Елкадаги тоғ ерга қуласин, юракларгамас...
Эски муаммо...
Ўтган аср бошларида миллий маданиятимиз равнақи йўлида бел боғлаган жадид боболаримиз миллатни юксалтиришнинг энг асосий омили — халқнинг турмуш тарзи, дунёқарашини ўзгартириш, одамларни замонавий фикрлашга ўргатиш, деган хулосага келган. Улар ўз эзгу режаларини амалга оширишда миллий урф-одатлар, анъана ва маросимлар масаласига муҳим иқтисодий, сиёсий, маърифий масалалар қатори алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Атоқли ўзбек адиби, тарихчи, тилшунос, шоир Исҳоқхон Ибрат: “... Ҳали ҳам биз ўз динимизга ҳаракат қилмай, ақча топсак, ҳою ҳавас, овлоқ тўйларга ўн минг сўм беҳуда исроф қиламиз”, дея халқни машаққат билан топилган маблағни бемаъни орзу-ҳаваслар учун эмас, фарзандларнинг илм-ҳунар эгаллаши йўлида ва бошқа хайрли ишлар учун сарфлашга даъват этган. Жадид адабиётининг етук вакили Чўлпон “Садои Фарғона” газетасида “... илгари вақтларда бундоғ беҳуда исрофлик тўйлар ҳам бўлмас...”, дея оммани йиғилган бисотини миллат равнақи йўлида харж этишга чақирган эди. Шулар самараси ўлароқ, Туркистон мусулмонларининг съездида “Шўрои Исломия” ташкилотининг тўй ва маъракаларни тартибга солиш тўғрисидаги қарори муҳокама қилинади. Бу қарор “Нажот” газетасида эълон қилинган. Унда қуйидагилар баён этилади: “Биринчи: жаноза куни имом ва уламоларга йиртиш ва чопонлар улашмоқ, қариндош-уруғларга қора кийимлардек нимарсалар бермоқ, ювгувчи ва отинларга ижро хизматларидан зиёда ҳар хил кийимлар бермоқ, отунлар келиб товуш чиқариб ўқумоқ, садр қилмоқ ... каби одатларнинг тақиқланиши.
Иккинчи: қиз тўйларида совчигарчилик, фатир, кичик тўй, қозон қайтариш, катта тўй, базм исрофлари ва юзкўрар, ҳайитларда мол ёйиб келин кўрмоқ, қиз оши бермоқ ва никоҳ кунларида илончилар ўйнатмоқ, ёр-ёр айтмоқ, хотунларнинг ҳар бирига алоҳида нон ва ошлар торт¬моқ, тўққиз-тўққиз, сандуқларда чиқиб кетатурғон кўрфа (кўрпа) ва фок (пок) кўрпалардек фойдасиз моллар, кўчалардин сиёча кўтариб ёки ароба ва тўйларга ғалла ва бошқа хил нарсалар ортуб тўй юбормоқ, қиз олардаги қалин олмоқ ва шунга ўхшаш исрофот ва бидъатлар билкуллия мамнуълиги...
Учинчи: ўғил тўйида атрофдаги маҳаллалардан одамлар чақириб, ош бермоқ, улоқ бермоқ, хотун ош бермоқ, хатна қилинадурғон болаларга кўча ба кўча саргардон қилуб оқча йиғмоқ ва шуларга ўхшаган исрофлар билкуллия мамнуълиги...” (У.Қорабоевнинг “Ўзбек халқ байрамлари” китобидан олинди). Хуллас, ҳукумат тўй-маърака ва бошқа оилавий тадбирларнинг икир-чикиригача меъёрни белгилаб беришга мажбур бўлади.
Тўй абадий мавзу(ми)?
Адабиётимизда дабдабали тўй орқали шуҳрат қозониш орзуси ва унинг салбий оқибатлари тасвирланган асарлар талайгина. Жумладан, Муқимийнинг “Тўйи Иқонбачча”, Абдулла Қодирийнинг “Тўй”, “Бахтсиз куёв”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана”, Шуҳратнинг “Беш кунлик куёв”, Нусратилла Қудратилланинг “Тўй”, Саид Аҳмаднинг “Куёв”, Пиримқул Қодировнинг “Кайф” каби асарларида шу мавзу қаламга олинган. “Маҳаллада дув-дув гап”, “Учрашув” каби фильмларимизда ҳам тўйларни ўтказиш билан боғлиқ саҳналар учрайди. Халқ оғзаки ижодида тўй-маросимларга бағишланган алоҳида мақоллар туркуми мавжуд. Демак, бу мавзу кўпдан буён кундалик ҳаётимизнинг бош мавзуси ва муаммосига айланиб улгурган.
