Тил бағридаги маънавият: лингвомаънавиятшунослик ва унинг истиқболлари ҳақида
Тил бағридаги маънавият: лингвомаънавиятшунослик ва унинг истиқболлари ҳақида
Шахснинг маънавий юксалишида тилнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун тил тадқиқи ва таълими соҳасида олиб борилаётган ишларда ҳам шахснинг маънавий камолоти масаласи юқори ўринларда туриши айни ҳақиқат. Зеро, давр глобаллашув шароитида тилшуносликнинг ҳам ўз ўрганиш объектига миллат ва шахс маънавияти нуқтаи назаридан ёндашувини янада долзарблаштирмоқда. Шу маънода, бугунги кунда тилшунослик тадқиқотларининг давр талаблари асосида янги ўзанларга тушаётгани эътиборга молик. Буни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети тилшунослари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Университетнинг “Ўзбек тилшунослиги” кафедраси илмий жамоаси ўзбек тили лисоний имкониятларини тил ва маънавият муштараклиги асосида махсус тадқиқ қилишга киришмоқда. Кафедрада тилшуносликнинг ушбу янги йўналиши дастури — концепцияси яратилди. Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун унинг муаллифларидан бири, филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиевга мурожаат қилдик.
ТАҲРИРИЯТ
Муқаддима
Ўзбек тилшунослиги бўйича ҳозирги тадқиқотларда кўп ҳолларда амалий аҳамиятсиз, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий самарадан холи, фақат “тил ўзида”, “тилшунослик илмий даражалар учун” тамойиллари асосида иш кўрилади. Бу — тадқиқотларнинг аллақачон эскириб кетган андоза ва ўтмишда қолган талаблар асосида амалга оширилаётганидан ҳам маълум. Муаммо аломатлари қуйидагиларда кўзга ташланади:
— ўзбек тилшунослиги доирасида давлат илмий тадқиқот грантларига даъвогар ҳар қандай анъанавий мавзудаги лойиҳани долзарблигидан қатъи назар, ўзаро шахсий ёки бошқа муносабат асосида тўла маъ¬қуллаш ёки осонгина рад этиш мумкин;
— аниқ, табиий, иқтисодий фанлар бўйича янги талаблар асосида диссертация ҳимояларига кенг йўл бўлгани ҳолда, тилшунослик соҳасида кўплаб сунъий чеклов ва уларни “айланиб ўтиш” имкониятининг мавжудлиги;
— лингвистик йўналишда тайёрланган ва ҳимояга қўйилган ҳар қандай диссертацияни субъектив асосда, сифати ва аҳамиятидан қатъи назар, исталганча юқори баҳолаш ёки хоҳлаганча чиппакка чиқариш мумкин.
Бу — аччиқ ҳақиқат!
Муаммонинг сабаби шундаки, собиқ тузум даврида тилшунослик бўйича илмий ишлар давлат буюртмаси асосида эмас, балки фақат тадқиқотчилар ташаббуси билан, асосан, илмий даража олиш мақсадида олиб борилган. Бугунги кунда мақсадли талаб ва таклиф муносабатига эътибор қаратмайдиган социалистик тилшунослик фани тўла-тўкис инқирозга юз тутди. Аниқроғи, алмисоқдан қолган мақсад ва фойдасиз вазифалар асосида иш кўраётган, натижаларини истеъмолчилар сўрамаётган “жонсиз” ва амалий татбиқсиз мазмундаги тилшунослик фани тўлиқ боқиманда соҳага айланиб қолган. Шунинг учун ҳам ҳимояга олиб келинаётган диссертацияларга ОАК томонидан билдирилаётган асосий ва ҳақли эътироз — улар натижаларининг амалиётга татбиқ этилмагани(аслида татбиқ этиб бўлмаслиги)дир. Ҳатто янги йўналишлар сифатида қаралувчи, аслида, Ғарбга тақлид руҳидаги социолингвистика, “гуркираб ривожланаётган” когнитив тилшунослик, лингвокультурология соҳалари ҳам ижтимоий тараққиёт учун қай даражада аҳамиятли эканини англаб етиш учун уларнинг тилни ёки ундан фойдаланишни қанчалик такомиллаштириши ҳақида озгина ўйлаб кўриш етарли.
