Ғайратимизга ғайрат қўшилди
Мамлакатимизда узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланган мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга катта эътибор берилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев соҳани янада ривожлантиришга шахсан ташаббускор бўлаётгани бизни ҳам ўз ишимизга фидойилик билан қарашга ундамоқда. Шу масалага доир бир неча йиғилишлар ўтказилиб, тарихий қарорлар қабул қилинди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижрога йўналтирилди.
Ушбу фармон ва қарорлар давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш, болалар қамровини кескин ошириш, жараёнга замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.
Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш, тизимга юқори малакали кадрларни жалб этиш, тарбиячи педагоглар нуфузини ошириш мақсадида 2018 йил 28 февралда давлатимиз раҳбари томонидан «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилингани тизимда меҳнат қилаётган барча ишчи-ходимларни руҳлантириб юборди.
Янги қарорга кўра, 2018 йил 1 мартдан бошлаб — мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари — 30 фоизга; 1 сентябрдан бошлаб, тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда — 30 фоизга; олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини — 20 фоизга; мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини — 10 фоизга табақалаштириб ошириш белгиланди.
Бундай эътибор ва ғамхўрлик кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди. Чиндан ҳам МТМ ходимларининг ойлик маоши бажараётган ишига нисбатан кам эди. Мисол учун, мактабгача таълим муассасаси тарбиячисининг иш вақти деярли эрталаб 7:00 дан бошланиб, кечки 18:00 гача давом этади. Шу вақт давомида тарбияланувчилар назоратимизда бўлади. Уларнинг меҳрнинг иссиқ тафтини ҳис қилиши, вақтида ухлаб, дам олиши, овқатланиши учун тарбиячиларимиз болаларга оналардан кам ғамхўрлик қилмайди.
Қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати — эндиликда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Касби, Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Нишон, Яккабоғ ва Ғузор туманларида, Бухоро вилоятининг Олот, Шофиркон, Қоракўл, Пешку ва Ромитан туманларида, Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Музработ, Олтинсой, Бойсун, Қумқўрғон, Узун, Сариосиё туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача 50 фоизга пасайтирилди.
Қарорда белгиланган туманларда яшовчи оддий қишлоқ одамлари учун МТМ тўлови қийинчилик туғдирарди. Ўзим яшайдиган Касби тумани мисолида айтадиган бўлсам, битта бола учун МТМ тўлови 60 минг сўмдан, иккита бўлса, 48 минг сўмдан эди. Ота-оналар бу маблағни гоҳида топиб бера олишмасди. Шу сабаб МТМга болалар қамрови ҳам пасайиб кетганди. Энди туманимизда битта бола учун МТМ тўлови 30 минг сўмдан, иккита бола учун эса 24 минг сўмдан этиб белгиланди. Буни эшитган ота-оналар фарзандларини МТМга бериш истагида ўзлари келишяпти.
Сир эмас, қарор асосида яратилган имкониятларни эшитган борки, бизга ҳавас қиляпти. Неча ёшлар тарбиячи бўлишни орзу қила бошлади. Бу касбимизнинг, МТМларнинг нуфузи юксалаётганидан далолатдир.
Назокат ҒОИПОВА,
Касби туманидаги 8-МТМ мудираси,
“Шуҳрат” медали соҳибаси