Боғча боласига луғат керак эмасми?
Ҳар бир боланинг шахс сифатида камолга етиши учун шарт-шароит яратиш, сифатли таълим олишини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда республикамизда мактабгача таълим тизими фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовор.
Мамлакатимиз раҳбари 2017 йил 30 сентябрда “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади ва ушбу ҳужжатга кўра Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.
Фармонда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар билан таъминлаш асосий вазифалар қаторида саналади.
Хўш, мамлакатимизда мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари учун қандай ўқув адабиётлари яратилган? Хусусан, боланинг ўз она тилидан луғат бойлигини ошириш, сўзни таниш, танлаш, ўринли қўллаш, тўғри талаффузга ўргатишга хизмат қилувчи муҳим восита — махсус ўқув луғатлари яратилганми? МТМ тарбияланувчисининг сўз захираси қанча бўлиши керак?
Жаҳон тилшунослигида “учебный словарь”, “школьный словарь”, “первый словарь дошкольника”, “school dictionary”, “educational dictionary”, “children’s dictionary”, “dictionary for kids”, “learning dictionary” каби номлар билан танилган ўқув луғатлари аслида қандай луғат?
Биламизки, руҳ, тафаккур ва тил чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, ижодкор ва мустақил шахс тарбиясида она тили ва уни ташкил этувчи воситаларнинг роли беқиёс. Мактаб она тили таълимининг концептуал асосларида унинг зарурий воситаларига дарслик билан бирга луғатлар ҳам киритилади. Луғатлар таълим олувчининг ижодий тафаккури, мустақил фикрлаш даражаси, ижодий фикр маҳсулини тўғри ва равон баён этишига олиб келадиган қимматли ва бой сўз захирасини вужудга келтиради. Ривожланган мамлакатларда таълимнинг ҳар бир бўғини учун (боғчадан университетгача) луғатларнинг махсус турлари яратилган.
Боланинг илк ёшидан бошлаб, камолотга етгунича энг яқин ҳамроҳига айланадиган махсус мавзувий луғатлар яратиш амалиёти деярли барча ривожланган давлатлар таълимининг бир бўлагига айланган.
Узлуксиз таълимнинг биргина мактабгача таълим босқичи учун Россияда “Учебник дошкольника”, “Мой первый словарик”, инглизларда “Сollins first school dictionary”, “Children’s dictionary”, “Dictionary for kids”, “Learning dictionary”, хитой тилида “Booculchacha”, Украинада “Miнi — пiдручник для дошкiльнят” рукни остида сон-саноқсиз луғатлар нашр этилганига гувоҳ бўламиз. Муқоваси ва номланиши биланоқ неча ёшли ўқувчига мўлжаллангани акс этган ранг¬ли, безакли, бежирим луғатчаларга кўзингиз тушар экан, болани китобга жалб қилиш осон кечмаётган айни замонда бундай қўлланмаларга эҳтиёж нақадар катталигини ҳис этасиз.
Рус тилшунослигида тўрт ёшдан етти ёшгача бўлган мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари учун “Мой первый словарик” туркумида яратилган, бола тафаккури, дунёқарашини кенгайтириш, нутқий саводхонлигини ошириш, сўз захирасини бойитиш, ўз она тили имкониятларидан унумли фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, уларни миллий ғоя ва қадриятларга содиқ, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи луғат-қўлланмаларнинг айримларинигина санаб ўтиш биланоқ фикримизнинг нечоғли асосли эканини исботласак бўлади: “Мой первый словарик. В лесу. Более 100 слов”, “Мой первый словарик. Мой город. Более 100 слов”, “Мой первый словарик. Мой дом. Более 100 слов”, “Мой первый словарик. На ферме. Более 100 слов”, “Мой первый словарик. Животные” (Қаранг: https://russkayarech.ru, https://www.labirint.ru, https://www.ozon.ru, https://shop.mamindom.ua, https://methodological_terms. akademik.ru) каби. Худди шу типдаги луғатларни корейс, инглиз, япон ва бошқа тилларда ҳам учратиш мумкин.
Бугунги тараққий этган давлатлар тажрибаси асосида таълим олувчиларнинг ёши, дунёқараши, миллий қадриятлари, яшаш жойи ва бошқа жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда турли мавзувий ўқув луғатларини яратиш, уларнинг талаб даражасида нашр этилишини таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан ҳисобланади.
Қарши давлат университети “Ўзбек тилшунослиги” кафедрасида бир неча йиллардан бери бу борада илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар профессор-ўқитувчилар томонидан республика ва халқаро миқёсдаги нашрларда 50 га яқин илмий мақола ва тезислар эълон қилинди, 20 га яқин мавзувий ўқув луғатлари яратилди. Бироқ ушбу луғатлар дастлабки тажрибалар бўлгани, Ўзбекистонда ўқув луғатчилиги муаммолари махсус илмий тадқиқ қилинмагани, қолаверса, луғатларни замонавий талабларга мос нашр этиш етарли даражада молиялаштиришни талаб этгани боис уларни мукаммал деб бўлмайди.
Айни пайтда кафедра профессор-ўқитувчилари ва узлуксиз таълимнинг турли бўғинларида фаолият олиб бораётган мутахассисларни жалб қилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари, бошланғич синф¬лар, ўрта ва юқори синф ўқувчиларига мўлжалланган янги авлод ўқув луғатларини яратиш устида изланишлар олиб борилмоқда. Истиқболдаги режаларимизга ҳар бир фан бўйича алоҳида терминологик луғатлар ва қомуслар яратиш, мавжуд луғатларни замонавий ўқув луғати талаблари даражасида такомиллаштириш, электрон версияларини яратиш вазифалари турибди.