Ҳар қандай тадқиқот бевосита ёки билвосита ўрганиш объектини ёхуд ундан фойдаланишни такомиллаштириш билан шуғулланади. Шу маънода, луғатшунослик билан бевосита боғлиқ ишлар, гарчи саноқли бўлса-да, таҳсинга лойиқ, албатта.
Тилшунослик ўтган асрда шахс саводхонлиги учун лингвистик база тайёрлаш мақсадида таълимий йўналишда ривожланган бўлса, ХХI асрда унинг компьютер “саводхонлиги”, яъни компьютерни “эгаллаши” учун табиий тилни математик моделлаштиришга хизмат қиладиган замин ҳозирлаши жуда зарур. Шу маънода, ўзбек тилшунослиги (математик) моделлаштирувчилар, гиперлексикография мутахассислари томонидан бериладиган тизимли буюртмаларни ҳам кутиб қолаётир.
Мамлакатимизда шиддат билан ривожланаётган бозор муносабатлари мақсадли йўналтирилган, истеъмолчи талаби асосида бажариладиган иқтисодий ва ижтимоий самарадор тилшунослик йўналишларининг ривожланишини талаб этмоқда. Бунинг учун, албатта:
биринчидан, тегишли соҳа вазирлик ва давлат қўмиталари, корхона ва ташкилотлари лингвистик тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаб, муаммолар банкини яратиши, уларни фан йўналишлари бўйича таснифлаши ва илмий иш бажарувчи ташкилот ва корхоналарга юбориши зарур;
иккинчидан, муайян фан йўналишлари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар тегишли соҳалардаги лингвистик тадқиқот йўли билан ҳал қилинадиган масалаларни аниқлаш, муаммолар банкини яратиш ва таснифлашда уларга кўмаклашиши лозим;
учинчидан, тилшунослик фан йўналишлари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар ўзларининг ички имкониятларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизмат тизими ва структурасини ишлаб чиқиши зарур;
тўртинчидан, тегишли фан йўналишлари бўйича фаолият юритадиган илмий ва ўқув-илмий муассасалар ишлаб чиқариш соҳалари бўйича фундаментал, инновацион ва амалий тадқиқотларни ичига оладиган хизматларни таклиф этиши керак;
бешинчидан, юридик шахсларнинг ушбу фан йўналишларига ҳомийлик хизматини жорий қилиш ва бунинг учун уларга имтиёз ва қулайликлар яратиш керак.
Тилшунослик фан ва ишлаб чиқариш узвийлигида бундай йўсинда иш юритишга ҳали ўтгани йўқ. Масалан, тил ва маънавият яхлитлиги ҳақида гап кетар экан, маънавий-маърифий фаолият самарадорлиги учун зарур тилшунослик тадқиқотларига тегишли муассасалардан ҳануз бирорта ҳам буюртма берилгани йўқ. Ҳолбуки, янги асрда фақат ҳаётий амалий татбиққа эга, натижаларини истеъмолчилар сўрайдиган ва уларга ижтимоий-иқтисодий самарани таклиф этадиган тилшуносликкина яшашга ҳақлидир.
Тил ва маънавият муштараклиги тадқиқига талаб ва эҳтиёж
Янги юз йиллик — глобал муаммолар асри. Бу муаммоларни санаб адоғига етиш қийин. Лекин уларнинг баъзилари бошқаларини келтириб чиқаришини инобатга оладиган, уларга тизимли ёндашадиган бўлсак, бирламчи ва иккиламчи, бош ва ёрдамчи муаммоларни фарқлаш мумкин.
