор қилган эди қадрдоним. Яхши ният — ярим давлат. Яқинда Ферузанинг оиласига Сергели туманида бунёд этилган хонадонлардан бири насиб қилди. Ўғли Фирдавснинг орзуси ушалди!
Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрда қабул қилинган «2017–2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, пойтахтимизда ва вилоят марказларида аҳоли эҳтиёжига мос кўплаб замонавий тураржой бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу кеча-кундузда мазкур мавзеларга борган киши ҳаяжони ичига сиғмаётган замондошларимизни учратади.
Қатор қад ростлаган кўркам бинолар олдида болалар майдончаси яққол кўриниб турибди. Янги йилни янги хонадонда кутиб олиш ниятида кўч-кўронини ташиб келаётган юртдошларимиз кўзида эртанги кунга бўлган комил ишончни, яшашга кучли иштиёқни кўрасиз. Янги тураржой мавзесида жойлашган маҳалла идораси, поликлиника, мактаб, мактабгача таълим муассасаси аҳоли хизматига мунтазир. Спортсевар болалар учун алоҳида марказнинг очилгани-чи! Санайверсак, имкониятлар чексиз.
Уйлардан бирига яқинлашамиз. Эшикда махсус рақамланган қулф ва домофон — уй эгасининг хавфсизлигини таъминловчи восита. Ким келганини овозидан таниб, эшикни ичкаридан очиш мумкин. Кираверишдаги эълонлар тахтасида истиқомат қилувчиларни саранжом-саришта, батартиб бўлишга чорловчи сўзлар ва бошқа фойдали маълумотлар қайд этилган. Янги ва замонавий лифтлар хизматга шай.
Рўпарадаги эшик қўнғироғини босдим. Мақсадимни англагач эшикни очган хонадон бекасининг чеҳраси ёришди. 2013 йилдан буён Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейда она тили ва адабиёт фанидан дарс бериб келаётган Рухсора Қўшоқова қувонч ва ҳаяжонини тўкиб солди:
— Бир инсоннинг бахти шу-да! Маълум муддат ижарада яшадик. Бу уй-жойлар имтиёзли ипотека кредитлари ва солиқ имтиёзлари асосида 20 йилга берилишидан бошимиз осмонга етди. Янги уйга кўчиб киргач, қизалоқларим Сарвиноз ва Малика яйраб-яшнаб кетганини кўрсангиз эди... Улар учун болалар хонасида байрам арчасини ясатдик. Бир ёшга тўлган кичкинтойимиз Гулираъно ҳам арчага қараб талпинади...Эшик жиринглаб қолди. “Сарвинозим мактабдан келди”, дея уй бекаси эшикка ишора қилади. Қизалоқ янги йилдан ёнгиналарида янги барпо этилган 55-мактабда ўқишни давом эттиради.
Суҳбатдошимнинг телефони жиринглайди. Менинг хаёлимдан эса ижарада яшашнинг машаққатлари ўта бошлади. Бу бировга муте бўлиш, кимларнингдир қош-қовоғига қараб яшаш, деганидир. Буни ўз бошидан ўтказганлар билади. Айниқса, оилали, фарзандли оилаларнинг у уйдан-бу уйга кўчиб, сарсон-саргардон юришини осон тутиб бўлмайди. Янги уйга эга бўлиш шунинг учун ҳам чинакам маънодаги бахт!
«Бахтли ҳаёт» оилалари
2017 йили Самарқанд вилоятининг барча туманларида намунавий лойиҳалар асосида 1935 та арзон уй-жой қурилгани қувончли воқеалардан бирига айланди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида уй-жойга эҳтиёжи бор фуқароларнинг яшаш шароитини яхшилаш, турмуш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида 405 хонадондан иборат 9 та беш қаватли арзон уйлар имтиёзли кредит асосида ўз эгаларига топширилди. Бунёдкорлик жараёнига ҳамоҳанг тарзда 29 минг квадрат метр ҳудуд ободонлаштирилиб, 100 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилгани аҳолининг кайфиятини кўтарди. 10 минг квадрат метр бетон қопламали йўлак, автоуловлар учун 18 та вақтинча тўхташ жойи, 4 та болалар майдончаси, 3 та спорт майдони, 2 та дам олиш айвони қурилди.