“Менинг биринчи луғатим” туркумида МТМ тарбияланувчилари учун нашрга тайёрланаётган “Олам менинг нигоҳимда” ўқув изоҳли луғати 5—7 ёшли болаларга мўлжалланган бўлиб, шу ёшдаги болалар нутқида фаол ишлатиладиган 1000 та сўз изоҳига бағишланади.
Ёш авлоднинг соғлом ва баркамол улғайиши, ўқишга қизиқишни ошириш, мунтазам таълим олишга тайёрлаш, узлуксиз таълимнинг кейинги бўғинларида ўқишни давом эттириши учун замин ҳозирлаш, қолаверса, мустақил фикрлаш ва ўз фикрини эркин баён этиш кўникмасини шакллантиришда мактабгача таълимнинг роли муҳим. Бола халқимизнинг бой маънавий, маданий, тарихий мероси, миллий қадриятларига содиқ, маънавий-ахлоқий баркамол бўлиб ўсаётгани унинг нутқида акс этади. Руҳиятида ўзини қуршаб турган оламнинг лисоний манзараси гавдалана бошлайди. Табиат ҳодисалари, ҳайвонот, ўсимликлар олами, ижтимоий ҳаётдаги воқеа-ҳодисалар, оммавий ахборот воситалари томонидан узатилаётган хабарлар, катталар томонидан ўқиб берилган ёки бевосита ўзи ўқиётган жаҳон ва ўзбек адабиёти, халқ оғзаки ижоди намуналарида изоҳталаб сўз ва жумлаларга дуч келади. Ана шундай вақтда унга луғатлар ёрдамга келади. Бола нафақат сўзнинг маъносини тушуниши, балки уни ўрнида қўллай билиш кўникмасини эгаллай бориши ҳам муҳим. Яратилаётган луғатнинг фойдаланувчилар ёш хусусиятидан келиб чиқиб, ҳажман кичик, эътиборни тортадиган даражада рангли, расмли, содда ва тушунарли бўлишига эътибор қаратилади.
Махсус илмий адабиётларда бола нутқини ривожлантиришнинг икки даври: биринчиси — мулоқот учун тайёрланиш (бир ёшдан уч ёшгача), иккинчиси — эркин нутқий фаолиятга ўтиш босқичлари (тўрт ёшдан етти ёшгача) фарқланади. Манбаларда келтирилишича, 1,5-2 ёшгача бўлган соғлом бола нутқида 300 га яқин сўз ишлатилади. Икки ёшдан кейин тафаккури билан бирга нутқ бойлиги ҳам кенгая боради ва уч ёшга тўлганда умумий луғат бойлиги 1200—1300 сўзни ташкил этади. Ҳаммасини ўрнида ишлатмаса-да, деярли барча сўз туркумларидан фойдаланади. Фаол лексик қатламга оид неологизмлар (янги сўзлар), ўзлашма сўзлар, фақат содда гаплар эмас, қўшма гаплар, ўзга гапли қурилмалардан ҳам фойдаланади. Катталар нут¬қига тақлид қилади: тенгдошлари билан “ойи”, “дада”, “опа”, “боғча опа”, “устоз”, “қўшни” ролларига кириб, улар тилида гаплашади. Эшитганларини тез эслаб қолади. Тушунарсиз сўзларга изоҳ сўрайди. Шу тариқа луғат захираси орта боради ва бола 4 ёшга кирганда нутқида 2000—3000 атрофида сўз мавжуд бўлади.
Беш ёшга кирганда хулқ-атвори мураккаблашиб бориши баробарида нутқи ҳам ривожланади. Нутқнинг ривожланиши боланинг ақлан такомиллашишига йўл очади. Табиат ҳодисалари, ҳайвонлар ҳаёти, ижтимоий ҳаёт ҳодисалари, катталар меҳнати, вақт, сана, фазовий ҳодисалар ва бошқалар тўғрисида оддий тушунча, тасаввурлар ҳосил қилади, фикрларини умумлаштириш, муносабат билдириш лаёқати шаклланади.
Беш-етти ёшли боланинг нутқ бойлиги у тарбияланаётган ижтимоий қуршов, катталар муносабати, тарбиявий таъсирдан келиб чиқиб, 5-6 минг атрофида бўлиши мумкин. У нутқида деярли ўзига таниш сўзларни ишлатади. Бироқ кўп маъноли (полисемантик), шаклдош (омоним), талаффуздош (пароним), маънодош (синоним), зид маъноли (антоним), даражаланувчи (градуоним), уядош сўзлар, шунингдек, ўзлашма сўзлар маъносини тўла тушунмагани боис, ўзаро мулоқотда уларни четлаб ўтишга ҳаракат қилади. Шу сабабли, унинг биринчи изоҳли луғатида зарур ва изоҳталаб бўлган ўз ва ўзлашма қатламга мансуб 1000 та сўз ва сўз бирикмаси қамраб олинади. Луғат бошқа изоҳли луғатлардан сўзликнинг ҳажми, содда ва тушунарлилиги билан фарқланади.
Бола шахсининг ҳар томонлама ривожланиши, умуман, баркамол авлод тарбиясида нутқнинг бой ва бенуқсон бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Боланинг нутқи билан бирга унинг тафаккури ҳам тараққий этади. Бу жараён ўз вақтида тўғри ташкил этилса, унинг учун махсус шароит ва муҳит яратилса, боланинг ҳар томонлама етук бўлиб ўсишига замин ҳозирланади. Бунда мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари учун яратилиши режалаштирилаётган ўқув луғатларининг ўрни ниҳоятда муҳим.
Башорат БАҲРИДДИНОВА,
Қарши давлат университети “Ўзбек тилшунослиги” кафедраси доценти, филология фанлари номзоди