Шахс маънавияти глобал масалалар қаторида марказий ўринни эгаллайди. Зеро, жуда кўп муаммолар диалектик нуқтаи назардан оқибат характерига эга бўлиб, уларнинг аксарияти учун шахс маънавияти масаласи сабаб мақомида. Олдинги мақоламизда (“Тараққиёт ва маънавият” // “Ма’rifat” газетаси, 2018 йил 24 январь) бу ҳақда атрофлича фикр юритилган эди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг маънавият масаласи миллий муаммо, халқимизнинг тараққиёт шарти сифатида кун тартибига қўйилди. Икки жилд ўзбек тилининг изоҳли луғатида маънавият истилоҳи йўқлигига кўра ушбу масаланинг истиқлолгача қай ҳолатда бўлганини тасаввур этиш қийин эмас. Бу луғатда маънавий сўзи берилгани (1-жилд, 454-cаҳифа) унинг ижтимоий онгда фақат белги сифатида мавжуд бўлганидан, алоҳида борлиқ ҳодисаси мақомига эга бўлмаганидан далолат беради. Балки бунга маънавият сўзининг рус ва бошқа Европа тилларида муқобили йўқлиги ҳам сабаб бўлгандир.Мустақиллик йилларида маънавият алоҳида ўқув предмети сифатида ўқитила бошланди. Кўплаб ўқув адабиётлари, қомус ва луғатлар чоп этилди, таълим йўналишлари йўлга қўйилди. Бу борада мисли кўрилмаган ютуқлар қўлга киритилди. Бироқ... бош мақсад йиллар ўтган сари унутила борди. Маънавий юксак шахс тарбиясидан маънавият асослари бўйича билимли мутахассисларни етиштириш йўлига ўтиб олинди. Маънавият масаласи ихтисослашиб, тор йўналишга – илмда фалсафа, таълимда маънавиятшунослик асослари бўйича ўқув предметининг мулкига айланди. Маънавий-маърифий амалиёт эса фақат “тадбирлар” уммонига чўкиб кетди.
Кўплаб фанлар маънавият масаласидан йироқлашди. Хусусан, тилшунослик ўзининг энг яқин муаммосига яқинлашмасданоқ бегоналашди. Ҳолбуки, маънавиятга энг яқин ҳодиса тилдир.
Тил — маънавиятнинг ифодаловчиси ва сақловчиси, бойитувчиси ва узатувчиси. “Она тили — миллатнинг руҳи” (Ислом Каримов) ғояси эътироф этилган бўлса-да, тилнинг миллат руҳи ва маънавиятини ифодалашини тадқиқ қилиш бўйича концептуал ишлар амалга оширилмади. Бу борада ўзбек тилшунослигининг истиқболли йўналишлари шакллантирилмади. Мақсадлар қўйилиб, вазифалар белгиланмади.
Бунинг бир нечта сабаблари бор, албатта. Жумладан:
биринчидан, тилнинг маънавиятни сақлаш ва аждодлардан авлодларга узатиш (аккумулятив ва трансформатив) вазифаси тадқиқи ўзбек тилшунослиги анъаналарида йўқ эди;
иккинчидан, Ғарб ва Европа тилшунослигида тил ва маънавият муштараклигини муаммо сифатида қўйиш урф бўлмаган;
учинчидан, ўзбек тилшунослиги фани республика маънавий-маърифий тузилмаларидан буюртмалар олмади.
Бугунги кунда жадал глобаллашув маънавият муаммосини янада ўткирлаштириб, бошқа тегишли фанлар қатори тилшунослик зиммасига ҳам катта масъулият юкламоқда. Бу эса тил ва маънавият муаммосини ўрганадиган алоҳида соҳа — лингвомаънавиятшунослик йўналиши шаклланишини талаб этади.
Лингвомаънавиятшунослик тадқиқотлари моҳияти
Тил ва маънавият муштараклиги муаммосининг тилшуносликда ечиладиган хусусий ва бошқа фанлар билан ҳамкорликда тизимли ҳал этиладиган умумий томонлари мавжуд.
Тилшуносликнинг систем-структур йўналишида ўзбек тилидаги “маънавият” лисоний категориясининг моҳияти, структураси, таркибий қисмлари ва элементлари, улар орасидаги муносабатлар, категорияга бевосита ёки билвосита мансуб алоҳида бирлик(сўз, ибора каби)нинг хусусий маъноси, умуман олганда, алоҳида бирликларнинг система ташкил этиш ва системада вужудга келувчи барқарор лисоний белги-хусусиятлари очилиб, даврий табиатли бўлади. Бу йўналиш бошқа йўналиш ва соҳалар учун пойдевор қўйиш вазифаси билан етакчи ўринда туради.
