Қамров қандай оширилди?
“Баркамол авлод” болалар марказлари фаолияти самарадорлигига кўра, 2016-2017 ўқув йилида 211 та муассаса орасида Наманган ва Фарғона вилояти техник ижодкорлик йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллади. Бунинг сири нимада?
Наманган вилояти мактабдан ташқари таълим муассасаларининг ўтган ўқув йилидаги фаолиятини таҳлил қилиб, бу саволга жавоб топиш мумкин. Вилоятда 13 та “Баркамол авлод” маркази мавжуд, икки йил ичида техник тўгаракларга жалб этилган болалар сони 1727 нафардан 2025 нафарга (17 фоиз), тўгараклар сони 58 тадан 70 тага (21 фоиз), педагог ходимлар сони 71 кишидан 86 нафарга (21 фоиз) ошган. Ногирон, кам таъминланган оила фарзанд¬лари ва тарбияси оғир ўсмирлар билан олиб борилган тарбиявий ишлар ўз натижасини берди. Тўгаракка қатновчи имконияти чекланган болалар сони 2 нафардан 16 нафарга, тарбияси оғир болалар 3 нафардан 18 нафарга кўпайди. Уларнинг халқаро ва республика тадбирларида қатнашишига имконият яратилмоқда.
Марказда методист ва тўгарак раҳбарлари томонидан тайёрланган услубий қўлланма ва тавсиялар сони 28 тадан 41 тага кўпайди. Инновацион ғоялар асосида яратилган ижодий иш(кўргазма)лар 15 тадан 30 тага ошди.
Вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази бош муассаса бўлгани боис, 13 та марказ фаолиятини тўлиқ таҳлил қилиб, ютуқ ва камчиликларни аниқлаб боради. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида марказ методистлари туманларга услубий кўмак кўрсатиш учун бириктирилмоқда. Барча марказлар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва услубий адабиётлар билан таъминланган. Норин, Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманидаги марказлар учун компьютер техникаси харид қилинди. Ўқувчилар компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида “Ёш дастурчи”, “Компьютер саводхонлиги” ва “Компьютер графикаси ва дизайн” тўгараклари ташкил этилди. Хоналарни жиҳозлаш, хомашё билан таъминлашда вилоят ҳокимлиги, молия бош¬қармасининг ёрдами катта бўлди.
Педагог ходимлар мунтазам ўз касбий малака ва кўникмасини ошириши сифат ва самарадорлик гаровидир. Улар учун семинар, маҳорат дарслари ўтказиб бормоқдамиз. Чуст туманида “Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда техник ижодкорлик йўналишидаги тўгараклар роли”, Минг¬булоқ туманида “Марказ услубчиларига методик ёрдам ва муаммолар ечими” мавзусида ўтказилган семинар мураббийлар ўртасида ижодкорлик муҳитини яратди. Чуст туманидан методист М.Маҳкамов “Бошланғич техник моделлаштириш, робототехника ва элек¬трон ўйинчоқлар йўналишидаги тўгаракларни ривожлантириш омиллари”, мониторинг бўлими мутахассиси Б.Юнусов “Техник ижодкорлик йўналишидаги тўгарак хоналарини жиҳозлаш ва хомашёдан самарали фойдаланиш” мавзусида семинар ўтказиб, ҳамкасбларимизни қийнаётган масалалар ечимини ҳавола этди.
“Соддаликдан мураккабликка, қуйидан юқорига” тамойилига асосланган ҳолда, сўнгги икки йил мобайнида оммавий тадбирларнинг ҳудудий босқичларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Тадбирнинг туман(шаҳар) босқичини юқори даражада ташкил этиш, иқтидорли болаларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш масъуллар томонидан мунтазам назорат қилинади.
Вилоят босқичи ғолибларидан шаклланган жамоага кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиши ва ғолиб бўлиб қайтиши учун зарур услубий ёрдам берилди. Пухта тайёргарлик натижасида ғолиблар сони икки йилда 6 нафардан 14 нафарга кўпайди.
2017 йил 8 августда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Йилнинг энг ёш ихтирочиси” республика кўрик-танловида Чуст туманидаги 6-мактаб ўқувчиси А.Комилов “Робототехника ва электрон ўйинчоқ” йўналишида 2-ўринни, Норин туманидаги 40-мактаб ўқувчиси Р.Маҳмудов “Ёш конструктор ва ихтирочи” йўналишида
3-ўринни эгаллади.
Туман ва вилоят бос¬қичларида иштирок этган 155 нафар ўқувчига бу ўқув йилида омад кулиб боқишидан умидвормиз.
“Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт маркази томонидан 2017 йилнинг 14-15 ноябрь кунлари ўтказилган “Орзумдаги робот” республика сиртқи танлови ёшлар салоҳиятини юзага чиқариш, ҳаётга татбиқ этиш мумкин бўлган ғояларни қўллаб-қувватлаш имконини берди. Туман ва вилоят босқичларида 364 нафар ўқувчи иштирок этиб, республика босқичида кўплаб ўқувчиларимиз ғолибликни қўлга киритганидан фахрланамиз.
“Болалар техник ижодкорлиги” фестиваль-танлови ноёб истеъдод эгаларини аниқлаш, саралаш ва уларнинг инновацион ғояларини юзага чиқариш мақсадида ўтказилади. Кўрик-танловнинг туман(шаҳар) ва вилоят босқичларида 386 нафар ўсмир иштирок этиб, ғолиблардан бир гуруҳи республика босқи¬чига йўлланма олди. “Робототехника ва электрон ўйинчоқ” йўналишида Наманган шаҳридаги 79-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Х.Жамолиддинов, “Кемасозлик” йўналишида Норин туманидаги 10-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Қ.Жамолиддинов фахрли 1-ўринни эгаллади.
Ҳаётхон МАМАТОВА,
Наманган вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази директори