"Ота-оналар университети"
Оила — муқаддас даргоҳ. Уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлаш ҳар биримизга катта масъулият юклайди. Биринчи Президентимизнинг "Юксак маънавият — енгилмас куч" асарида таъкидланганидек, ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимиздир.
Республикамизнинг барча ҳудудларида "Ота-оналар университети" фаолияти самарадорлигини ошириш масаласига бағишлаб ўтказилаётган ўқув-семинарларида ота-она ва фарзанд, оила ва жамият, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги муносабатни мустаҳкамлаш, омма¬лаштиришга арзийдиган тажрибалар, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, таклиф-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида ташкил этилган семинарда "Ота-оналар университети" фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди. Тадбирда Қарши шаҳридаги мавжуд 62 та маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, "Ота-оналар университети" аъзолари, ўқитувчи ва ота-оналар иштирок этди. Сўзга чиққанлар "Ота-оналар университети"нинг ижтимоий-маънавий муҳит бар¬қарорлигини таъминлашдаги ўрни", "Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти", "Фуқаролар йиғинларида "Ота-оналар университети" фаолияти илғор тажрибаларини тарғиб қилиш" каби мавзуларда маъруза қилди.
— Фуқаролар йиғини ҳузурида ташкил этилган "Ота-оналар университети" оилалар фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси, одамлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат фазилатларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади, — дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилоят бўлими ходими Юлдуз Равшанова. — Тузилмамиз томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида муайян ишлар амалга оширилди. Айрим хонадонларда кузатилаётган эр-хотин, қайнона-келин ўртасидаги низоларга барҳам берилди. Ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатни янада мустаҳкамлаш учун давра суҳбати ва учрашувлар ўтказяпмиз. Бу саъй-ҳаракатлар маънавият-маърифат қўрғони бўлган оилани мустаҳкамлайди.
Семинарда "Ота-оналар университети" фаолиятидаги камчиликлар, тизимни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммолар, ота-оналар ва педагоглар ўртасидаги муносабатларни янада яхшилаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
— Иш фаолиятимизга танқидий кўз билан қараб, мавжуд муаммоларга ечим топишимиз лозим, — дейди Қарши шаҳридаги "Маҳоллот" маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги "Ота-оналар университети" раҳбари, фалсафа фанлари номзоди Наргиза Ўроқова. — Дунёда содир бўлаётган қарама-қаршиликлар, турли можаро ва кўнгилсизликлардан хулоса чиқариб, жамиятга хавф солаётган, ёшлар онгини заҳарлашга уринаётган манфур кимсаларнинг бузғунчи ғояларидан огоҳ бўлишимиз керак. Оилада, маҳаллада, умуман, мамлакатимизда соғ¬лом муҳит ҳукм суриши, юрт равнақ топиши учун барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак фойдадан холи бўлмайди.
* * *
Қорақалпоғистон Республикасида "Ота-оналар университети" фаолиятини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ибратга моликдир. Бу ҳақда Нукус шаҳрида ўтказилган семинарда батафсил сўз юритилди.
— Ота-она бўлишнинг масъулияти катта, — дейди Нукус шаҳар "Маҳалла" хайрия жамоат фонди бўлими бош мутахассиси Узипа Қалмуратова. — Фарзанднинг қандай инсон бўлиб улғайиши ота-онага боғлиқ. Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини ошириш мақсадида ташкил этилаётган ҳар қандай тадбир натижасиз қолмайди. "Ота-оналар университети" аъзолари таркиби ҳуқуқшунос, тиббиёт ходими, психолог, педагоглардан иборат. Тузилма фаолияти самарадорлигини ошириш учун уларнинг ҳар бири ўз таклифларини беради. Оилада ва жамиятда соғлом турмуш тарзини таъминлаш, фарзанд тарбиясида ота-оналар малакасини ошириш учун бу мутахассисларнинг тавсия¬ларидан фойдаланишимиз керак.
Семинарда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўқитувчиси, психолог Мийўагул Жолимбетова, Ақманғит посёлкаси "Ота-оналар университети" раиси Светлана Жуматованинг фикр-мулоҳазалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
Несибели МАМБЕТИРЗАЕВА,
"Ma’rifat" мухбирлари