— Янги бунёд этилган «Бахтли ҳаёт» маҳалласининг бахтли оилаларидан бири бўлдик, — дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси Абдумалик Қурбонов. — Икки фарзандимиз билан фаровон яшашимиз учун барча шароит мавжуд. Ижарада яшашнинг барча машаққатларини кўрдик. Айниқса, бу болаларимизнинг турли таълим муассасаларида ўқишига сабаб бўлиши бизни жуда қийнарди... Оллоҳга беҳисоб шукр, бари ортда қолди, ўз уйига эга бўлган бахтиёр оила бошлиғиман. Маҳалламизга чиройли ном қўйишганини қаранг, чиндан ҳам дидимиз ва эҳтиёжимизга мос қилиб тикланган тураржойда фақат бахтли ҳаёт кечириш мумкин.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масаласи Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан алоҳида эътиборга олинмоқда. 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят миқёсида ижтимоий ҳимояга муҳтож 37 нафар шахс учун имтиёзли кредит асосида уй-жой ажратилган бўлса, яна 100 нафар ана шу тоифадаги фуқаро биринчи навбатда ўз уй-жойига эга бўлади.
«Фарзандларим боғчага борадиган бўлишди»
Янги уй яхши-да, қай томонига қараманг, кўз қамашади. Шифт, девор, эшик-дераза. Ҳали жиҳоз қўйилмаган уйга кирган кишининг овози ўзига акс-садо бериб қайтади. Урганч тумани Бекобод қишлоғида туғилиб ўсган Бобоназар Юсупов намунавий типда қурилган уй-жойлардан бирини харид қилар экан, худди шундай ҳолатни бошдан кечирди.
Икки қаватли, кўркам, ихчам, замонавий меъморлик услубида тикланган уйда яшаш — унинг орзуси эди. Ота ҳовлисида беш нафар фарзанд — бир қиз, тўрт ўғил вояга етди. Оилали бўлиб, фарзандлар бирин-кетин туғилгач, табиийки, ака-укалар бир ҳовлида сиқилиб қолишди. Бобоназар Урганч тумани ҳокимлиги орқали уй-жойга эҳтиёжмандлар рўйхатига ёзилди, зарур ҳужжатларни йиғиш қийин бўлмади. Вилоят халқ таълими бошқармасига Бекобод қишлоғидан қатнаб ишлаган йигит иккиланиброқ ҳам юрди: унга уй-жой ажратишармикан ёки йўқ? Туман ҳокимлигининг бир гуруҳ аҳолига узоқ муддатли кредит маблағлари асосида уй-жой ажратиш тўғрисидаги қарори Бобоназарнинг кўп йиллик орзуларини ҳақиқатга айлантирди. Бунга турмуш ўртоғи Барно Рустамова ҳам хайрихоҳ. Икковлашиб ишласа, бирининг ойлик маоши рўзғорга сарфланади, иккинчисиники кредит тўловига йўналтирилади.
Оиланинг яшаб турган ҳовлиси туман марказидан 20 километр узоқликда жойлашгани учун ҳам фар¬занд¬лари мактабгача таълим муассасасига қатнай олмас эди. Дил¬банд¬лари “Биз қачон боғчага борамиз?” деб ҳоли-жонига қўйишмасди. Энди эса болаларининг ҳам қувончи чексиз: икки хонали янги уй-жойнинг шундоққина биқинида боғча. Бобоназар ва Барно каби ёш оила соҳиблари бехавотир ишга кетаверса бўлади. Янги тураржой мажмуасининг 8 декабрь — Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши чинакам байрамга айланиб кетди.
— “Қишлоққурилишбанк”нинг Урганч туман бўлими томонидан 7 фоизли имтиёзли кредитни расмийлаштирдик. Узоқ муддатли кредит маблағи биз каби ёш оилаларнинг иқтисодий аҳволини ўнглаб олишида муҳим таянч бўлади. Энди уйимиз ишхонамга яқин — бор-йўғи 8 чақирим. Ҳозир ўғлим билан қизимни мактабгача таълим муассасасига топширамиз-да, кўнглимиз тўқ бўлиб ишга жўнаймиз. Ишдан қайтишда уларни олиб, уйга шошамиз, — дейди бахтидан мамнун уй бекаси Барно Жабборова.
Назокат ХОЛМЕТОВА,
Ҳаким ЖЎРАЕВ,
Маҳмуд РАЖАБОВ,
“Ma’rifat” мухбирлари