Боланинг ризқига кўз тикманг!
Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Шу боис боланинг соғлом ва билимли, етук инсон бўлиб вояга етишида боғча тарбияси муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, соғлом авлод тарбиясида тўғри овқатланишнинг ҳам ўрни катта. Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг рационал ва белгиланган меъёрлар асосида овқатланишини таъминлаш, ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда кунлик нормаларини белгилаш масаласига бугун алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кичкинтойларнинг машғулотларни яхши ўзлаштириши, ўйнаб, дам олиши учун боғчаларда замонавий шарт-шароит муҳайё. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганидек баъзи мактабгача таълим муассасаларида болалар тақдирига масъулиятсизлик билан қаралаётганига гувоҳ бўляпмиз. Айниқса, уларнинг ов¬қатланишига иккинчи даражали масала сифатида аҳамият берилмаётгани ачинарли. Ўтган йили Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин бошчилигида бир қатор масъуллар Тошкент шаҳридаги баъзи мактабгача таълим муассасаларига ташриф буюрган эди. Масъуллар боғчанинг тайёрлов гуруҳидаги машғулотни мароқ билан кузатишди. Аммо вақт бўлишига қарамай, боғча тарбияланувчилари учун тушлик ташкил этилмаганлигини кўрган вазир таажжубланди ва ошхонага йўл олди. Афсуски, ошхонада кутилмаган ҳолат юз берди. Таом¬нома бўйича иккинчи овқатга қайлали нўхатли бўтқа пишиш арафасида бўлса-да, қозонда ҳозиргина солинган хом гўшт борлиги ҳаммани ҳайратда қолдирди. Аниқланишича, ошпаз таомнома бўйича тушликдаги иккинчи овқатга солиниши лозим бўлган 35,22 кг гўшт ўрнига 31 кг гўшт ишлатган экан. Аммо меҳмонларнинг кутилмаган ташрифи уни эсанкиратиб қўйгани боис, пишиб турган таом¬га яна 4 кг хом гўштни солган. Шу боис тушлик кечиккан. Бошқа бир мактабгача таълим муассасасида болалар учун тайёрланадиган таом¬га ишлатилиши мўлжалланган гўштнинг бир қисми сифатсиз ҳолатда эканлиги ва яроқсиз гўшт маҳсулотлари ошхона музлаткичида сақланаётгани болалар тақдирига масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас.
Албатта, айбдорлар жазосини олди. Аммо бу ҳолатга қадар болаларнинг қанча пайт сифатсиз таом тановул қилганини ўйлаб кўринг-а! Афсуски, бундай ҳолатга юртимизнинг турли ҳудудларида ҳамон дуч келяпмиз.
Хоразм вилоятининг Шовот туманида қад ростлаётган янги типдаги уй-жойлар, спорт иншоотлари, турли тадбиркорлик объектлари қаторида замон талабига тўлиқ жавоб берадиган мактаб ва боғчаларнинг қурилаётгани кишини қувонтиради. Айниқса, 1989 йилда қурилиб, салкам ўн йилдан буён ишламай, қаровсиз ётган мактабгача таълим муассасасининг янгича қиёфасини кўриб кўз қувнайди.
Бироқ шароит яратилса, имконият берилсаю, кимлардир бунинг қадрига етмаса, ажратилган маблағлардан мақсадсиз фойдаланса-чи? Бу саволлар тумандаги 15- ва 22-мактабгача таълим муассасаларига борганимизда хаёлимиздан бот-бот ўтди. Шовот туман мактабгача таълим бўлимига қарашли бу муассасалар яқинда мукаммал таъмирдан чиқарилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Бироқ муассаса мутасаддилари келажагимиз эгаларининг соғлом ва бақувват бўлиб улғайишини истамайди, шекилли.
15-МТМдаги гуруҳларга кирганимизда тарбияланувчилар эрталабки нонуштага какаони элас-элас эслатувчи ичимлик билан устига творог сурилган нон тановул қилаётган экан. Тушликка қандай овқат тайёрланаётганини билиш учун таомномага назар солдик. Унда кўрсатилишича, нонуштага печенье ҳам берилиши керак экан. Нега берилмаганининг сабабини сўрасак, муассаса ҳамшираси “Болалар аллақачон еб бўлгандир”, деди. Аммо мудира вазифасини вақтинча бажарувчи Муборак Сапаева ҳамроҳлигида 4 та гуруҳга кирганимизда, ҳеч қайси бола печенье егани ҳақида лом-мим демади. Агар болалар еб қўйган тақдирда ҳам, бир-икки бўлак печенье ортган бўлиши керак, дея маҳсулотнинг қолганини кўрсатишларини сўрадик. Афсус, бу сўроғимиз ҳам жавобсиз қолди.
Яна таомномага назар соламиз. Унда бир кунлик овқатга 9 кг гўшт ишлатилиши кўрсатилган. Аслида, давлат томонидан белгиланган норма бўйича мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси учун кунлик гўшт миқдори бир нафар болага 100 гр.дан тўғри келади. Ушбу муассасада жами 150 тарбияланувчи бўлиб, шу куни боғчага 127 нафар бола келган. Шунга қарамай, бу масаллиқ белгиланганидан кам эмасми, деган савол билан ҳамширага юзландик. У елка қисди, мудирнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари эса “Ўзи кам берилади”, дея вазиятдан чиқишга уринди. Гапни чалғитиш учун бизни омборхонага бошлаган мудир ўринбосари “Ҳозиргина янги қатиқ келтиришди”, дея музлаткични очиб кўрсатди. Тирноқ остидан кир қидириш ниятимиз бўлмаса-да, азбаройи болаларнинг саломатлиги учун энг майда нарсаларга ҳам эътибор қаратишга тўғри келади. Шу боис қатиқнинг ишлаб чиқарилган санасини кўриш учун қўлга олганимизда, қопқоғи очилмаган идиш ичидаги қора нарсага кўзимиз тушди. Яхшилаб разм солсак, чивин экан. Боз устига, яроқлилик муддати 72 соат деб кўрсатилган маҳсулотнинг ишлаб чиқарилган санаси ҳам ўчиб кетган. Бу ҳолатдан Шовот туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази раҳбари Мақсад Аҳмедовни хабардор қилдик. Тезда боғчага етиб келган М.Аҳмедов Янгибозор туманидаги “Бобо милк” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган бу сут маҳсулоти истеъмолга яроқлилигини қайта текширувдан ўтказишни айтди...
Яроқсиз ва муддати ўтган маҳсулотни истеъмол қилган бола турли юқумли касалликларга чалинишини фарзанди мактабгача таълим муассасасига қатнайдиган ота-оналар яхши билади. Кун бўйи ишлаб, “Ўғил-қизим ишончли қўлда!” дея кўнгли тўқ бўлиб юрган ота-она кечки пайт уйга қайтиб, дилбандининг ов¬қатдан заҳарлангани ёки бирор касаллик билан оғриганини кўргач, қай ҳолатга тушади?! Ота-она боғчадан қайтган фарзандидан кун бўйи нималар қилганию қандай овқат еганини бежиз сўрамайди. Чунки боғчада қандай овқатлар берилиши ота-онага қизиқ. Шу боис кўпчилик МТМ ошхонасидаги вазиятдан бохабар эмаслигидан норози.
Тумандаги 22-мактабгача таълим муассасаси ҳам мукаммал таъмирдан чиқарилган бўлиб, янги жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Бироқ бу ерда ҳам озиқ-овқат таъминоти яхши ташкил этилмаган. Мудирнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Илҳом Жумаев бизга бирорта ҳам озиқ-овқат маҳсулотининг сифат сертификати ёки юк хатини кўрсата олмади.
Бу муассасада ҳам 150 нафар болажон тарбияланади. Бир ойлик таомномага кўз югуртирганимизда, фақат биз борган куни 10 кг гўшт ишлатилган, қолган кунлари 6—8 кг.дан солингани маълум бўлди. Ахир, бола бошига 100 гр.дан гўшт тўғри келсаю, 150 нафар боладан камида 120 нафари бўлганида, овқатга ишлатилган гўшт 50 гр.дан тушмаслигини математикадан узоқ бўлган одам ҳам билади-ку. “Нега?” деган саволга жавобан ошпазлар “Берганини ишлатамиз”, дея қутулишди.
Ажабланарлиси, биз кўрган таомномаларнинг бирортасида болалар сони кўрсатилмаган. Демак, овқатга солинган 6—8 кг гўшт болаларга қанчадан текканини билиш амримаҳол.
Вазиятга изоҳ беришини сўраб бизга ҳамроҳлик қилган туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Муқаддас Янгибоевага юзландик. У “Барча маҳсулотлар белгиланган нормативлар бўйича тўлиқ етказиб бериляпти, масалани ўрганиб, айбдорларга, албатта, чора кўрамиз!” дея жавоб берди. Ўрганиб ҳам кўрилар, айбдорлар жазоланар ҳам, бироқ шу пайтгача нега бу ҳолат ҳеч кимни ташвишга солмади, нима сабабдан кўриб-кўрмасликка олинди? Давлатимиз томонидан фарзандларимизнинг сифатли таълим-тарбия олиши, соғлом ўсиши учун катта маблағ ажратилмоқда. Аммо шунга қарамай, кимнингдир нафси, масъулиятсизлиги, бошқасининг ўз вазифасига панжа орасидан қараши оқибатида норасидалар жабр тортиши, ризқи қирқилиши инсофдан эмас.
Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини сифатли ва етарли озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш, болажонларга ҳалол ва сидқидилдан хизмат қилиш ҳар бир ходимнинг асосий вазифаси бўлмоғи зарур. Зеро, боланинг ризқига кўз тикканнинг аҳволи бир куни вой бўлиши аниқ.
Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
Давлатназар РЎЗМЕТОВ