Диалектология (шевашунослик) соҳасида “маънавият” лисоний категориясининг халқ шеваларида учрайдиган унсурлари, уларнинг лисоний қиймати ва тарқалиш географияси, адабий муқобиллари билан муносабатлари тадқиқ қилиниб, зарур ҳолларда адабий нутқдаги лакуна(бўшлиқ)ларни тўлдиришга доир тавсиялар ва уларнинг асослари ишлаб чиқилади.
Лексикография соҳаси “маънавият” лисоний категорияси унсурларини луғатларда бериш муаммоси билан шуғулланади. Академик, оммабоп ва ўқув филологик сўзликларда, алифболи ва системали луғатларда мазкур сўзларни бериш ва изоҳлаш муаммолари, махсус лингвомаънавиятшунослик луғатлари ва қомусларини тузиш масалалари, шунингдек, таржима ва гиперлуғатларда, миллий корпусларда бирликларнинг моҳиятини очиб бериш каби масалалар назарий ва амалий лексикографиянинг долзарб вазифаларидан.
Қиёсий ва чоғиштирма тадқиқотларда “маънавият” лисоний категорияси унсурларининг ўзга қурилишли ва қариндош тиллардаги муқобиллари ва ўхшашлари билан муносабатлари ўрганилиб, лисоний моҳияти ва қиймати очилади, таржима ва ўгириш муаммолари тадқиқ қилинади.
“Маънавият” лисоний категорияси бирликларининг нутқий қўлланиши, бир жиҳатдан, улар замиридаги моҳиятнинг шахс маънавий дунёси призмасидан ўтиб, муносабат, мулоқот ва нутқ фаолиятида намоён бўлиши, умуман олганда, шахснинг маънавий такомиллашувига таъсири, такомиллашганликни воқелантириш хусусиятлари, иккинчи жиҳатдан, маънавий ташхис, тарбия кабилар нуқтаи назаридан прагмалингвистика, социолингвистика, психолингвистика, нейролингвистика каби антропоцентрик йўналишлар томонидан ўрганилиб, шахс маънавиятини тил воситасида такомиллаштиришга доир бевосита ёки билвосита тавсиялар яратилади.
Таълим йўналиши эса, бир томондан, “маънавият” лисоний категорияси унсурлари моҳиятини ўқувчиларга сингдириш, иккинчи томондан, ушбу тизимга кирувчи тил ифодаларининг маъновий моҳияти таълими орқали улар шахсий маънавиятини юксалтириш механизмини такомиллаштириш вазифаларини ўз зиммасига олади.
Лингвомаънавиятшуносликнинг мақсад ва вазифалари
Ҳар бир давр фан ёки унинг йўналишлари олдига муайян мақсад ва вазифаларни қўяди. Ижтимоий ёки давлат буюртмасидан келиб чиқиб белгиланган аниқ мақсад ва вазифалар фан ёки унинг йўналиши фаолиятининг самарадорлигини таъминлайди.
Лингвомаънавиятшунослик йўналишининг бош мақсади — юксак маънавиятли шахс тарбиясига хизмат қиладиган илмий-амалий механизм учун муайян лингвистик таъминотни вужудга келтириш. Маънавий-маърифий фаолиятимизда кутилган натижаларга эришилмаётганининг сабабларидан бири ҳам ушбу махсус лингвистик базанинг шакллантирилмаганидир.
Бу лингвистик база “маънавият” умуммиллий лисоний категориясини комплекс тадқиқ қилиш натижасида яратилади.
Бир қарашда лингвомаънавиятшунослик анъанавий лингвокультурологиянинг муқобилидек тасаввур уйғотади. Бироқ лингвокультурологиянинг ўрганиш объекти ва манбалари, муаммолари, мақсад ҳамда вазифалари билан танишув уларнинг ўхшаш ва фарқли томонларини тасаввур қилиш имконини беради.
Номидан маълумки, лингвокультурология тил ва маданият муносабати муаммоси билан шуғулланади. Маданият эса моддий ва маънавий турларга бўлинади. Лингвомаънавиятшунослик моддий маданият муаммосини четда қолдириб, унинг маънавий деб аталмиш турини ҳам тўлиқ қамрамай, ўз ҳиссасини ажратиб олади.
