Биринчи ўзбек ректори
Бурилишдан малла саллали, кўк мовут камзулининг кўкрак чўнтагидан соатининг занжири осилиб тушган, оқ юзли, қирра бурун, баланд бўйли бир йигит чиқди-да, кунботарга қараган қўштабақали дарвозадан ичкари кириб кетди.
Йигитни ҳашаматли меҳмонхона пешайвонида тўрт-беш бола кутиб турар, ичкарида ҳам болалар бор эди. Уларни кўриб ёш муаллимнинг баҳридили очилиб кетди.
— Ассалому алайкум, муаллим ака!
— Ваалайкум ассалом! Балли, болалар... Ҳа, дуруст мулла Насриддин, шогирдларимиз анчага етибди-ку! Ғайрат қилибсиз, яшанг!
— Ҳа, ён қўшнимиз Кароматулла, дўстларимиз Рауфжон, Баҳриддин, Мажид ва Ғуломжонни ҳам бошлаб келдим. Биз ҳам сиздек муаллим бўлмоқчимиз.
Ёш муаллим шогирдининг сўзларидан завқланиб кулди.
— Азизларим, — деди ўқитувчи, — бу илм даргоҳи сиз, фуқаро фарзандларига барча касблар учун кенг йўл очиб беради. Фақат ихлос билан ўқиб-ўргансаларингиз, бас. Сиз келажакнинг яхши табиблари, меъморлари, олимлари, муаллимлари, ёзувчи ва шоирлари, қалами ўткир журналистларидирсиз.
Болаларнинг чеҳраси ёришди. Шу дам ҳар бири ўз келажагини кўз ўнгига келтиргандек бўлди. Муаллим соатига қаради — дарсни бошласа бўлади. Биринчи қўнғироқ товушини эшитишга ҳамма муштоқ.
— Қани, мулла Насриддин, қўнғироқни чалиб юборинг!
Насриддинга бу ишонч катта шон-шарафдек туюлди. У виқор билан болалар ёнидан ўтди-да, идорадан қўнғироқни олиб чиқди. Унинг жажжи қўлларида мисдан ясалган, қуббалари устига фируза тошлар қадалган, Шукруллобойдан қолган қўнғироқ базўр жаранглади.
Бу хонадонда авваллари ҳам қўнғироқ жаранглаб турарди. Лекин у қўнғироқлар савдо карвонларидаги туялар бўйнига тақилган бўларди.
...Кўркам хона. Кечагина халқ маорифи идораси берган, янги бўёқ ҳиди анқиб турган парталарда қуёш нури жилоланади. Ўтирган жажжи болаларни кўриб муаллим қалби ифтихорга лиммо-лим тўлди. Нурилла Муродов биринчи дарсни кўтаринки руҳда ўта бошлади. Ҳа, у ўз орзусига етди. Энди у халқнинг фарзандларига янгича билимларни ўргата бошлайди. Энди уни навқирон авлод муаллим деб чақиради.
Биринчи дарс жуда ажойиб ва ҳаяжонли ўтди. Дарсдан сўнг муаллим жияни ва шогирди Носир Турсунов билан маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ўқувчиларни ота-оналарига топширди.
* * *
1918 йилнинг ёзида Каттақўрғон шаҳри раҳбарлари аҳолини саводли қилиш учун янги мактаб очиш масаласини ўртага қўйдилар. Аввало, биринчи мактаб мудирлигига муносиб номзод топиш керак эди. Ўша пайтда Каттақўрғон шаҳрида бундай кишини топиш осон эмасди.
— Хўш, — деди Каттақўрғон шаҳри биринчи раҳбари шу масала муҳокама қилинган йиғилишда, — шаҳарда янги мактабни бошқара оладиган, янги давр талабига жавоб берадиган одамни топиш мумкинми?
— Топилади, — деди шаҳарнинг кўзга кўринган арбобларидан Абдулла Ёрмуҳаммедов.
— Ким экан у?
— Каттақўрғондаги Нақиббек мадрасасини, сўнг рус-тузем мактабини битирган бир йигит бор, исми Нурилла. Камбағал атторнинг ўғли. Биз шу баҳор уни Самарқандда очилган муаллимлар тайёрланадиган олти ойлик курсга ўқишга юборганмиз, яқинда келади. У сиз қўяётган талабларга жавоб берадиган серғайрат йигит. Ўзбек, рус, тожик тилларини яхши билади, араб тилида ҳам анча дуруст сўзлашади. Мудирликни топширсак эплаб кетади.
— Жуда соз, айни биз излаган одам экан у.
Шундай қилиб, 1918 йил 1 сентябрда Каттақўрғонда биринчи замонавий мактаб очилди. Унга Нурилла Муродов ўқитувчи ва мудир қилиб
тайинланди. Янги мактабда таълим-тарбия ишларини йўлга қўйишда Абдуҳаким Мирзақулов, Абдулҳамид Мажидий, Абдулла Муродов, ака-ука Пётр ва Аркадий Алексеевский каби педагогларнинг хизмати катта бўлди.
Ўша пайтларда болаларни янги мактабга жалб этиш осон бўлмаган. Муаллимлар уйма-уй юриб ота-оналар ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришган. Баъзи ота-оналар бу ишнинг аҳамиятини тушунсалар ҳам мутаассиб диндорлардан қўрқишарди.