Базм-томоша, дабдаба
Бизгача етиб келган энг қадимий туркий тошбитикларда ҳам (V-VI асрлар), туркий халқларнинг қомусий асари “Девону луғотит турк”да ҳам (XII аср), халқ достонларида ҳам тўй билан боғлиқ қайдлар учрайди. Фақат туркий халқлар эмас, дунёнинг деярли барча халқларида тўй қадимий анъаналардан ҳисобланади. Бу сўзнинг этимологияси никоҳлаш, хатна қилиш билан боғлиқ амаллар бажарилганлигини эълон қилиш, халққа билдириш мақсадида яқин атрофдагиларни чорлаб зиёфат бериш, тўйдириш, таомлантириш маънолари билан боғланади. Луғатлардаги тўй сўзига изоҳларнинг аксариятини “базм-томоша билан зиёфат бериб ўтказиш” тушунчаси умумлаштириб туради:
“Кўпинча базм-томошалар билан зиёфат бериб ўтказиладиган баъзи маросимларнинг умумий номи” (Н.Мирзаев. “Ўзбек тили этнографизмларининг изоҳли луғати” (“Фан”, 1991 йил, 87-бет).
“Базм-томоша ва зиёфат билан нишонланадиган халқ маросимларининг умумий номи” (ЎзМЭ. 2004 йил, 8-том, 699-бет).
“Уйланиш, турмушга чиқиш, хатна қилиш ва бошқа муносабатлар билан зиёфат бериб, базм-томоша билан ўтказиладиган халқ маросимларининг умумий номи” (Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 2008 йил, 4-том, 229-бет).
Ким кафолат беради?
Халқ — урф-одатлари, тили, дини, тарихи билан халқ. Уларни халқнинг ўзи яратади. Миллий урф-одатлар йиллар давомида тараққий этади. Бугун ҳаёт суръати мисли кўрилмаган даражада ўзгармоқда. Агар тўйларимиз шу зайлда мураккаблашиб, оғирлашиб бораверса, унинг одамларни бездирмаслиги, ортиқча сарфларга бардош беролмай, никоҳсиз, тўйсиз оила қуриш ҳолатлари (бу аллақачон кузатиляпти!) урчиб кетмаслигига ким кафолат беради?!
Тўй эгаларининг кўнглини олиш учун ҳеч бўлмаганда икки-уч кунлик ишдан, тирикчиликдан қолишга тўғри келади. Қаттиқ тартибдаги ташкилот, корхонада ишлайдиганлар камида “одамгарчилиги йўқ”қа чиқади! Бир нарсани унутмаслигимиз керак: “қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериш” худди учар гиламлар сингари фақат эртаклардагина учрайди, эртакдаги ҳамма нарсани эса ҳақиқатга айлантира олмаймиз!
Мақсад — эҳсон
Тўйни ҳеч ким, ҳеч замонда тақиқламаган. Зотан, динимизда никоҳ асосида оила қуриш, хатна қилишдек муборак суннат амаллар бажарилганда дастурхон ёзиш эҳсоннинг бир шакли сифатида қадрланади.
Тўй — эҳсоннинг бир шакли. Эҳсон эса пинҳона қилинганда Оллоҳга кўпроқ манзур бўлиши айтилади манбаларда. Шундай зотлар борки, уларнинг хайрли ишларини фақат Оллоҳ ва ўзларигина билган. Ҳар қандай дабдабали тўйнинг довруғи ҳам, нари борса, тўй эгасининг вафотигача эсланади. Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида ёзилишича, ҳижрий 906 йил бошларида (1500 йилнинг август ойида) Ҳирот шаҳри ва унинг атрофидаги аҳолидан зарур харажат учун 100000 динор кепакий ундириш ҳақида ҳукумат томонидан фармон чиқарилади. Ушбу маблағнинг 50000 динори булукот деҳқонлари ва молдорларидан ундирилиб, қолган қисмини хонадон бошига сочиш йўли билан Ҳиротда истиқомат қилувчилардан йиғиш режалаштирилади. Бу режа Ҳазрат Алишер Навоийга етказилади. Буюк амир: “Бу фурсатда халқ устига ўринсиз солиқ солишни олий даражали соҳибқирон давлатига муносиб кўрмаймиз”, дейди ва шу вақтнинг ўзидаёқ зарур маблағни шахсий ҳисобидан бериб юборади. Халқнинг чексиз раҳмати ҳамда дуосига сазовор бўлади.
Буюк адибнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Исроф қилиш — сахийлик эмас; ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демас. Ҳалол молни куйдирганни девона дейдилар. Кимки халққа кўр¬сатиб эҳсон берса, у пасткаш. Тилагандан сўнг бериш ҳам саховатдан йироқ”, дейилади. Навоий наздида сўрамагунча бермайдиган, бировдан олиб, нопок йўллар билан давлат топиб, эҳсон қиладиган, муҳтожлигига эмас, мартабасига қараб муомала қиладиган (бундайлар кундузи қуёшга ёрдам бераман деб шам ёқадиган кимсаларга ўхшатилади) одам сахий эмас.
