Академик илм-фан ривожида янги босқич
Давлатимиз раҳбари 2016 йил 29 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий фармонга имзо қўйиб, мамлакатимиз тараққиётида ғоят муҳим босқични, таъбир жоиз бўлса, стратегик аҳамиятга эга, халқимизнинг интеллектуал салоҳияти ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи саъй-ҳаракатларни бошлаб берди.
Ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг фаолиятини янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ҳамда изланиш натижаларини ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини изчил ривожлантиришга татбиқ этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Умрини илм-фан тараққиётига бағишлаган фидойи олимлар, хусусан, академикларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, улар яратган илмий мактаб давомийлигини таъминлаш, илм-фанда устоз-шогирдлик, ворисийлик анъаналарини сақлаб қолиш, ёшларни тадқиқотчилик фаолиятига кенг жалб этиш бўйича муайян натижаларга эришилди.
Президентимизнинг яқинда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонлари юртимизда илм-фаннинг нуфузини янада ошириш, мамлакатимиз тараққиётида академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, Фанлар академияси таркибини фаннинг устувор йўналишларида олиб бораётган фаол илмий-тад¬қиқот натижалари билан республика ва халқаро илмий ҳамжамият томонидан эътироф этилган олимлар ҳисобига кенгайтириш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти лойиҳа раҳбари, педагогика фанлари доктори, профессор Рисбой Жўраев педагогика фанлари бўйича Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси этиб сайлангани ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона хизмат қилаётган соҳа ходимларига қаратилган юксак эътибор намунаси бўлди.
— Ўқитувчи, мураббий, устоз. Оддийгина бу сўзлар замиридаги улкан маъно-мазмунни ифодалашга баъзан тил ожизлик қилади. Муайян касбни эгаллаб, Ватан, халқ корига яраётган инсон борки, ҳаётда ўрганганлари, топганлари, қўлга киритган ютуқлари учун бир умр устозларидан миннатдор бўлиб яшайди. Жумладан, мен ҳам ҳозиргача эришганларим учун муаллимларимдан қарздорлик ҳисси билан яшайман, — дейди академик Рисбой Жўраев. — Президентимиз фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига тасдиқланганимни эшитиб, педагогика йўналишида фаолият олиб бораётган барча заҳматкаш олимлар учун бошим осмонга етди. Сабаби, мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта педагогика фанлари бўйича академик сайланди. Соҳа ривожига умрини сарфлаб меҳнат қилаётган педагог олимлар учун очилган бу йўл оддий йўл эмас. Шарафли ва масъулиятли вазифани астойдил, виждонан адо этишга ундайдиган йўл. Манбаларда педагог сўзининг луғавий маъноси етакловчи деб келтирилади. Бугун муаллим қўлидан тутиб, тетапоя қилаётган болалар бир кун келиб халқ бўлади. Демак, халқнинг савияси, дунёқараши, маънавияти қай даражада бўлиши педагогга чамбарчас боғлиқ. Президентимизнинг педагогика йўналишига қаратган эътибори соҳа ходимлари ва олимларини фидойи бўлиб яшашга ва меҳнат қилишга ундайди. Юксак фикрлайдиган, дунёқараши кенг мураббийнинг шогирдлари ҳам юқори савияли, масалаларни кенг қамровда ҳал этишга қодир авлод бўлиб улғаяди.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Рисбой Жўраевни табриклаш маросимида Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, университет ректори Шавкат Шарипов ва бошқалар иштирок этиб, устознинг таълим тизимидаги фидокорона меҳнатларини алоҳида эътироф этди.
Фурсатдан фойдаланиб, шогирдларининг академик Рисбой Жўраев ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
Шавкат Шарипов, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор:
— Юртимиз таълим тизими учун юқори малакали педагог кадрларни тайёрлашда академик Рисбой Жўраевнинг хизматлари катта. У киши бой тажрибаси ва юксак салоҳияти билан янги авлод олимларининг етишиб чиқишига ҳам муносиб ҳисса қўшаётир. Бу устознинг иқтидорли ёшларни излаш, аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш каби чин олимга хос фазилатлари билан бевосита боғлиқ.
Домланинг ёш олимлар ўрганиши ва ўзига сингдириши зарур бўлган жиҳатларидан яна бири — янгиликка интилувчанлиги, таълим-тарбия жараёнига замонавий педагогик ва ахборот технологияларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратишидир. Унинг педагогик кадрларни тайёрлаш ва раҳбар ходимларнинг малакасини ошириш йўналишидаги қатор ло¬йиҳалари соҳадаги ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммоларни бартараф этишга хизмат қилди. Домланинг беш юзга яқин илмий мақолалари, ўттиздан ортиқ дарслик, ўқув-қўлланма ва монографиялари таълим тизими ходимлари кенг фойдаланаётган манбалар сирасига киради. Айниқса, устознинг ташаббуси ва раҳбарлигида тузилган уч жилдлик “Педагогика” энциклопедияси ўқитувчиларнинг ҳақиқий методик кўмакчисига айланган.