Улар фақат катталарнигина эмас, “ўрис мактаби”га борган болаларни ҳам таъқиб қилишарди. Шунинг учун мактаб педагогик жамоаси болаларни мактабга олиб келиб, дарсдан сўнг уйларига олиб бориб қўйишни ҳам ўз зиммасига олганди.
* * *
Каттақўрғондаги Алишер Навоий номидаги илк мактабни 1923 йили битирган ўқувчилар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонга шуҳрат келтирган кишилар бўлиб етишди. Жумладан, Д.Соҳибов — Тошкент тиббиёт академияси профессори, Н.Турсунов ҳарбий врач, полковник, Р.Болтаев Ўзбекистон халқ артисти, Р.Даминов, М.Саидов, Н.Алимов юқори ташкилотларда раҳбар, Ғ.Аҳмедов пахта териш машиналари конструктори, бир қатор мукофотлар соҳиби, Т.Саъдий, К.Убайдуллаев, М.Бобоев шоир, Қ.Узоқов, Т.Каримов журналист, М.Салоҳиддинов, Б.Ҳамдамов, Р.Иззатуллаев, Б.Катаев, С.Маҳмудов моҳир ўқитувчи бўлиб етишди.
* * *
1923 йилнинг охирида Нурилла Муродов Каттақўрғон шаҳар халқ маорифи бўлимига мудир этиб тайинланди. 1924 йилнинг июль ойида эса Тошкентда чақирилган саводсизликни тугатиш бўйича Бутун Туркистон съездига делегат этиб сайланди. Орадан кўп ўтмай яна Тошкентга келиб, Ўрта Осиё давлат дорилфунунининг иқтисод факультетига ўқишга кирди. Бу пайтда дорилфунуннинг рус гуруҳида ўзбек тили ва адабиётидан дарс бериш таклиф этилди.
Талабалик йиллари Нурилла Муродовнинг ҳаётида ўчмас из қолдирди. У дорилфунунда илм чўққиларини эгаллашни меҳнат билан бирга олиб бориб, обрў-эътибор топди, кўплаб дўстлар орттирди. Қори Ниёзий, Ойбек, Акбар Асқаров билан дўстлиги умр бўйи давом этди.
Нурилла Муродов олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тамомлагач, шарқшунослик факультетига декан вазифасига тайинланди. У бу вазифани ҳам астойдил бажариб, шарқшунослик факультетида ўқув-тарбия ишларини, профессор ва ўқитувчиларнинг моддий ва турмуш шароитларини яхшилаш йўлида кўп куч-ғайрат сарфлади. 1931-1932 йиллар мобайнида эса дорилфунун ректори вазифасида ишлади. У ўзбеклар орасидан чиққан биринчи ректор эди.
* * *
1932 йили Нурилла Муродовни Москвага — профессорлар институтига ўқишга йўлладилар. 1937 йилда институтни битиргач, собиқ иттифоқнинг чет эл билан маданий алоқа ўрнатиш қўмитаси Шарқ бўлими мудири вазифасига тайинланди. Шундан кейин кўплаб лавозимларда меҳнат қилди.
Иккинчи жаҳон уруши даврида Нурилла Муродов фронтга юборишларини сўраб ҳарбий комиссариатга ариза беради. Унга эса, душманга қарши ўткир сўзингиз билан курашасиз, деб жавоб беришади ҳамда бутуниттифоқ радиосининг Шарқ мамлакатлари учун эшиттиришлар тайёрлайдиган бўлимига бош муҳаррир қилиб тайинлашади. Бутун уруш мобайнида шу вазифада ишлади. Айни пайтда илмий ишини ҳам давом эттирди. Юздан зиёд илмий очерк ва мақолалари АҚШ, Буюк Британия, Ҳиндистон, Покистон, Польша каби мамлакатларда эълон қилинди.
1962 йили Нурилла Муродов Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Ҳабиб Абдуллаев таклифи билан Тошкентга кўчиб келиб, Тил ва адабиёт институти ҳузурида ўзбек энциклопедияси шўъбасини очди. Ўзбек энциклопедиясининг дастлабки жилдлари чоп этилиши ташкилотчиларидан бўлди. Айни пайтда педагоглик фаолиятини ҳам давом эттириб, Тошкент политехника институти(ҳозирги Тошкент давлат техника университети)да сиёсий иқтисод фанидан дарс бера бошлади. 1973 йили соғлиғи ёмонлашгани сабабли шифокорлар маслаҳати билан даволаниш ва ҳаво алмаштириш мақсадида Москвага кўчиб кетди. Умрининг охиригача шу ерда яшаб, Бутуниттифоқ шарқшунослик институтида ишлади. У 1988 йили 90 ёшида вафот этди. Табаррук олим ўзидан кўплаб шогирдлар, ўнлаб илмий асар ва тўпламлар қолдирди.
Олимнинг фарзандлари ҳам отаси изидан бориб, ажойиб инсонлар бўлиб етишди. Қизи Ҳанифа Муродова тиббиёт фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби даражасига эришди. Ўғли Элбек Муродов Ломоносов номидаги Москва давлат университети профессори, инглиз тили бўйича йирик мутахассис.
Биринчи ўзбек ректорининг эл-юрт олдидаги хизмати муносиб эътирофини топди — Каттақўрғон шаҳри кўчаларидан бирига Нурилла Муродов номи берилди. Халқ ўзининг Нурилла Муродовдек фарзандлари хотирасини ҳамиша қалбининг тўрида сақлайди.
Ғайрат ШУКУРОВ,
фахрий журналист