Коррупцияга қарши курашиш — устувор вазифа
Жамият тараққиётига ғов бўлаётган иллатлардан бири коррупция бўлиб, буни барча давлат ва минтақаларда кузатиш мумкин. Бу иллатдан Ўзбекистон ҳам мустасно эмас. Шу боис давлатимиз коррупцияга қарши курашишга жиддий эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни, Президентимизнинг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори кучга кирди. 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланиб, ижроси таъминланмоқда.
Давлат дастурининг биринчи йўналишида, яъни коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан қабул қилиниши белгиланган 9 та қонун лойиҳаси ва 1 та миллий дастур ишлаб чиқилиб, 3 та қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва 4 та қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Шу жумладан, 2017 йилнинг 7 сентябрида “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг кучга кириши кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди.
Давлат дастурининг иккинчи йўналиши — аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, коррупцияга қарши кураш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, бунга оид ҳу қуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, буни вужудга келтирувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган 5 мингдан ортиқ учрашув, семинар ва давра суҳбати ўтказилиб, 200 мингдан ортиқ плакат ва флаер тарқатилди. Бевосита прокуратура ор¬ганлари томонидан аҳоли, давлат органлари ходимлари ҳамда тадбиркорлар ўртасида 850 семинар, давра суҳбати ташкил этилиб, фуқаролар ушбу қонуннинг мазмун-моҳиятидан хабардор қилинди.
Бош прокуратура томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда коррупция оқибатларини ёритиб берувчи 5 та ижтимоий видеоролик тайёрланиб, ҳар куни марказий ва маҳаллий телерадиоканаллар орқали намойиш этилмоқда.
Давлат дастурининг 16-банди ижросини таъминлаш мақсадида комплекс тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, ўтган йили Бош прокуратура томонидан «Давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш» мавзусида 50 га яқин вазирлик ва идоралардан 140 нафар масъул ходим иштирокида ўқув-семинарлар ўтказилди. Молия вазирлиги томонидан Бош прокуратура билан ҳамкорликда давлат харидлари ва ички аудит тизимининг қо¬нунчилик асосларини такомиллаштириш ва коррупциянинг олдини олиш мавзусида Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси ва уларнинг қуйи бўғинларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида видеоконференцалоқа режимида 50 дан ортиқ семинар ташкил этилди.
Бундан ташқари, 2017 йил 6 апрелда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорга биноан, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида коррупцияга қарши курашиш мавзуси чуқур ўргатилмоқда.
Давлат дастурининг учинчи йўналиши — давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича Бош прокуратура томонидан Адлия ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари билан ҳамкорликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши бўйича комиссия раҳбарлари ва масъул ходимлари ўртасида ўқув-семинар ўтказилди.
Давлат дастурининг тўртинчи йўналиши — коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш бўйича Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар, Молия вазирликлари, Ҳисоб палатаси, вазирлик ва тегишли идоралар билан 2017-2018 йилларда коррупциянинг ҳолати ва тенденцияларини тизимли таҳлил қилишга ҳамда идоралараро ҳамкорлик ва маълумотлар алмашинувига асосланган фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ишини самарали ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. 2015-2016 йиллар давомида газ ва электр энергиясини реализация қилиш соҳасида содир этилган жиноятлар ва соҳага тааллуқли бошқа маълумотлар таҳлил қилиниб, ҳуқуқбузарлик содир этилишига шарт-шароит яратиб берувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.
Давлат дастурининг бешинчи йўналишида тад¬қиқотлар ўтказиш ва халқаро ҳамкорлик белгиланган. Республика идоралараро комиссияси эксперт гуруҳи томонидан коррупцияга қарши курашишга доир ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш мақсадида мониторинг ўтказилиб, давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш фаолияти бўйича рейтинги аниқланди. Натижа бу борада ижобий ишлар амалга оширилганини кўрсатди.
2017 йил октябрь ойида “Transperency international” халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ижобий натижа қайд этилгани кўрсатилган. Мамлакатимиз фуқароларининг коррупция ҳолатларига 18 фоиз дуч келгани МДҲ давлатлари ўртасидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, натижаларни хал¬қаро ҳамжамиятга етказиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро доирадаги ўрнини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Бош прокуратура томонидан ўтган йили 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишлаб “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Тадбирда қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, галдаги вазифаларни белгилаб олдилар. Мазкур тадбир доирасида ўтказилган “Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши ислоҳотлари: ютуқлар ва устувор вазифалар” мавзусидаги халқаро конференцияда Бош прокуратуранинг 2017 йилда юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида эришилган натижалар ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Тадбир доирасида «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш ислоҳотлари — 2017: ютуқлар ва устувор вазифалар» мавзусида Халқаро пресс-клубнинг медиафоруми ташкил этилди, Бош прокуратура, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси, тегишли вазирликлар ва Ўзбекис¬тон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилган мавзуга оид «Энг яхши расм» ва «Энг яхши иншо» танлови ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.
Республикамизда коррупцияга қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, албатта, ўз самарасини беради.
Шерали МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бўлим прокурори