Лингвокультурологиянинг лингвомаънавиятшунослик каби таркибий қисми бўлган лингвомамлакатшунослик тиллардаги муқобилсиз лексика ва лакуналарни тадқиқ қилади. Лингвокультурология мифлашган тил бирликлари, мифологем ва архетипларни, урф-одат ва ритуалларни, мақол, матал, иборалар “жамғарма”сини, эталон, стереотип ва рамзларни, метафора ва лисоний образларни, тилнинг услубий фондини, нутқий хулқ ва нутқ маданиятини қамраб олади.
Лингвомаънавиятшунослик айтилганлар сирасидан шахс маънавияти ва маънавий салоҳиятига тааллуқли ҳодисаларни ўзи учун хусусийлаштиради. Масалан, ибораларнинг барчаси лингвомаданий характерга эга. Шу боис лингвокультурология, аслида, фразеологик бирликларни тадқиқ қилишдан бошланган. Лекин фразеологик бирликларнинг барчаси ҳам лингвомаънавий хусусиятга эга эмас. Ёки “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” мақолига лингвокультурологик талқинлар доирасида қаралади. Бироқ “Андишанинг отини қўрқоқ деманг” мақоли шахс миллий маънавиятига бевосита дахлдор.
Айтилганларни умумлаштирган ҳолда таъкидлаш лозимки, лингвокультурология ва лингвомаънавиятшуносликнинг ўрганиш объекти ва предмети фарқланади. Лингвокультурология объекти лингвистика, культурология, этнография ва психолинг¬вистика учун умумий бўлиб, маданият, маданий ахборот “ташувчиси» бўлган тил ва тил воситасида ушбу маданиятни яратувчи инсон орасидаги ўзаро муносабат дейиш мумкин. Лингвомаънавиятшунослик бевосита шахс маънавияти билан боғлиқ бўлиб, унинг таркибий қисмлари ва унсурлари бўлган тил ифодаларини қамраб олади. Бу ифодалар сўзлар, иборалар, сўз бирикмалари, мақоллар, гаплар кўринишларида бўлиши мумкин. Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Отабек томонидан айтилган “Ақллик кишиларнинг ўғуллари устидан қилған ишлари албатта номаъқул бўлмас” синтактик қурилмаси замирида бевосита миллий хосланган шахс маънавияти ётади. У шахс фаросати, эътиқоди, муносабати даражасини намоён қилади. Фаросат, эътиқод, ҳурмат (муносабат) шахснинг маънавий баркамоллигини кўрсатувчи сифатлардандир.
Кўринадики, лингвомаънавиятшунослик ахлоқ (этика), психология, лингвокультурология, этнография, социолингвистика каби қатор фанлар билан умумий ўрганиш объектига эга бўлса-да, унинг ўзига хос предмети яққол ажралиб туради.
Бир қарашда лингвомаънавиятшуносликни алоҳида ном билан ажратиб ифодалаш зарурати йўқдек, унинг муаммоларини лингвокультурология бағрида ўрганавериш мумкиндек туюлади. Бироқ бунга монелик қиладиган икки жиҳат мавжуд:
биринчидан, лингвокультурология ўз муаммоларини кўпроқ турли қурилишли тиллар кесимида текшириши анъаналашган, лингвомаънавиятшунослик эса тадқиқ предметини асосан бир тил доирасида ўрганиши билан характерланади;
иккинчидан, лингвомаънавиятшуносликнинг мустақиллашуви тил ва маънавият муштараклиги муаммосига глобал ҳодиса сифатида лингвокультурологиянинг бошқа масалаларига нисбатан алоҳида ва устувор эътибор қаратиш зарурати натижасидир.
ўарб тилларида маънавият сўзининг айнан муқобили бўлмаганлиги сабабли лингвомаънавиятшунослик терминини зўрма-зўраки таржима қилмасдан, рус тилида лингвомаънавиятология, инглиз тилида linguomanaviatology деб бериш мақсадга мувофиқ ва у ушбу йўналишнинг оригиналлиги ва мустақиллигини яна бир бор намойиш этади.
