Бунда шуъла сочар орзулар кўпроқ...
Болага ҳайрат улашмоқ ҳам саодат. Аслида, ҳайрат – табиатнинг беназир ижоди. Марварид мунчоқ томчилар, қиров қўнган далалар, ер юзини қоплаган оппоқ гилам, ариқдаги муз ойналар, тарнову дарахтларда шоҳи пардадек осилиб турган сумалаклар, изғирин дегани на бир қўл, на мўйқаламга тутинмай деразага солган нуқрадек нақшлар... Булар ҳайратдан ҳам кўпроқ юракка зўр истак чўғини ташлаган шоҳ асарларга ўхшаб кетади. Уларнинг-да барини ўзида жамлаган яхлит композиция бу – Янги йил арчаси!
Пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонида байрам тантаналари авжида. Махсус барпо этилган саҳнада Ўзбек миллий академик драма театри актёрлари ижросида “Янги йил совғаси” номли эртак-саргузашт томошаси намойиш этилмоқда. Насриддин Афанди, Эгривой, Зумрад ва Қиммат, Шум бола каби қаҳрамонлар иштирокидаги қизиқарли воқеаларга бой ушбу томоша майдонга ташриф буюраётган ёшу қари — барчага бирдай қувонч улашаётир.
— Боланинг кўзларидаги завқ шунчалар беғубор, ёқимлики, ўзга ҳеч нимани унга қиёслаб бўлмаса керак, — дейди Ўзбек миллий академик драма театри актёри Ҳамза Ҳасанов. — Мен “Янги йил совғаси”да Эгривойни ижро этарканман, шуни ҳис қилдим. Бу қаҳрамон болажонларни эгриликнинг ёмон оқибатлари, тўғри йўл ҳамиша муродга етказиши ҳақида хулоса чиқаришга ундайди.
Арча атрофидаги турли аттракцион, мўъжаз ўйингоҳларни болалар қий-чуви, шодон кулгуси тутиб кетган. “Чодиржамол” қўғирчоқ томошалари миллий анъана ва қадриятларимизни ўзида акс эттирмоқда. Боболару бувилар эса набираси тимсолида, унинг ҳар битта қилиғи, ва ҳатто хархашаси мисолида ўғил-қизини кўраётгандай тўлқинланиб кетаётир.
Ана, ўйинчоғу ширинликлар сотилаётган раста ёнида бобонинг набираси қуён сувратли пуфакни бандидан ушлаб олди. Қўйиб юбормайди, десангиз. Бобонинг кампири эса: “Ўғлимиздай маҳкам-эй, боваси!” деб қўяди.
— Данагидан мағзи ширин дейишгани рост экан, — қўлида набирасини кўтариб олган Холида опа Алиеванинг байрам таассуротлари янада чексиз. — Эъзоза биринчи набирам. Ўзим кўп йиллар Чилонзор туманидаги 439-мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб ишлаганман. Боланинг соғлом муҳитда ўсиб-улғайиши, яхши-ёмонни, оқ-қорани фарқлашида бундай томошаларнинг ташкил этилиши айни муддао. Олдин тарбиячи сифатида болажонларга эртак айтган бўлсам, энди уларни Эъзозамга сўзлаб бераяпман.
Майдонга ўрнатилган улкан мониторни том маънода эл ғайрати ҳикоячиси, дейиш мумкин. Бунда жамиятимизнинг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари, шаҳар ва қишлоқларнинг бетакрор қиёфаси акс этган лавҳалар намойиш этилаётир.
— Ўйлашимча, янги йил — ўтган бир йиллик вақт сарҳисоби, янги орзулар ва янги режаларнинг бошланиш мавриди, — дейди Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети талабаси Улуғбек Раҳмонқулов. — 2015 йил мен учун ижодий муваффақиятларни туҳфа этгани билан ҳам эсда қоларли бўлди. “Холис назар”, “Кўзгудаги биз” кўрсатувлари орқали долзарб масалаларни ёритишга ҳаракат қилдик. Йил якунида эса “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг фаол ёш журналисти” танловида 2-ўринни қўлга киритдим. Бундай рағбатлар биз каби ёшларни ижодий изланишларга ундайди.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ўзбекистон бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган байрам шодиёналари пойтахтимизнинг кўплаб маданият ва истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонларида давом этаётир.
Кўринг, “Эртаклар шаҳарчаси” оқшом чоғи ёрқин чироқлар, лазер ва ионли безаклар билан ўзгача товланмоқда. Бунда ён-атрофга ёғду сочаётган шуълалар чироғу безакдан эмас, орзули кўзлардан таралаётгандай туюлиб кетади.
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
“Ma’rifat” мухбири