Сарпо бахт келтирмайди
“Оммавий маданият” миллий маданиятимиз уфуриб турадиган ўзбекона тўйларга ҳам ўзининг ҳаддан ташқари очиқ келинлик либослари, турли мусиқалари, “love story” каби динимиз, турмуш тарзимиз, менталитетимизга ёт кўринишлари билан суқилиб кирди. Натижада тўйларимизда миллий руҳ йўқолиш арафасига келиб қолди.
Назаримда, бугун тўйларни ташкил этиш билан боғлиқ мувозанат анча издан чиққандек. Ҳозир никоҳ тўйларида куёвга сарпо қилиш, уйини жиҳозлаш, кунда келадиган совчиларни зиёфат қилиб, бош-оёқ сарпо билан кузатиш мажбуриятлари келин томонга юкланмоқда. Аксарият ҳолларда келиннинг куёв ва унинг қариндош-уруғига қилган сарполари, сепидаги камчилик билан боғлиқ машмашалар келиб чиқмоқда. Катта қарз эвазига қизини узатиб, кейин олган қарзларини тўлай олмай, эру хотин ўртасида жанжал чиқиб, 20—25 йиллик оиланинг бузилиб кетганига гувоҳ бўлганман. Қолаверса, “кам бўлмай” қабилида тўй қилиш учун маблағ топаман деб хорижга кетиб ногирон, касалманд бўлиб қайтаётганлар, ҳатто шу тўйга етолмай оламдан ўтаётганлар йўқми?!
Орзу-ҳавасни дабдаба, ҳашаматда деб билган кишилар бир ҳақиқатни англаб етиши даркор: ҳалол меҳнат эвазига топилган пул бундай осон совурилмайди. Оқил, иймони бутун одам маблағини ўринли сарфлашни билади.
Тўй шахсий иш эмас
Тўй — бизнинг шахсий ишимиз эмас. Кўпдан кам бўлмай қабилида ўтказилган ҳашаматли тўйнинг оқибатлари туфайли кўнгилсизлик келиб чиқса, бу фақат шу оиланинг мусибати бўлиб қолмайди. Оила — жамиятнинг бир бўғини. Унинг таназзули жамият, миллат таназзули, демак.
Азалдан келин — бировнинг жондан азиз фарзанди куёв томондан сов¬чи воситасида сўралган. Келин томон маъқул кўрса, келин учун давр мутасаддилари томонидан белгиланган маҳр (баъзан қалин пули, сут пули, кўрмана каби номлар билан юритилади), кийим-кечак, тақинчоқлар, ота-онасига совға-салом, яқинларига зиёфат бериб тўй ўтказилган. Мана, бизнинг урф-одатларимиз. Бугунги тўйлар шуҳратпараст¬лик, манманлик, кибр, ўз-ўзини кўз-кўз қилиш воситасига айланиб қолмаяптими? Модомики, тўй миллий маданиятимиз, маънавиятимизнинг бир бўлаги экан, уни ўз манфаати йўлида бачканалаштириш, мураккаблаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Бугун дунёнинг қайсидир мамлакатларида очарчилик туфайли одамлар қирилиб кетяпти. Қанча-қанча мамлакатлар иқтисодий таназзулга юз тутмоқда. Унутмайлик, Оллоҳнинг неъматидан ҳамма бирдек баҳраманд эмас. Неъматнинг қадрига етайлик, шукр қилайлик. Атрофда юз бераётган мудҳиш воқеаларнинг бизга сира дахли йўқ деб хотиржам бўла олмаймиз. Бу хавф фарзандларимизни, яқинларимизни ўз домига тортиши учун масофанинг узоқлиги, чегараларимизнинг мустаҳкамлиги кифоя қилмайди. Биз яшаётган асрда ҳамма соҳа тараққий этган, жумладан, миллатни маҳв этиш усуллари ҳам.
Шундай экан, жамиятда кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш жараёни кетаётган бир пайтда тўйларни ҳам замонга мувофиқлаштириш — уни ўзига хос қисқа муддатли байрам тарзида нишонлаш, анъанавий, зерикарли ирим-сиримлар, андозалардан чекиниб, янгича, ихчам тус бериш, сарфланадиган ортиқча маблағларни тежаб, ёшларнинг келажагига йўналтириш вақти келди. Халқимиз “Тўйлар қилиб, елкангдан тоғ тушсин”, “Ҳалолдан топганинг тўйингга буюрсин” каби эзгу тилаклар билдиради. Демак, тўй — “елкадаги тоғ”, тўйдан сўнг чиндан ҳам шу тоғ қуласин, халқнинг яхши куни рамзи бўлган тўй — тўйга ўхшасин. Эртага у мудҳиш кун, кўнгилсиз хотира бўлиб эсланмасин!
Башорат БАҲРИДДИНОВА,
Қарши давлат университети доценти, филология фанлари номзоди