Лингвомаънавиятшунослик тадқиқотлари методологияси ва методлари
Лингвомаънавиятшунослик тадқиқотлари умумий ва хусусий методологик тамойилларга асосланади. Тадқиқотларнинг методологик асосларини қуйидагича тартиблаш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлари, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим ва тарбия, китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича фармон ва қарорлари, маъруза ва чиқишлари, фикрлари, Вазирлар Маҳкамасининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш ҳақидаги қарорлари, таълим-тарбия сифатини такомиллаштиришга доир меъёрий ҳужжатлар, фан ва таълим-тарбия уй¬ғунлиги тамойиллари йўналиш тадқиқотларининг назарий ва амалий аҳамиятини кучайтиришга асос бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тил, маънавият ва маданият муштараклиги масаласига доир қарашлари, хусусан, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида эътироф этилган тилнинг аккумулятив (сақловчи) вазифасини “маънавият” лисоний категорияси бирликлари мисолида ёритиш, уларда тил ва маънавият муштараклигини кўрсатиш, лингвомаънавиятшунослик таҳлили натижаларини таълимда амалий фойдаланиш самарадорлигини оширишга йўналтириш учун таянч вазифасини ўтайди.
Фалсафий нуқтаи назардан диалектиканинг миқдор ўзгаришлари сифат ўзгаришларига ўтиши, инкорни инкор ва қарама-қаршиликлар бирлиги ҳамда кураши қонуни, умумийлик, моҳият, имконият, сабаб ва алоҳидалик, ҳодиса, воқелик, оқибат категориялари, билиш назариясининг эмпирик ва назарий билим турларини фарқлаш ҳақидаги таълимоти, тасаввуф фалсафасининг зот ва тажалли назарияси, комил инсон концепцияси асос вазифасини ўтайди.
Умумфан табиатли система, элемент ва муносабат диалектикаси таълимоти “маънавият” лисоний категориясига система сифатида ёндашиб, бу системанинг яшаш қонуниятларига доир масалаларни баён этишда қўл келади.
Лингвистик характердаги лисон, меъёр, нутқнинг яхлитлиги ва алоҳидалиги ҳақидаги таълимот мазкур категорияга мулоқот, муносабат ва фаолият системаси кўзгусида қараб, бу системанинг шаклланишида лисоний ва нолисоний омиллар ҳамкорлигини ўрганишда назарий асос бўлиб хизмат қилади.
Лингвомаънавиятшунослик тадқиқотларида, соф лингвистик тадқиқ усулларидан ташқари, культурологик ва социологик методлар — концепт таҳлили, фреймал, нарратив анализ, тасниф ва тавсиф, лингвистик реконструкция усуллари, маънонинг макрокомпонент ва микрокомпонент модели, психосоциокультурологик экспериментлар, матнларнинг лингвомаънавий таҳлили – герменевтик метод кабилар қўйилган муаммоларнинг самарали ечими учун муҳим воситалар бўлиб хизмат қилади.
Кутилаётган натижалар
Лингвомаънавиятшунослик тадқиқотлари таълим-тарбия учун хизмат қилувчи, аниқ самарани кўзлаб ишлайдиган яхлит системанинг лингвомаънавий базасини шакллантиради. Кун са¬йин чуқурлашиб, ўткирлашиб бораётган шахс маънавияти муаммосини ҳал этиш, келажак яратувчилари бўлган юксак маънавиятли ёш авлодни вояга етказишнинг илмий ва амалий асосларини вужудга келтиради. Аслида, инсоншунослик фани бўлган лингвистиканинг шахс тарбиясига ўзининг муносиб ва табиий ҳиссасини қўшишини таъминлайди. Тилшуносликнинг шунчаки “тадқиқотлар тадқиқотлар учун” тамойили асосида иш кўришидан шахс маънавияти ривожига, ёш авлоднинг шахсий такомиллашувига кўмаклашадиган, керак бўлса, бунга дахлдор соҳалар оқимида етакчи ўринга кўтарилишига олиб келади.
Лингвомаънавиятшунослик тақлид ва эргашувчанликдан холи бўлиб, мамлакатимизда шаклланган ва дунё тилшунослиги саҳнасига чиқаётган градуал лингвистика, гуркираб ривожланаётган субстанциал-прагматик тилшунослик каби амалий самарадор миллий фан йўналиши бўлади.
Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,
Алишер Навоий номидаги ТДЎТАУ профессори, филология фанлари доктори