Ёлғизлик ва бахт вазирлиги бор экан...
Савол: Буюк Британияда Ёлғизлик, Бутан давлатида Бахт вазирлиги бор экан. Уларнинг асосий вазифаси нимадан иборат?
Муҳаммаджон ХЎЖАЕВ, ЎзДЖТУ талабаси
Жавоб: Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй ёлғизлик вазири лавозимини жорий этгани тўғрисида интернет манбалари маълумот беради. Янги лавозимни спорт ва фуқаролик жамияти масалалари ўринбосари Трейси Крауч эгаллади. У ёлғиз инсонлар билан боғлиқ сиёсат учун жавоб берувчи ҳукумат гуруҳига раҳбарлик қилади. Мутахассислар мамлакатда “ёлғизлик эпидемияси” авж олганидан хавотирланмоқда. Британиянинг 65,6 миллион аҳолисидан 9 миллиондан зиёдроғи ўзини ёлғиз ҳис қилади. Вазирлик айнан қандай ишлар билан шуғулланиши маълум қилинмаган, бироқ у ёлғизлик бўйича комиссия билан ҳамкорлик қилади.
Бутан — сайёрамиздаги Бахт вазирлигига эга ягона мамлакатдир. Бутан ҳукуматининг асосий мақсади ҳар бир фуқарони бахтли қилишдан иборат. Бу мамлакат Конституциясининг 9-бандида кўрсатилган. 2008 йил 24 август куни мамлакатда “Умумхалқ бахт комиссияси” (Gross National Happiness Commission) ташкил этилган бўлиб, бунга мамлакатнинг ҳар бир фуқароси хайрихоҳлик билдирган.
“Ялпи ички маҳсулот”, деган тушунча Бутанда “ялпи миллий бахт” деган ибора билан ўзгартирилган.
Зиёдахон АЗИМОВА, педагогика фанлари номзоди, доцент