Бахтиёр Раҳимов, Гулистон давлат университети профессори:
— Юксак билимли ва салоҳиятли инсонлар ҳақида гап кетганда, аввало, устозим Рисбой Жўраевни тилга оламан. У киши қутлуғ ёшга етган бўлса-да, ҳали-ҳамон илғорлар сафида туриб, шогирдларига ўрнак кўрсатмоқда. 1992 йили Гулистон давлат университетига ректор бўлиб келганида домланинг ҳақиқий таълим фидойиси эканига гувоҳ бўлганман. Бир гал устознинг хонасида суҳбатлашиб ўтирганимизда иш телефони жиринглаб қолди. Вилоят ҳокимлиги вакили ректордан ўқитувчиларни зудлик билан ободонлаштириш ишларига жалб этишни сўради. Шунда устоз: “Адашиб тушдингиз, бу ер ободонлаштириш бошқармаси эмас”, дея гўшакни қўйди. Бу ҳолат яна икки марта такрорланди. Бироқ Рисбой Жўраев ўқитувчиларнинг вазифаси кўча тозалаш эмас, балки талабаларга билим бериш эканини қатъий таъкидлаб, фикридан қайтмади. Шунда унинг нечоғлик илмпарвар, ўқитувчилар меҳнатини қадрлайдиган, ходимпарвар инсон эканига буткул ишонч ҳосил қилганман.
Домла ректорлик кезлари ўқитувчилардан кўпроқ ўқиб ўрганишни талаб қилар, илм-фанга ҳисса қўшишга ундарди. Ўша паллалар унинг раҳбарлигида ташкил этилган “Ёш олимлар” кенгаши илм-фанга қизиққан кўплаб педагогларнинг илмий изланиш олиб бориши, ғоя ва лойиҳаларини амалиётга татбиқ этишига хизмат қилди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига биноан педагогика фанлари бўйича Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб устозимиз Рисбой Жўраев сайланганини эшитиб, биз, барча шогирдлари чин дилдан қувондик.
Нарзулла Муслимов, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази директори, педагогика фанлари доктори, профессор:
— Президентимизнинг яқинда эълон қилинган иккала фармонини ҳам юртимиздаги барча илм-фан ходимлари чуқур мамнуният ва хурсандчилик билан қабул қилди. Жумладан, педагогика фанлари бўйича республикамиздаги қатор олимларнинг устози Рисбой Жўраевнинг академик этиб сайлангани барчамиз учун қувонарли воқеа бўлди. Бу инсоннинг илмий изланишларимизда тутган ўрни катта. Унинг эътибори ва ғамхўрлиги, берган сабоқлари ҳаётимиз ва меҳнат фаолиятимизни ёритувчи шамчироқ вазифасини ўтаб келмоқда. 2007 йили Рисбой Жўраев илмий раҳбарлигида “Касб таълими ўқитувчиларини касбий шакллантиришнинг назарий методик асослари” мавзусида докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилдим. Ўша синовли паллаларда устознинг қандай инсон эканини билганман. У жуда самимий, кўнгли очиқ, ҳеч кимдан ёрдамини аямайди. Шу боис бирор муаммога дуч келсам, дарров устозга мурожаат қиламан. Тақдир тақозоси билан, ўзим билмаган ҳолда, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига номзодлар қаторида устозимга “рақиб” бўлдим. Шу пайт хаёлимдан Алишер Навоий бобомизнинг “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ”, деган мисралари ўтди. Устоз аслида одамийлик илми бўйича аллақачон академик бўлган эди.
Норбек Тайлоқов, педагогика фанлари доктори, профессор:
— Устозимиз Рисбой Жўраев педагогика фани ривожи йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган жонкуяр олимлардан. Юксак билимли ва қобилиятли бу инсонни 1990-йиллар охирида таниганман. Унинг нуфузли илмий конференция ва анжуманларда фикр-мулоҳазаларини рўй-рост, дадил айтишига, чинакам олимларга хос мушоҳада юритишига тан берардик. Домлага ўхшашга, унинг йўлидан боришга интилардик. Ҳозир ҳам шундай: устоздан ўрнак олиб яшашга, илм билан мунтазам шуғулланишга ҳаракат қиламиз.
2003 йили Рисбой Жўраевдан докторлик диссертациямга илмий маслаҳатчи бўлишни илтимос қилдим. Домла иккиланмай рози бўлди. 2006 йили унинг оппонентлигида “Узлуксиз таълим тизими учун ўқув адабиётлари янги авлодини яратишнинг илмий-педагогик асослари (информатика курси мисолида)” мавзусида докторлик диссертациясини ёқладим. Илмий ишимнинг муваффақиятли чиқишида устознинг чет элга хизмат сафарлари давомида ўзлаштирган бой тажрибаси, амалий таклиф ва тавсиялари асосий омил бўлганини ҳеч қачон унутмайман.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири