6 ёшли бола мактабга тайёрми?
— Қизалоғим, мактабда ўқишни истайсанми?
— Ҳа, буни ойим, дадам ҳам хоҳлашади.
— Унда айт-чи, агар ойижонинг бозордан иккита сумка сотиб олиб, бирини ўйинчоқлар, иккинчисини китоб-дафтарлар билан тўлдирган бўлса, қайси бирини танлардинг?
— Ўйинчоқ тўла сумкани олардим.
Руҳшунос қизалоқнинг жавобини тингларкан, дафтарига “бола мактабга тайёр эмас” деб қайд этиб қўйди. Чунки унинг қизиқиши фақат ўйинчоқлар билан боғлиқ. Болакайнинг ҳали ўқиш-ёзишга, мактабга интилиши, иштиёқи йўқ.
Тажрибали психолог Зебинисо Маъмурова ҳар гал 1-синфга ўқувчиларни қабул қилар экан, улар билан бирма-бир суҳбатлашади. Айниқса, олти ёшли болаларни синчковлик билан имтиҳон қилади. Бу ишга лоқайдлик, эътиборсизлик билан муносабатда бўлиш — бола руҳияти ва саломатлигига жиддий зиён етказишини яхши билади. Жисмонан бақувват, ўқиш-ёзишни аллақачон ўрганиб олгани билан кўпчилигининг янги муҳитга, мактабга кўникиши жуда қийин кечади. Имкониятларига нисбатан кучли бўлган масъулият вақт ўтиб уларнинг айримларини мактабдан, ўқишдан бездиради, айримлари эса тез-тез чарчаб, касалликка чалинувчан бўлиб қолади.
Жорий ўқув йилида Зебинисо опа фаолият юритаётган Бухоро туманидаги 5-мактабнинг 1-синфига 34 нафар бола қабул қилинди.
— 1-синфга қабул қилинаётган ўғил-қизларнинг 28 нафари 7, 6 нафари 6 ёшли, — дейди у жараён ҳақида батафсил тўхталиб. — Низомга мувофиқ, 7 ёшли болалар психологик ташхисдан ўтказилмай, тиббий кўрик хулосаси асосида тўғридан-тўғри 1-синфга қабул қилинади. Олти ёшлилар эса мактаб директори, директор ўринбосари, бошланғич синф ўқитувчиси, ҳамшира ва амалиётчи-психологдан иборат махсус комиссия томонидан кўрикдан ўтказилади. Ихтиёрий диққат ва ўқиш учун зарур бўлган мияда кечадиган кўплаб жараёнлар асосан, 7-8 ёшда, ақлий жиҳатдан ўзиб кетган болаларда олти ёшда ҳам шаклланар экан. Кўрикда ана шундай иқтидорли болаларни саралаб олишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун улар оғзаки саволларга жавоб бериши ва кўргазмали топшириқларни бажариши лозим. Савол ва топшириқлар уларнинг ёши, дунёқарашига мос ҳолда танланади. Қизиқиши, хоҳиш-истаги, ақлий ва руҳий имконияти, тушунча ва тасаввур даражаси ўрганилади.
Болаларни 1-синфга қабул қилиш жараёни янги ўқув йили олдидан ташкил этиладиган муҳим тадбирлардан бири саналади. Шофиркон туманида ҳам бу тадбир сифатли ва самарали ўтказилди.
— Ишни 1-синфга борадиган ўқувчиларни рўйхатга олишдан бошладик,—дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Ҳусен Бозоров. — Туман ҳокимининг қарори асосида ҳар бир мактаб ўзига бириктирилган ҳудудда истиқомат қилаётган болани таълим жара¬нига жалб этди. Бўлимимиз мутахассислари томонидан болаларни мактабга тайёрлашга қаратилган “Болангиз мактабга тайёрми?” мавзусида ота-оналар учун семинар-тренинглар ўтказилди.
Ирода ОРИПОВА